ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ НАФСНИ БИЛИШ ВА УНИ ТАРБИЯЛАШ ХУСУСИДА
Ҳаким Термизий (820–932) ислом тарихи, тасаввуф ва фалсафада, “илмун-нафс”- нафс илми тушунчасини киритган ва шу масалага катта эътибор қаратган мутасаввиф ҳисобланади. Нафс инсон борлиғининг муҳим томонини ташкил этади. Нафс бу инсоннинг ўзлиги, “менинг ўзим” дегани. Нафс – руҳ қолипи. Нафс бу фақатгина еб-ичиш, кийиш эмас, балки у жоҳиллик, илмсизлик, манманлик, дунёпарастлик, ўғрилик, тамагирлик, порахўрлик, ҳасад, бахиллик, мансабпарастлик, шаҳват, ғазаб, хасислик, риёкорлик, золимлик, раҳмсизликдир.
Ҳаким Термизий инсоннинг ботиний оламини махсус тарзда ўрганган йирик мутасаввифдир. У нафс тушунчасини таҳлил этиб, бу борада “Макрун нафс” (Нафс макри), “Адабун нафс” (Нафс одоби), “Риёзатун нафс”, “Наводирул усул” каби асарларни ёзган. Шу билан бирга, унинг “Масоил Ал-макнуна”, “Бадв уш-шаън”, “Ғоврул умур”, “Маърифатул асрор”, “Масоил аҳли сарахс”, “Ал имсол минал китоб сунна” ва бошқа асарларида нафс ва унинг тарбиясига эътибор берилган.
Ҳаким Термизий нафсни билиш ва уни тарбиялашда: ақл, сабр, қаноат, рўза, тавба, ҳалоллик ва покликни асосий феноменлар сифатида талқин қилади. Мутасаввиф нафс ва уни тарбиялаш ҳақида фикр юритар экан, фалсафанинг қонун ва категорияларига асосланганини кузатиш мумкин.
Ҳаким Термизий ҳавойи нафс ҳақида фикр юритар экан, ҳавойи нафснинг асли шайтон измига бўйсуниб ва Раҳмонга итоатсизлик қилиб, нафснинг Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган нарсалар учун ҳаракат қилишидир. Унинг иши шаҳватларга эргашишдир. Ҳавойи нафснинг зидди–ақл, яъни соғлом ақл эканини эътироф этган [1:68].
Ақл нафсни ҳавойи истакдан тўсиб, қайтариб туради. Унинг ҳаракати яхши ва ёмонни билиш, чиройли фарқлашдир. Агар ақл қалб билан боғланса уни Аллоҳга етказади. Ақл икки хил бўлади: [1:47-48] биринчиси: ҳужжат, яъни далил ақли бўлиб, жойи мияда, aқлнинг нури қалбга йўналади. Иккинчиси: каромат ақли бўлиб, ўрни ғойибда. Унинг нури ва салтанати қалбда бўлади. Каромат ақли икки нав бўлади: Табиат ақли ва тажриба ақли. Шоир айтганидек, ҳар иккиси манфаат беради:
“Ақл борки, у табиий ақлдир,
Ақл борки, у сунъий ақлдир.
Сунъий ақл бермайди фойда,
Агар табиий ақл бўлмаса.
Қуёш ҳам наф бермагандай,
Уни кўзлар кўрмаганда”. [1:47-48]
Ҳаким Термизий биринчи ақл далил ул-ҳужжат ақли бўлиб у аҳмоқликни кетказишга хизмат қилади. Унинг иши дунё ишларини чиройли юритиш ва охират амалларига юзланишдир. Иккинчиси каромат ақли босқичида унга неъматларни кўриш ва нафсидан воз кечиш йўли билан эришилади.
Мутасаввиф нафсни жиловлашда ақл қўллайдиган энг самарали қурол сабр ва қаноат эканлиги, деб кўрсатади. Унингча, ҳар қандай ижтимоий қийинчиликлар, жисмоний азоб-уқубатлар, руҳий тушкунликларнинг давоси ва бартараф этиш воситаси сабр-тоқат ва қаноатдир. Сабр-тоқат туфайли жисмоний азоб-уқубатлар лаззатга айланади, ижтимоий нуқсонлар бартараф бўлади. Сабр ва қаноат инсонни соғломлаштиради.
Ҳаким Термизий сабрни қуйидагича талқин этадилар: Сабрнинг асли бир нарсага чидаш ёки бир нарсадан ўзини тийишдир. Унинг иши Аллоҳ таоло ва Расули хуш кўрган нарсаларга собитликдир. Сабрнинг зидди сабрсизликдир [1:62]. Демак, Ҳаким Термизий инсон ҳавойи нафсни енгиши учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини тийишликни ва чидам орқали мақсадга эришишни изоҳлаб, ҳар қандай чидам ва сабр Аллоҳ таоло ва Расули хуш кўрган нарсаларга собитлик билан эргашиш ҳавойи нафсни енгишнинг асосидир, деб таъкидлайди.
Мустамлий Бухорий (вафоти 1043) “Шарҳ Aт-таъарруф ли-мазҳаб ат-тасаввуф” (“Тасаввуф йўлини билиштириш” асарига шарҳ”) [2:232] китобида Ҳаким Термизийнинг сабр тўғрисидаги қуйидаги фикрларни келтиради: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ. У: (Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз”, – деган оят тўғрисида шундай дейди: “Сабр танни хокисор қилади ва намоз қалбни юмшатади. Бу дунё ва у дунёнинг яхшилиги ва ана шу икки нарсададир”[2:232].
Мутасаввиф қаноат ҳақида фикр юритар экан, қаноатнинг асли нафсига берилган насиба билан кифояланиш еканлигини айтди. [1:67] Унинг кўриниши тоат-ибодатга юзланиш ва одамлардан деярли беҳожат бўлишдир. Демак, қаноат кифояланиш, берилган насибага шукроналик қилиш, тоат-ибодатга юзланишдир.
Қаноатнинг зидди – хирс, яъни тўймаслик, қониқмасликдир. Демак, Аллоҳ таолога нафсини бўйсундириши тоатнинг асли ҳисобланади. Тоат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлса, банда нафсига етган мусибатларга парво қилмайди. Хуллас, сабр-қаноат, тоат туфайли жисмоний азоб-уқубатлар лаззатга айланади, нуқсонлар бартараф этилади.
Сабр қилувчи инсонларни Ҳаким Термизий қуйидаги тоифаларга бўлади. 1. Собир – яъни сабрли, сабрига содиқ киши. Сабр этувчи (собир) ўзини бало гирдобига солиб, балолардан қўрқмайдиган инсондир; 2. Саббор – ўта сабрли кишидир.
Тасаввуфда нафс сабр оркали жиловланади, тоатдан ҳаловат топиш хам сабр билан боғликдир. Ҳамма тариқатлар замирида сабр асосий ўрин эгаллайди ва Аллоҳга етишиш йўлидаги қийинчиликлардан фақат сабр кўпригидан ўтилиши таъкидланган. Сабр – етук жавонмардлик ва жасоратни ифода этади. Хар бир саъй-ҳаракат, муваффақият, муаммою ташвишларидаги улушларининг катта-кичиклиги сабр-бардош ва тоқатига қараб белгиланади.
Ҳаким Термизий сабр қилувчи кишининг ҳар бир ишида олтита сабрли хислат борлигини эътироф этади [3:37]:
- Аллоҳга муҳаббат ва Аллоҳ таолонинг сабрлиларни севиши
- Собир инсоннинг ҳар бир нарсада Аллоҳни муҳаббатини кўриши.
- Аллоҳ таолонинг сабр қилувчига берган каромати. Чунки у Исломга тўлиқ амал қилувчи комил банда бўлиб, ўшал вақтда (бало билан имтиҳон қилинган пайтда) ўз нафсини ва молини Аллоҳ таолога топширади.
- Аллоҳ таолонинг собир бандани мағфират қилиши.
- Собир банданинг Аллоҳ раҳматига сазовор бўлиши.
- Собир банданинг Аллоҳ ҳидоятига эришиши.
Демак, Аллоҳ Таоло сабр қилган кишининг ишига хайр-у баракот беради. Саббор инсон нафсни енгиб, уни жиловлаган ҳисобланади ва нафс васвасасига учмайди.
Ҳаким Термизий нафс масаласи ҳақида фикр юритиб меъёрга махсус эътибор беради. Унингча, нафснинг шаҳвоний ҳавасларини очлик йўли билан тарбиялаш мумкин. Инсоннинг бошига катта хавф нафсининг бузуқлигидан, еб-ичиш ҳирсидан юзага келади. Уларнинг барчасига фақат сабр орқали эришилади. Ҳаким Термизий фикрича, рўза тутиш бу нафсни жиловлашдир. Рўза банда билан Раббисининг ўртасидаги сирдир. Бу ҳам бўлса бандани таомдан, шаробдан ва жимодан кечгача ўзини тийиб турмоқликка азму қарор қилишдир. Бандани бир нарсадан ўзини тийиши рўза – “совм” деб аталади. Рўза тутувчи инсон ҳар бир соатда таом, шароб ва ман қилинган бошқа нарсаларга шаҳвати келиб, хархаша қилиб тураверади. Банда ўз шаҳватини қайтариб, нафсига қайтариш аччиғини тоттиради. Бу банданинг ўша шаҳватига нисбатан соат сайин сабр янгиланиб боради. Шунинг учун “Сабр қилиб рўза тутувчи” – дейилади. Чунки рўза тутувчининг нафсида ҳар бир шаҳват қўзғалган пайтда ва ўша шаҳватдан ўзини тийган пайтида сабри янгиланиб туради. У қилган назрига вафо қилиб собит туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Рўза Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман”, – деди. Чунки инсоннинг қўриқчи фаришталари ҳам рўза тутган-тутмаганини билмай қоладилар. Бу нарса банда билан Раббисининг ўртасида бўлади.
Мазкур сабр ва ўша шаҳватлардан хархашаси фаришталардан яширин бўлса, уларга бунга бериладиган мукофотнинг қанчалигини билиш ҳам махфийдир. Бу мукофотга Аллоҳ таолонинг Ўзи бандаси учун кафилдир. Чунки шаҳват хархаша қилаверса, банда азму вафосида барқарор бўлаверади, ҳар бир қилган азму саботида янги савоб олаверади. Шунинг учун ҳам Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўзадан бошқа амалларнинг ҳар бирига ўндан етти юзгача савоб берилади” [3:134] , – дедилар.
Мутасаввиф олим қалб билан боғлиқ бўлган нафс масаласига ҳам диққат-эътиборни қаратиб, бу борада илмий асосланган янги хулосаларга келади, у имкони борича инсоннинг душмани бўлган нафсни фош этади ва унга қарши ҳалоллик ва поклик ғоясини илгари суради [4:178]. Аммо у ўз навбатида нафсни қалб таркибидаги тушунчалар билан боғлайди. Чунончи у нафси амморани садрга, нафси мулҳaмани қалбга, нафси лаввомани фуодга, нафси мутмаинани мансуб этади. Шу билан олим нафснинг тўрт даражасини тайинлайди, уларнинг зоҳирдан ботингача бўлган муносабати ва ҳаракатини аниқлайди. Нафси аммора ва мулҳима (илҳомга келтирувчи нафс) агар инсонга душманлик қиладиган нарса ҳисобланса, нафси лаввома (виждонли нафс) ва мутмаина (тинч ва ором нафс) инсонга таскин бергувчи нафсдир. Яъни Aл-Ҳаким ат-Термизий фикрича, нафс тушунчаси аслида поклик ва нопоклик масаласи билан боғланган муаммодир. Унинг поклиги сидқу сафо ва руҳониятга етаклайди ва бу эса Ҳақ даргоҳига йўл очади. Фуод ва уб, яъни маърифат ва тавҳид даражаси шу нафс, яъни руҳ ҳаракати билан ҳосил бўлади. Аммо нафси аммора ва мулҳама ҳамиша олимнинг танқидига учраган. Ҳаким ат Термизий бу икки нафсдан қутулиш учун доим нажот излаган, лаънатлар билдириб, поклик ва мусаффоликни шиор қилган. Хусусан илҳом бергувчи нафс, яъни нафси мулҳамага қарши олим жанг эълон қилади. Жумладан, “Бадв уш-шаън” асарида бу ҳақда бундай дейдилар: “нафс хоҳиш қилган нарсалардан ўзимни тийдим: Xусусан, менга илҳом бахш этгани учун шаҳват нафсидан узоқда бўлдим” [5:32].
Ҳаким Термизий Нафс тарбиясига эътибор бериш кераклиги, инсон бешикдан қабргача тарбияга муҳтожлигига эътиборни қаратган. Нафсни жиловлаган мукофотга сазовор бўлса, унга берилган мутлақ жазога учраши изоҳланган. Унинг фикрича, болаларнинг тузалувчи тарбияси мактабларда; қароқчиларнинг тузалувчи тарбияси қамоқхоналарда; аёлларники-уйларда; ёшларники-илмда; кексаларники эса масжидлардадир [6:266].
Хаитов Лазизбек Азаматович,
Бухоро давлат университети таянч доктаранти
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Абдуллоҳ Мухаммад ибн Ал-Ҳаким Термизий. Маърифатул асрор. (Сирлар маърифати). Таржимон: Абдулҳамид Муҳаммад Турсунов. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2017.
- Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ал-Мустамлий ал-Бухорий. Шарҳ Ат-таарруф ли-мазхаб ат-тасаввуф (форс тилида). 5 жилдлик. Муҳаммад Равшан томонидан нашрга тайёрланган. 1,2,3,4,5-жилдлар. – Теҳрон: Асотир, 1984-1987.
- Ал-Хаким aт-Термизий. Яширин масалалар (Масоил ал-Макнуна). Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти. Самарқанд, 2019.
- Абулҳасан Али бин Усмон ал-Жуллобий ал-Ҳажвирий ал-Ғазнавий. Кашф ул-маҳжуб. Валентин Жуковский тайёрлаган танқидий матн. Қосим Ансорий нашри. – Теҳрон: 1376 ҳ.
- Абуабдуллоҳ Муҳаммад бин Али ал-Ҳаким ат-Термизий. Бадв уш-шаън. Форс тилидан Рамазон Абдуллаев таржимаси. “Сино” журнали. – № 7, 2002.
- Махмудов О. Фарзанднома. – Тошкент: Ўқитувчи, 2018.
Izoh qoldirish