КУМУШХОНАВИЙ ТАСАВВУФИ ТАЪЛИМОТИГА ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ТАЪСИРИ
Нақшбандия тариқати бугунги кунда нафақат мамлакатимизда, балки Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Покистон, араб мамлакатлари, Туркия, Малайзия, Индонезия, қатор Европа мамлакатларида, жумладан Франция, Германия, Англия, Италия ҳамда Америка қитъасида кенг фаолият кўрсатиб келаётган таълимотдир [1:3].
Маълумки, Нақшбандия-холидия тариқатини дунё бўйлаб нафақат Миср ва Туркия, Афғонистон, Жазоир, Қозон, Россия, Болқон ярим ороллари, Ҳиндистон, Доғистон, Грузия, Хитой ва Европа каби мамлакатларга тарқалишига сабабчи бўлган[2], замондошлари томонидан “Раббоний олим, зоҳирий ва ботиний илмлар билан ораста, фахрул машойих, хотиматул муҳаддисин, орифи комил, шайхи комил”, – деб таъриф берилган, мутасаввиф “Силсилаи шариф” “олтин занжир”да 32 - ҳалқанинг пири муршиди Ахмад Зиёуддин ал–Кумушхонавий (1813–1897), ўзининг Кумушхонавия тармоғига асос солган [3:285].
Нақшбандия таълимоти асосчиси ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд Бухорои Шарифда туғилган, асли исми Муҳаммад, дунёга Баҳоуддин Нақшбанд, Шоҳ Нақшбанд, Балогардон номлари билан танилган шайх, қутб авлиё даражасида бўлган вужуди, қалби ва руҳида илоҳий шаффоф ва мусаффо нур синган инсон [4:52]. Бундай даражалар авлиёларга хос сифатлар бўлиб, улар бағрикенг, ҳалол луқмага эътибор берган, тирик жонзотларга нисбатан меҳрибон, борлиқни борлиғича қабул қилган инсонлардир. Аҳмад Зиёуддин ал–Кумушхонавий олтмишга яқин тасаввуф, ҳадис, фиқҳ, сарф, наҳв ва бошқа мавзуларда араб тилида ёзилган илмий-қимматли асарлари билан машҳур [4: 29].
Мазкур мақолада Ахмад Зиёуддин ал-Кумушхонавий тасаввуфи таълимотига Ҳаким Термизийнинг таъсири борлигини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз.
«Валий» сўзи арабча бўлиб, «яқин дўст» деган маънони англатади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандаларига валий эканлигини, баъзи бир бандалар У Зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган [6:433].
Валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга Ҳаким ат-Термизий киритган [7]. Алломанинг мусулмон оламига жуда машҳур “Хатм ул-авлиё” асари валийлик масалаларига бағишланган бўлиб, у авлиё ва пайғамбарларни таққослаган, улар ўртасидаги ўхшашликлар ва фарқларни баён этган. Унинг фикрича, авлиёларнинг ҳам хатми ва муҳри бўлган. Муҳр авлиёнинг мукаммаллигидан далолат беради. Ҳаким ат-Термизийнинг валийлар тўғрисидаги ғоялари нақшбандия таълимотининг асосий илдиз бўлган [8:103].
Ҳаким Термизий хос авлиёларнинг табақавий босқичларини яхлит тизим сифатида келтириб ўтган. Унга кўра, авлиёлар қуйидаги даражаларга бўлинади:
1. Қутб – тасаввуф шайхларига бериладиган энг олий унвон.
2. Ғавс – бу ҳам қутблар қутби бўлиб, ёрдам берувчи деган маънони билдиради.
3. Абдол – ғойиб кишилар тоифасидан бўлиб, ўзлари халқ ичра бўлсаларда, уларнинг абдол эканликларини ҳеч ким билмайди.
4. Автод - бу сўзнинг луғавий маъноси “қозиқлар”дир. Уларнинг сони кўп зотлардир.
5. Нужабо – олий зот авлиёларки, улар фақат инсонлар манфаатини кўзлайдилар.
6. Нуқабо – бундай авлиёлар одамларнинг сирларидан воқиф бўладилар [9:27].
“Нақшбандия тушунчалари генезиси” [9:103] асарида бу масала кенг ёритилган, “Валий қалби маъдани анвори жалолдир. Валий юзидаги нур ва латофат валий қалбидаги ана шу анвордандир. Ул нурнинг акси валийнинг сиймосидан зоҳир бўлур ва ҳар ким унинг юзига назар айласа, ул киши Ҳақ таолони ёд этар ва унинг зикрига машғул ўлур”.
Мўминлик даражасининг ниҳояси – авлиёлик даражаси деб, ундан сўнг шуҳадо, сиддқо, анбиёву расул, анбиё ул-аъзам ва охири ниҳояси бўлмаган даража мустафо, деб айтилади.
Нақшбандия таълимотига кўра, уларда валийлик даражасига етганлар иккига бўлинади. Биринчиси – муршид раҳбарлигида риёзат чекиб, қалбини софлаган ҳолда шу даражага етганлар. Лекин булар учун ўз башарий истакларини ўлдириш жуда қийин кечади. Иккинчиси - Тангрининг ўзи уларни тарбия қиладиган кишилар. "Анис ут-толибин" асарида бундай валийлар мажзуб – жазб қилинган, яъни Ҳақ майдонига тортилган маъносида таърифланган. Валийларнинг бу турида илҳом ариқи ила қалб ва тилларидан каломи ҳикмат иншо этилиши таъкидланади. Яъни Тангрининг нури уларнинг қалбига илҳом ила кирган ва улар бу илоҳий нур орқали шундай сифатга эга бўлган зотлардир. Ҳозирги илмий тил билан айтганимизда, валийларнинг бу даражасида латиф қувват биоэнергия майдони бемалол олам қувват-ахбор қатлами билан алоқа қилишга қодир бўлади. Шунинг учун ҳам улар ўзгалардан ажралиб турадилар.
Валийлар илҳом орқали илоҳий нурни кашф этсалар, анбиёлар ваҳий орқали Тангри сўзларидан баҳраманд бўлади [8:106].
Нақшбандия-холидия-кумушхонавия тариқатидаги валиялар тўғрисидаги ғояларнинг теран илдизида Ҳаким ат-Термизий ғоялари бўлган.
Нақшбандия таълимотининг давомчиси бўлган Ахмад Зиёуддин ал–Кумушхонавийнинг Истанбулда сақланаётган ва Сайфиддин Cайфуллоҳ томонидан таржима қилинган “Валийлар ва тариқатларда усул” китобида валий тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: “Валий ғайрати сабаб Аллоҳнинг ризосини топган кимсадир. Валоятининг (валоят–яқинлик, қариндошлик, азизлик, Худога яқинлик) давоми Аллоҳ таолонинг розилигига мувофиқ бўлган хизматининг давом этишига боғлиқдир” [9:152].
Зиёуддин Аҳмад Кумушхонавий “Валийлар ва тариқатларда усул” китобида авлиёларнинг мартаба ва даражаларини қуйидагича таснифлаган: “Қутб”, “Нуқабо”, “Нужабо”, “Абдол”, “Автод”, “Имомайн”, “Умано”, “Мажзуб”.
Ҳаким Термизий ҳам Кумушхонавий ҳам авлиёларнинг мартабаларини номлашда ҳар икковлари ҳам “Қутб”, “Абдол”, “Автод” ,“Нужабо”, “Нуқабо” деб умумий номлаганлар.
Валийлардан каромат содир бўлади. “Каромат”, “карума”, “якруму” феълидан олинган масдар бўлиб, юқорилик ва шараф маъносини англатади.
Каромат шу маънода икки хил бўлади:
1. Аслий.
2. Касбий.
Биринчи, яъни аслий кароматнинг мисоли қуйидаги оятда: “Дарҳақиқат, биз Одам болаларини азизу мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда-қуруқлигу ва денгизда от-улов кемаларга миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят) [11:409]. Ушбу каромат мўмин бўлсин, кофир бўлсин, башариятнинг ҳамма аъзолари учун умумийдир.
Иккинчи, яъни касбий кароматнинг мисоли: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят) [11:766].
Бу каромат тақводор мўминда ҳосил бўлади. Кароматнинг зоҳир бўлишидаги ҳикмат – “Каромат содир бўлганидан сўнг валийнинг ишончи яна ҳам зиёда бўлиб, дунёдаги зуҳду тақвоси кучайиб, ҳавойи нафс даъвоси йўқолишидир” [12:196].
Аҳмад Зиёуддин ал–Кумушхонавийнинг “Жомиъ ул-мутун” номи
билан нашр этилган, “Жомиъ ул-мутун фий ҳаққи анвоис-сифатил илоҳиййа вал-ъақоидил Мотуридия ва алфозил куфри ва тасҳиҳил – аъмолил - ъажибиййа” – “Аллоҳ таолонинг анвойи исм-сифатлари, Мотуридия эътиқоди, куфр сўзлар баёни ва амалларнинг дуруст бажарилиши ҳақида матнлар тўплами” асарида мўъжиза ва кароматга изоҳ берилган бўлиб, улар кимларга нисбатан берилади ҳамда қандай содир бўлиши тўғрисида шундай дейилган: “Биз (аҳли- суннат)нинг эътиқодимизга биноан, авлиёларнинг кароматлари пайғамбарларнинг мўъжизаларига бирор ҳалал етказмайди. Ҳатто уларни тақвия этади – қувватлайди”.
Таъкидлаш лозимки:
- Мўъжизаларни хоҳ кофир, хоҳ фосиқ ёки мўмин бўлсин, ҳамма кўради. Авлиёларнинг кароматларини эса бошқа бир авлиё ёки итоаткор мусулмонлар кўради.
- Пайғамбарлар хоҳлаган вақтларида, Оллоҳнинг изни билан мўъжизаларни намоён этишади. Кароматлар эса муайян вақтларда ибодатга ташвиқ этмоқ учун Оллоҳ Ўз валийларига бахш этадиган ҳоллардир.
Каромат фавқулодда бир ҳодисадир. Каромат соҳиби эса пайғамбарлик даъвосини қилмайдиган, мўмин, муттақий (тақволи), Оллоҳни ва унинг сифатларини идрок этган, қалбини бутунлай Оллоҳга боғлаган инсондир [13:80].
Каромат аҳли борлиқни борлиғича қабул қиладиган, ширин сўзли, сабрли, хушхулқ - гўзал ахлоқли, очиқ юзли, жўмард, эътирозни севмайдиган, шаҳвоний истакларини тийган, ҳар қандай узрни қабул қиладиган, маъсият (гуноҳ) ва бидъатдан сақланган зотдир.
Кумушхонавийнинг фикрича: “Фавқулодда нарсалар тамоман Оллоҳнинг қудрати билан бўлади. Бунда банданинг ҳеч қандай бир таъсири йўқ. Уриниш ва куч-ғайрат сарфлаш билан қўлга киритилмайди”.
Кумушхонавий фавқулодда ҳолатларни тўртга бўлган:
- Мўъжиза: ўз давосини инкорчиларга исбот этмоқ учун пайғамбарлар
томонидан кўрсатилган бир ҳол.
- Каромат: шариатга эргашган, Оллоҳдан қўрққан валийлар
томонидан кўрсатилади.
- Маунат: Авомлардан бўлган бир кишида зоҳир бўлади. Бу ҳолат бир сабабга мустанид (асосланган) эмас.
- Макр ва истидрож: Илоҳликни иддао қилган кофир, бидъат аҳли ва
Дажжолнинг қўлларидан зоҳир бўладиган нарсалар. Булар на мўъжиза ва на каромат. Бу уларнинг эҳтиёж қўйган нарсалари берилишидан ва истаклари қабул этилишидан иборатдир. Бу хусус билан боғлиқ оят ушбудир: “Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган муҳлатимиз (майдонимиз)ни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб, ҳисобламасинлар! Балки Биз улар фақат гуноҳларини зиёда қилишлари учун фурсат берурмиз. Улар учун хор қилгувчи азоб бордир” (“Оли Имрон” сураси, 178- оят) [11:128].
Кумушхонавий мўъжиза ва каромат тушунчаларига изоҳ бериб, уларнинг бир-биридан фарқини, кимларга берилишини, уларда қандай сифатлар борлигини шарҳлаган.
Кумушхонавий пайғамбарлар даражаси авлиёлар даражасидан юқори эканлигини Қуръони карим оятлари билан қуйидагича шарҳлаган: “Ҳеч бир авлиё асло пайғамбар мартабасига кўтарила олмайди”.
Пайғамбарлик мартабаси авлиёлик мартабасидан ғоят юксак. Чунки авлиёлар каромат мартабасига фақат Оллоҳга ва унинг Расулига итоат этгандан кейингина етадилар [13:80]. Бу ҳақида ояти жалила ушбудир: “Мана шу Аллоҳнинг (белгилаб қўйган) чегараларидир. Кимки Аллоҳга ва унинг пайғамбарига итоат этса, Аллоҳ уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий ҳаёт бахш этар. Ва бу буюк саодатдир ” (“Нисо ”сураси, 13- оят) [11:136].
Валийлар ўз кароматларини билмасдан, ёки билиб бу биздан эмас, устоздан, ё бўлмаса устознинг дуолари билан деб хокисор ҳолда бўлишади.
Ҳаким ат-Термизийнинг валийлар тўғрисидаги ғоялари
Нақшбандия-холидия тариқатининг новдаси Кумушхонавия тариқатининг асосийи илдизи бўлган.
- Ҳаким Термизий хос авлиёларнинг табақавий босқичларини яхлит
тизим кўринишида, қуйидаги даражаларга бўлган: “Қутб”, “Ғавс”, “Абдол”, “Автод”, “Нужабо”, “Нуқабо”.
- Зиёуддин Аҳмад Кумушхонавийнинг “Валийлар ва тариқатларда
усул” китобида авлиёларнинг мартаба ва даражалари қуйидагича таснифланган : “Қутб”, “Нуқабо”, “Нужабо”, “Абдол”, “Автод”, “Имомайн”, “Умано”, “Мажзуб”.
- Валий бўлишдан асосий мақсад каромат кўрсатиш эмас, балки
руҳий тарбияланиш билан машғул бўлиш ва бошқаларни тарбиялашдир.
- Авлиёларлар тўғрисида ҳар томонлама мукаммал билимга эга
бўлиш алломаларнинг маънавий мероси ва маданий қадриятларини ўрганишга ёрдам беради.
Шундай қилиб, Ҳаким Термизийнинг “Хатмул авлиё” асарларидан илҳомланиб набийлар ва валийлар ҳақида ёзилган Кумушхонавийнинг ғоялари ёшларни маънавий тарбиялаш, она ватанни севиш, тарихий ёдгорликларни асраш, азиз-авлиёларнинг қадамжоларига нисбатан ҳурматда бўлиш, айниқса, ёт ғоялардан сақланишда “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш”га хизмат қилади.
Гуламова Мавжуда Тошпўлатовна,
Бухоро давлат тиббиёт институти доценти,
Кимё фанлари номзоди
Фойдаланилган адабиётлар:
- Қуръони Азим мухтасар тафсири. Шайх Алоуддин Мансур. – Тошкент: Шарқ, 2019.
- Қуръони карим.Тафсири ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Аъроф сураси 196-оят. – Тошкент: Мовароуннаҳр, 2005. 2-жуз.
- Hüseyin Budak. Ahmed Ziyaüddin Gümüşhanevi’nin (1813-1894) türk dünyasina etkileri.
- Гуламова М.Т. Аҳмад Зиёуддин ал-Кумушхонавийнинг мотуридий таълимоти тўғрисидаги шарҳлари. Фалсафа ва ҳаёт халқаро журнал. – Тошкент: 2020. – № 1 махсус сон.
- Жуюший И.М. Ҳаким Термизийнинг “Ал- масоил ал-макнуна” асари.
- Зиёвуддин Ахмад Ал-Кумушхонавий. “Валийлар ва тариқатлардаусул”
- Кумушхонавий. Имом Бухорий сабоқлари журнали, 2020. – №2.
- М.Т. Гуламова. Мушку анбар ҳидли валоят ғунчаси Зиёуддин Аҳмад маҳжуб» номли асарида «Хатм ул-валоят» шаклида келтирилган).
- Наврўзова Г.Н. Баҳоуддин Нақшбанд – ҳалоллик ва поклик тимсоли сифатидаю “Ислом тафаккури” журнали, 2020. – № 4.
- Наврўзова Г.Н. Нақшбандия-камолот йўли. – Тошкент: Фан, 2007.
- Наврўзова Г.Н., Рахматова Х.Х. Нақшбандия тушунчалари генезиси. – Б: нашриёти, 2010.
- Сайфиддин Сайфуллоҳ, Тасаввуф ва нақшбандийлик (Манбалар ва ҳикматлар) китобидан. – Тошкент: 2019.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур.
Izoh qoldirish