БАҲОУДДИН НАҚШБАНД КАМОЛОТИДА ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙ ӮРНИ
Ҳаким Термизий асослаган ҳакимия тариқати Нақшбандия билан боғланган. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир диёримиздан етишиб чиққан забардаст олим, мутафаккир ва тариқат пешволаридан биридир. У киши Ҳаким Термизий номи билан машҳур бўлиб, Термизда туғилган ва шу ерда вафот этган. Вафот тарихини эса олимлар асосан 235-ҳижрий-қамарий (милодий 898) ва 269-ҳижрий-қамарий (милодий 909) йил деб кўрсатишган.
Ҳужвирий ёзади: «Шайхим: «Муҳаммад (Термизий – Г.Н.) – ҳақиқий тоза дурдир. Ундай дурни бутун оламда тенги йўқ», – дердилар»[1].
Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ҳақида муфассал, аниқ маълумот берадиган манба йўқ. Термизийнинг ўз асарлари ва бошқа манбалардан у кишининг ҳаёт йўли ҳақида баъзи тасаввурларга эга бўламиз. Хусусан, унинг «Будуввуш-шаъни Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаким ат-Термизий» номли кичик бир рисоласи орқали муаллиф ҳаёти, жумладан, отасидан илм ўрганганлиги, ёшлик чоғида Куфа ва Басра орқали Маккага сафар қилганлиги, Куфада ҳадис таълимини олганлиги, Термизга қайтаётиб, йўлда Қуръони каримни ёдлаганлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлиш мумкин. Лекин бу рисоладаги диққатга молик асосий масала илҳомнинг турлари, унга туш ва бедорликда зоҳир бўлган рўёлар тасвиридир[2].
Шунингдек, Ҳаким Термизий ўз асарлари орқали Аҳмад ибн Осим Антокийнинг тасаввуфга оид бир асарини завқ билан ўқиганлиги ва ҳолатида ўзгаришлар бўлганлиги, тушида ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни (Аллоҳдан у зотга салоту саломлари бўлсин) кўриб файз ва таскин топганлиги, унга илҳомлар бўлганлиги ва бошқа воқеалардан хабар беради.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ҳаким Термизийнинг ҳақиқат ва маърифатга оид сўзларини ҳамма ҳам тушунавермаган. Шу тушунмовчиликлар сабаб бир муддат у киши ҳақида фитна ва иғволар пайдо бўлган. Баъзи олимлар Ҳаким Термизийнинг бир неча йил юртидан ҳижрат қилишига мана шундай фитналар сабаб бўлган дейишади.
«Ҳақ сийлаган сийланар» деганларидек, халқ охир-оқибат у зотнинг улуғ авлиёлардан ва Ҳақ йўлда собит эканликларидан огоҳ бўлган, умрларининг охирига қадар ҳурматларини бажо келтиришган. Қабрлари бугунги кунда ҳам машҳур зиёратгоҳдир.
Хатиб Бағдодийнинг ёзишича, Термизийнинг отаси – Али ибн Ҳасан ҳадис илмининг билимдон олимларидан бўлган. У араб халифалигининг пойтахти бўлган Бағдодда ҳадис илми тўғрисидаги баҳсу мунозараларда фаол иштирок этган. Ҳаким Термизий «Ар-радду алал-муъаттила» китобида таъкидлашича, унинг онаси ва бобоси ҳам ҳадис илмида етук олимлардан бўлишган. Демак, Ҳаким Термизий илм ўчоғи бўлган хонадонда дунёга келган ва тарбияланган. Аллоҳ таолонинг каломи, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланган илмий муҳит ва тарбия маскани Термизийнинг истиқболини белгилаш ва тафаккурини шакллантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилган.
Илмий ва эътиборли тасаввуфий манбаларда бу олим ва ориф зотнинг номи ҳурмат билан тилга олинади. Жумладан, Абу Абдурраҳмон Сулламий (ваф. 1021 йил) «Табақотус-суфия»да у кишидан бир қанча ҳикматли ва маърифатга оид сўзлар нақл қилса[3], Фаридиддин Аттор (1148/51–1219/21) «Тазкират ул-авлиё»да Ҳаким Термизийнинг: «шариат ва тариқатда мужтаҳид», «ҳадис, ривоят ва хабар бобида ишончли зот», «риёзат ва каромоти кўп», «хулқи улуғ» каби сифатлар билан эслаб, «бағоят ҳикмат соҳиби» бўлганлигидан «ҳаким ул-авлиё» (валийлар ҳакими) деб аталганига диққатни қаратади[4].
Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида ёзади: «Муҳаммад бин Ҳаким Термизий қаддасаллоҳу руҳаҳу иккинчи табақадандур. Куняси Абу Абдуллоҳдур. Улуғ машойихлардандур. У Абу Туроб Нахшабий, Хизравайҳ ва ибн Жалоллар билан суҳбат қилган, кўп ҳикматли сўзлари, зоҳир кароматлари ва машҳур асарлари бор. Жумладан, «Хатм ул-авлиё», «Наҳаж», «Наводир ул-усул» ва бошқалар.
Ҳаким Термизий нафақат ҳадис ва шариат илмлари билимдони, балки тасаввуф тариқати асосчиси ҳамдир. У аҳли суннат вал жамоат эътиқодига мувофиқ «ҳакимия» тариқатига асос солган ва мухлислари кўп бўлган. Ҳужвирий (ваф. 1072–1077) «Кашф ул-маҳжуб» асарида ҳақ тариқатлардан еттинчиси «ҳакимия» эканлиги, унинг мансублари Ҳаким Термизийни муршид, пешво деб билишларини таъкидлайди.
Алишер Навоийнинг «Насойим ул-маҳаббат» ва «Мақомоти шоҳи Нақшбанд» асарларида келтирилишича, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд йигирма икки йил Ҳаким Термизий тариқатига эргашганлар.
Ҳаким Термизий тафсир, тасаввуф, тарих, ҳадис, фиқҳ, калом, ахлоқ ва нафс масалаларига доир бир қанча асарлар ёзган. Уларнинг сони манбаларда 30 дан 126 тагача китоб ва рисолалардан иборат, деб қайд этилади[5].
Филология фанлари доктори Абул Ҳусайн Зарринкўбнинг аниқлашича, Ҳаким Термизийнинг қуйидаги асарлари нашр этилган:
1. «Наводир ул-усул фи маърифати ахборир-росул», Димишқий шарҳи, – Истанбул, 1293 ҳ.қ. (мил.1876 й).
2. «Хатм ул-валоя», Усмон Яҳё нашрга тайёрлаган. – Байрут, 1925 й.
3. «Рисолату баёнил фарқ байнас-садр вал-қалб вал-фуод вал-лубоб». Никелос Ҳир. Қоҳира, 1958 й.
4. «Рисолату аршил муваҳҳидин», Раul Sdath. – Қоҳира (Миср), 1946 й.
5. «Китоб ур-риёза», «Адабун нафс». Орбери, Али Ҳасан Абдулқодир. – Қоҳира (Миср), 1946.
6. «Ҳақиқат ул-адлия» Абдулмуҳсин ал-Ҳусайний. – Искандария (Миср), 1946.
7. «Масоилут таъбир», Орбери. Италиядаги «Мутолаъати шарқий» журнали, инглизча таржимаси билан, 1940 й.
8. «Ар-радду алар-рофиза вал-ақя вал-ҳаво». – Истанбул, «Шарқиёт мажмуаси», 1966 й.
9. «Рисолаи Будуввуш шаън». – Карачи, Покистон. «Мутолаъати исломий» журнали[6].
Мазкур китоблардан ташқари «Илал ал-убудия», «Ал-акёс вал муғтаррин», «Баён ул-касб», «Ал-макнун ва исолату ма кона ва ма якун», «Азаб ул-қабр», «Ат-тавҳид», «Тарих ул-машойих», «Одоб ул-муридин» каби асарлар ёзганлиги ҳам манбаларда қайд этилади.
Ҳаким Термизий ўзидаги илму маърифатни ўзидан кейинги наслларга етказишда ҳам фаол бўлган. У кўплаб ориф ва фозил инсонларни етиштирган. Шулардан иккитасини эслаш кифоя. Бири «авлиёлар муаллими» сифатини олган Абу Бакр Варроқ Термизий, иккинчиси «қалблар жосуси» лақабига сазовор бўлган Ҳасан ибн Али Журжонийдир. Термизийнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ воқеалар, унинг таълимоти, каромати Абу Бакр Варроқ Термизий орқали халқ орасида кенг тарқалган. Биз бу ориф ва улуғ авлиёлардан бўлган шогирди ҳақида ҳам тазкираларда эътиборга молик маълумотларни учратамиз.
Ҳаким Термизий валий тушунчасини тариқатга киритганлар. Валийликни инкор этувчи иккита оқим – мўътазилийлар ва антропоморфистлар мавжуд[7].
Демак, Ҳаким Термизий Баҳоуддин Нақшбанд учун устоздир ва унинг асарлари Нақшбандия таълимоти учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Нақшбандия таълимотидаги аҳли тамкин, аҳли истиқомат, бесифатлик ва бенишонлик ҳамда валийлик тушунчалари ҳакимия тариқатидаги ғояларга асосланган.
Гулчеҳра Наврўзова,
Гуландом Юнусова
Бухоро муҳандислик-технология институти профессори
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абдулҳусайний Зарринкўб. Жустужў дар тасаввуфи Эрон. – Душанбе. «Ирфон», 1992. – Б. 43-49.
- Абу Абдурраҳмон Сулламий. Табақот ус-суфия. – Миср, 1406 ҳ. (1974), 217 – 220.
- Иброҳим Худоёр. Ишқ жайҳунининг йўлдоши. Гулистон: 2000-йил. – № 5.
- Фаридуддин Аттор. Тазкиратул авлиё. – Теҳрон, 1373 ҳ. 514-523.
- Ҳужвирий. Кашф ал-маҳжуб.
[1] Иброҳим Худоёр. Ишқ жайҳунининг йўлдоши. Гулистон: 2000-йил. – № 5.
[2] Абу Абдурраҳмон Сулламий. Табақот ус-суфия. – Миср, 1406 ҳ. (1974), 217 – 220.
[3] Фаридуддин Аттор. Тазкиратул авлиё. – Теҳрон, 1373 ҳ. 514-523.
[4]. Иброҳим Худоёр. Ишқ Жайҳурнинг йўлдоши. – Гулистон, 2000. – № 5.
[5]. Абдулҳусайний Зарринкўб. Жустужў дар тасаввуфи Эрон. – Душанбе. «Ирфон», 1992. – Б. 43-49.
[6] Ҳужвирий. Кашф ал-маҳжуб. – Б. 212.
[7]. Маҳмуд ибн Шариф “aл-Aмсол фил-Қуръан” китобини ёзганида докторлик илмий даражаси олмаган эди. Шу сабаб Али Муҳаммад Бажовий ҳам ўз тадқиқотида унинг докторлигини ёзмаган. Ўрганиш давомида у кейинроқ докторлик илмий даражасини олгани ва ундан кейинги барча китобларига Доктор Маҳмуд ибн Шариф деб ёзилгани маълум бўлди. Шунинг учун мақолада унинг илмий даражаси ҳам қўшиб ёзилди. Муал.
Izoh qoldirish