30.01.2023

Янги Меҳнат қонунчилигида аёллар ҳуқуқларини химоя қилишдаги қўшимча кафолатлар

Мамалакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиб бориши яъни меҳнат бозорининг кенгайиши ва ишлаб чиқариш салоҳиятининг ўсиб бориши, янги меҳнат муносабатларининг пайдо бўлиши Меҳнат кодексини қайта ишлаб чиқиш зарариятини тақозо этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 07.02.2017 йилда ПФ-4947-сон Фармон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлари стратегиясидаги ҳамда 28.01.2022 йилдаги ПФ-60-сон Фармон билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стартегиясидаги белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. 

Янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексида меҳнат қонунчилиги соҳасида ўз ечимини кутаётган кўпгина муаммоларни батараф этиш имконини берди.

Янги Меҳнат кодексининг 25-бобининг 1-параграфида Аёлларнинг ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгилаб берилган.

Жумладан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 392-моддасида Иш берувчи ишга қабул қилишни рад этган тақдирда, рад этиш сабабларининг ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган ёзма асосини ҳомиладор аёл ёки фарзандлари бор шахс талабига кўра уч кун ичида тақдим этиши шартлиги кўрсатилган. 

Эски таҳрирдаги кодексда Ушбу ҳолатда ишга қабул қилишни сўраб қилинган мурожаатга иш берувчининг қанча муддатда жавоб бериши кераклиги кўрсатилмаган эди.

Қонуннинг 395-моддасига кўра, Икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ота-онадан бири (васий) аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, ўз аризасига кўра бажариладиган иши учун ҳақ тўланадиган, бироқ аввалги иши бўйича ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бола икки ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи тўланадиган бошқа ишга ўтказилади.

Иш берувчида бошқа иш мавжуд бўлмаган тақдирда, икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ходимга қонунчиликда белгиланган тартибда бола парвариши бўйича нафақа тўланади.

Якка тартибдаги меҳнатга доир низо юзага келган тақдирда, икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ходимни бошқа ишга ўтказиш мумкин эмаслигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади.

Эски таҳрирдаги кодексда мазкур норманинг 2 ва 3-қисмларида кўрсатилган қоидалар яъни икки ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ходимга бола парвариши бўйича нафақа тўланиши, ходимни бошқа ишга ўтказиш мумкин эмаслигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилиши белгиланмаган эди.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги қонунда Меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида ҳомиладор аёллар учун кафолатларни белгилаган.

Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно. 

Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар, унга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган тақдирда эса бундай таътилнинг охирига қадар узайтириши шарт. Меҳнат шартномаси ҳомиладорликнинг охирига қадар узайтирилган аёл, иш берувчининг сўровига биноан, лекин уч ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши шарт. Агар бунда аёл ҳомиладорлик тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, иш берувчи ҳомиладорликнинг тугаганлиги фактини билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ҳафта ичида меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги сабабли бекор қилишга ҳақли.

Аёл билан тузилган меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги муносабати билан ушбу шартномани унинг ҳомиладорлиги даврида бекор қилишга, агар меҳнат шартномаси йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақтига тузилган бўлса ва ҳомиладорлик тугагунига қадар аёлни иш берувчида унинг соғлиғи ҳолати инобатга олинган ҳолда бажара оладиган бошқа ишга аёлнинг ёзма розилиги билан ўтказиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади.

Ҳомиладор аёл билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда аёлнинг ушбу Кодекс 404-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган давр учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Янги Меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришларнинг барчаси ходимларнинг айниқса аёллар, уч ёшга тўлмаган фарзанди ходимларнинг ҳуқуқларини химоя қилишда муҳим қадамлардан бири бўлди десак хато қилмаган бўламиз. 

 

 

    Б.У.Мустафаев - Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси                                                   

 

 

 

 

 

 

 

 

Izoh qoldirish