28.02.2023

Муфтий ҳазрат раислигида ўтказилган йиғилишда бир нечта имом-хатиб ишдан олинди, айримларига ҳайфсан берилди

Бугун, 28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари раислигида республика диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Жуда кескин ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда 2022 йил давомида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари, мударрислар ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, айрим диний соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш жараёнида меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндошмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбасари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди ва 4 нафарига “ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинди. Жумладан:

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Фатуллаев Абдусалом, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани бош имоми ва “Шоҳ Машраб” масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом-хатиби Аблоқулов Ҳабибулла ва Хоразм вилояти Шовот тумани “Хўроз Эшон бобо” масжиди имом-хатиби Рўзметов Давронбек йиғилишда эгаллаб турган вазифаларидан озод этилди.

Шунингдек, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов, Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов, Тошкент вилояти “Раҳбар ота Акбар ўғли” масжиди имом-хатиби Раҳманов Муҳаммадий ва Фарғона вилояти Сўх тумани “Офтобрўй” масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри “ал-Ҳудайбия” масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун чора сифатида бошқа ишга ўтказилди.

Шунингдек, иш фаолиятдаги хато-камчиликлар сабабли ўтган йилда 25 нафар имом-хатиб, 19 нафар имом-ноиби ва 2 нафар муҳтасиб вазифасидан озод этилгани, шунингдек, 56 нафар имом-хатиб ва имом ноибига “ҳайфсан” интизомий чораси берилгани маълум қилинди.

Муфтий ҳазрат томонларидан йиғилишда соҳа ходимлари томонидан ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, халқ билан мулоқот қилиш, китоб мутолаасига тарғиб қилиш, таҳдидларга қарши курашиш, имом-хатиблар ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиш одобига амал қилиш ва доимий билим савияларини ошириш юзасидан тавсия ҳамда кўрсатмаларни баён этдилар.

Йиғилишда тақдирланган энг фаол диний соҳа ходимлари, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги янги режалар ва диний таълим сифатини ошириш борасидаги муҳим қадамлар тўғрисида қўшимча хабар қиламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish