РЎЗА ИБОДАТИНИНГ ҲАҚИҚАТИ (Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий асарлари мисолида)
Ибодатнинг асл мақсади Аллоҳ таолога итоат қилиш ва унинг розилиги йўлида интилишдир. Аллоҳ таоло инсон зотига тоқатидан ташқари ҳеч бир ишга буюрмаган. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда бу борада етарлича маълумотлар бор. Ҳар бир киши ўз тоқати ва қуввати етгунига қадар итоат ва ибодат қилишга буюрилган. Мана шундай улуғ ва фарз ибодатлардан бири рўза ибодатининг ҳам ўзига яраша шартлари ва тартиблари борки, ҳар биримиз бевосита буни билиб, амал қилишимиз зарур саналади.
Маълумки, ҳар бир ибодатнинг бажарилиши бандалар наздида турли хилдир. Рўза ибодати ҳам худди шундай. Банда амаллар қандай бажаришига қараб Аллоҳнинг наздида мақом топади. Уламоларимиз рўзанинг даражаларини учга тақсимлаганлар: Биринчи даража – авом халқнинг рўзаси, иккинчиси – хосларнинг рўзаси, учинчиси – хосларнинг ҳам хосининг рўзаси.
Хосларнинг рўзаси бошқа даражадаги рўзалардан анча фарқ қилиб, бандадан сабр, машаққат ва етук руҳий камолотни талаб қилади. Хосларнинг рўзаси борасида буюк мутафаккирларимиз кўплаб тавсияларни бериб ўтганлар. Мана шу олимлар қатори Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий ҳам “Маориф” номли асарида рўза борасида қуйидаги фикрларни баён этади:
“Хосларнинг рўзаси Аллоҳдан бошқасини тарк этишдир. Пайғамбар алайҳиссалом эса: “Намоз мўминнинг нуридир, рўза эса жаҳаннамдан қўрғондир”, –дедилар[1]. Риёзат бобида энг катта рукн рўза ҳисобланади. Рўза барча ибодатлардан устундир. Бошқа ибодатлардаги риёзатлар эса рўзага нисбатан кичкина ўйинчоқ кабидир. Бу ерда рўзага оид баъзи нарсалар борки, нафснинг эшитмаслиги учун оҳисталик билан махфий тушунтириш керак. Масалан, ҳар куни истеъмол қилиниши одат бўлган таомни одамга бир дирҳам ёки ундан кўпроқ миқдорда камайтириб берилса, оз-оз ошқозон оғзи бўшатилади. Шу ҳолат билан риёзат пайдо бўлади”.
Мутафаккирнинг фикрича, хослар рўзасини тутиш учун биринчи ўринда руҳий тарбияга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Руҳни тарбияламасдан туриб, бу йўлда жисмни рози қилиш мушкул. Банда бу йўлда нафси амморани қурбон қилиб, доимо назарини ўзгалардан тийиб юриши лозим. Фақат илоҳий қудратни тафаккур этиб, қалбини нопок нарсалардан поклаши ҳамда зикрга шўнғиб юриши шарт. Хосларга кўра, жисм билан биргаликда руҳ ҳам рўза тутади. Бу каби рўзадорнинг мақоми Аллоҳ таоло наздида жуда улуғ бўлиб, қалби ва жисми нурга бурканади. Нафсини риёзат майдонида тоблаб борган кишигагина хосларнинг рўзаси насиб этиши мумкин.
Асарнинг бошқа бир жойида мутафаккир таъкидлайдики: “Ибодатнинг мағзи нафснинг мағлуб бўлишидир. Бошқа барчалари ибодатнинг қобиғидир. Нафсни ёқиб-эритмаган рўза ва бошқа ҳар қандай ибодат ибодат ҳисобланмайди”.
Демак, рўза ва бошқа ибодатлар бизни олдинги қилинган маъсият ва нуқсонлардан қайтармаса, ҳақиқий маънодаги ибодат саналмас экан. Аслида ибодат шундай бўлиши керак. Таслимият ва убудият ибодатнинг мағзидир. Мағзи йўқ ибодатда қалб ҳаловати бўлмаслиги аниқ.
“Рўза тутишдан улуғроқ бошқа ибодат йўқдир. Чунки Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: “Рўза мен учундир, унинг мукофотини Мен бераман”.[2] – деди. Фақат рўзани шариатга мувофиқ тутса, бошқа ибодатларида камчиликка йўл қўйган бўлса ҳам, рўзанинг фазилати билан маълум бир мақомга етади”.
Бундан маълум бўладики, рўза бошқа ибодатлардан кўра фазл ва мақом жиҳатидан улуғ бўлибгина қолмай, балки Аллоҳ учун хос қилинган ибодат ҳамдир. Аллоҳ бошқа ибодатларни “Мен учун” демаган, аммо рўзани алоҳида, Мен учун тутилади, дейилганининг ўзи улуғ бир мукофотдир. Бизни йўқликдан бор қилиб, шунча неъматлар билан сийлаган Аллоҳ таоло яна неъмат устига неъмат сифатида рўза неъматини ҳам инъом этганлиги нақадар буюк мукофотдир.
Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизийнинг рўза ва бошқа ибодатлар билан боғлиқ бир нарсага алоҳида урғу берганига эътибор берайлик.
“Аммо соғлиғига зарар бўлмаслиги учун рўза тутишда ҳам мўътадил бўлиш керак. Фақат рўза тутаман деб, Аллоҳ таоло сабаб қилган ишлардан ҳам қолиб кетмаслиги керак. Чунки бу тана бизга ибодатга қувват бўлиши воситаси сифатида берилгандир”.
Барча ибодатлар бандаларнинг манфаатларига қаратилгандир. Одамзот манфаатига зид ибодат бўлиши ҳам мумкин эмас. Зеро, Аллоҳ таоло ўз адли кўра ҳар бир нарсани ўлчов билан яратган. Рўзани Аллоҳ таоло саноқли кунларда белгилаб, Қуръон оятлари орқали бандаларига фарз қилган. Бироқ баъзи инсонлар борки, касалликка йўлиққанлиги сабабли рўза тутишга қуввати етмайди. Агар рўза тутса, касаллиги кучайиб, жони хатарга қолиши мумкин. Ёки сафарда ҳам машаққат бўлса, бандага ихтиёр берилади.
Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизийнинг бу ерда ирода қилган энг асосий мақсад инсонлар рўзани шариатда белгиланган тартибда тутиши муҳимдир. Ҳар бир ибодатни бажаришдан олдин унинг илмини ва ҳикматларини билишни мутафаккир кўп бора таъкидлайди. Зеро, илмсиз бажарилган ҳар бир амалда хавф ва хатар борлиги ҳамда бизни фитналар гирдобига улоқтириши ҳаётий тажрибанинг ўзи кўрсатган.
Каромиддин Жамаҳматов - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари
[1] Бу ҳадис учун қаранг: Жомиус сағир 2/50; Итҳафу содатил муттақин 4/195.
[2] Қаранг: Саҳиҳул Бухорий: Рўза, 2; Муслим: Сиям. 164, 165-ҳадис; Насоий: Сиям 41, 42; Ибни Можа: Адаб 58.
Izoh qoldirish