ИМОМ МОТУРИДИЙ ТАЪЛИМОТИГА ТЕРМИЗ ИЛМИЙ МУҲИТИНИНГ ТАЪСИРИ
Инсоният ҳаётидаги улуғ маънавий янгиланиш Ислом динининг шаклланиши билан боғлиқдир. Барча илоҳий китобларда олға сурилган Яратувчининг ягоналиги ва барча мавжудоднинг манбаи эканлиги, яъни Тавҳид ғояси Исломда ўзининг олий даражасига кўтарилади. Аммо мазкур эътиқоднинг теран мазмун ва моҳиятини мукаммал англаб етиш, унинг асосларини мусулмон жамоаси кундалик турмушига татбиқ этиш аждодларимиздан асрлар давомида изланишни талаб қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг яқинлари бўлган мусулмон жамоаси ҳаёти давомида Қуръони Карим асосида яшаганлар. Ўша даврда юзага келган қадриятлар Исломдаги Сунна, яъни тақлид ва ибрат анъаналари тизимининг асосини ташкил этади. Аммо замон ўзгарувчан, инсон табиати эса мукаммал эмас. Пайғамбаримиз вафотидан сўнг унинг энг яқин издошлари орасида баҳс ва ички рақобат, ҳаттоки тўқнашувлар юзага келади. Бунинг устига кенгайиб бораётган мусулмон дунёси ҳаётида катта ўзгаришлар рўй беради. Ислом тафаккуридаги эркинлик натижада мусулмон жамоасини Ислом рукнлари асосида тартибга олиш борасида турли–туман йўналишлар, хилма–хил ёндашувлар шаклланади[1].
Ислом динининг ёйилиши жараёнида Термиз 689 йилда Амударёнинг шимолий томонидаги биринчи мусулмон шаҳрига айланади. Бундан аввал ҳам Ислом лашкарларининг зафарли юриши Мовароуннаҳрда кузатилган бўлса–да, улар вақтинчалик аҳамият касб этади. Мусулмонлар томонидан Амударё ва Сирдарё оралиғига берилган ном “Мовароуннаҳр” – “дарёнинг нариги томонидаги ер” атамаси, Термиз номининг кўчирмаси бўлиши мумкин. Чунки, австро–венгер олими Вильгельм Томашек (1841—1901) Термиз номининг келиб чиқишини бақтр тилидаги taro–maetha – “нариги томондаги манзилгоҳ” тушунчаси билан изоҳлаш мумкинлигига ишора қилади[2].
Аввал бошдан Термизда Ислом қадриятларининг ёйилиши ўзига хос кўринишга эга бўлади. Шаҳарда араб халифалигидан мустақил ҳудуд шаклланиб, унинг етакчиси амир Мусо ибн Абдуллоҳ қисқа муддатда бўлса–да, бутун Мовароуннаҳрда ўз ҳукмронлигини ўрнатишга муваффақ бўлади. Шунингдек, шаҳар Ислом дунёсида мафкуравий баҳслар майдонига айланган марказлар қаторига кириб, ундаги ғоявий тортишувлар овозаси VIII асрнинг биринчи ярмидаёқ бутун мусулмон оламига тарқалади[3].
Бу баҳсларнинг амалда турли йўналишларга ва алоҳида олимларга, жумладан, Имом Абу Ҳанифадан тортиб Имом Мотуридий ва бошқа алломаларнинг шаклланишида қандай таъсир қилганлиги ҳанузгача мукаммал англаб етилган, деб бўлмайди. Имом Мотуридий меросини ёритиб беришда Термизда калом илмининг ва ҳанафия мазҳабининг шаклланиши саҳифаларини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Жалолиддин МИРЗАЕВ
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Имомназаров М. Миллий маънавиятимиз такомил босқичлари. Тошкент: Шарқ 1996.Б.36-44.
[2]Tomaschek W. Zentralasiatische Studien I. Sogdiana // SPAW. Wien, 1877. Bd. LXXXVII. -S.27(91).
[3]Мирзаев Дж.З. Термез – первый мусульманский город Мавараннахра // Uzbekistan’s contribution to the development of Islamic civilization. Abstracts of the papers and addresses to the International Conference devoted to announcement of Tashkent as a capital of Islamic Culture for 2007 by the ISESCO.-Tashkent-Samarqand: Publishing Center oh al-Imam al-Bukhari, 2007.C.173-175.
Izoh qoldirish