29.03.2024

АЛ-МУСАББИТ (СОБИТ ҚИЛУВЧИ)

АЛ-МУСАББИТ (СОБИТ ҚИЛУВЧИ)

ﭵ  ﭶ  ﭷ  ﭸ

ҚАЛБИНГНИ САБОТЛИ ҚИЛИШ УЧУН  (ҲУД, 120). 

Оятнинг тўлиқ матни қуйидагича: 

“Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарларидан қисса қилиб айтмоқдамиз. Бунда сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди”.

Қуръоннинг фуад – қалб кўзларини собит қилиши қуйидаги оятда ҳам таъкидланган:

“Куфр келтирганлар: “Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди” дедилар. Биз сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик” (Фурқон, 32). 

Ушбу оятлардаги “қалб” матнда “фуад” бўлиб, Ҳаким Термизийга кўра, у қалб кўзларидир. Бу эса қуйидаги оятга кўра:

“Қалб (фуад) кўрганини ёлғонга чиқармади” (Ван-Нажм, 11).

Қалб кўзлари ҳақида қатор далиллар мавжуд. Аллоҳ таоло дейди:

“Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж, 46).

Ҳаким Термизийга кўра, ушбу оят қалбнинг кўрувчи ёки кўр бўлишига далилдир. 

Яна дейилади: 

“Ҳар бир банданинг тўртта кўзи бор: иккитаси бошда бўлиб, у билан дунёнинг ишини кўради ва иккитаси қалбда бўлиб, у билан охиратнинг ишини кўради. Агар Аллоҳ бандаги яхшиликни ирода қилса, унинг қалбидаги икки кўзини очади. Шунда у иккиси билан Аллоҳ унга ғайбда ваъда қилган нарсаларни кўради. Шу тарзда ғайб ила ғайбга иймон келтиради. Агар Аллоҳ унга бошқа нарсани ирода қилган бўлса, уни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Сўнг:

“Ёки қалбларида қулф борми?” (Муҳаммад, 24).

оятини тиловат қилдилар”[1].

Ушбу ривоят манбаларда Дайламийнинг Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси сифатида ҳам, таниқли тобеин олим Холид ибн Маъданнинг (ваф. 104/722) сўзи сифатида ҳам келтирилади.

Ҳаким Термизийга кўра, айнан фуадда қалбнинг икки кўзи ва қулоғи бўлиб, у зот дейди: “Қачонки қалб Аллоҳ нури билан тирилгач, эшитувчи ва кўрувчига айланди. Ҳасандан, Аллоҳ у зотга раҳм қилсин, қуйидаги оятнинг тафсирида шундай ривоят қилинди:

“У (Қуръон) билан саркаш қавмни қўрқитишингиз учун…” (Марям, 97).

У зот деди: “Қалб қулоқлари карлар”.

Бизнинг наздимизда бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзининг таъвилидир:

“Агар сизлар уларни ҳидоятга чорласангиз, эшитмайдилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), улар ўзлари кўрмаган ҳолларида сизга “боқиб” турганларини кўрурсиз” (Аъроф, 198).

У олий Зот яна деди:

“(Қуръон) тирик бўлган шахсларни огоҳлантириш ва кофирларга (азоб) сўзини ҳақ қилиш учундир” (Ёсин, 70)”.

Имом Доримий ва Ибн Асокирлар нақл этишган Абдураҳмон ибн Ғонимнинг (ваф. 78/697)[2] Пайғамбар алайҳиссалом кўксиларини ёрилиши ҳақидаги ривоятида келтирилишича, бу ҳодиса вақтида Жаброил алайҳиссалом, жумладан, шундай дейди: 

“Метин қалбки, унда эшитувчи икки қулоқ, кўрувчи икки кўз бор”.

Бу ривоятни шунга яқин лафзлар билан Абу Нуайм яна бир ишончли тобеин Юнус ибн Майсарадан ҳам мурсал ҳолда ривоят қилган. 

Демак, Қуръон қалб кўзлари ва у орқали қалб собитлигини сақлаш хусусиятига эга эканлиги маълум бўлмоқда. Бу эса Қуръоннинг “мусаббит” – собит қилувчи исми ҳам ояти карималар билан исботланишини кўрсатади.

Ушбу оят тафсирида Имом Замахшарий ва Насафийлар дейдики, фуадни собит қилиш – яқийнни зиёд қилишдир. Бунда эса қалб хотиржамлиги бор. Чунки далиллар кўплиги қалбни собитроқ, илмни мустаҳкамроқ қилувчидир. 

Албатта, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалблари Аллоҳнинг ҳифзи билан энг қувватли бўлгани шубҳасиз. Зеро, у зотнинг қалби ваҳий ўрни эди (“албатта у (Қуръон)ни сенинг қалбингга (Жаброил) Аллоҳнинг изни билан туширди” (Бақара, 97). Аммо у зотнинг қалб кўзлари доимо ваҳийга муштоқ эди, балки бу ваҳий у зот учун тириклик ва ҳаёт асоси эди. Чунки бу у зот учун Аллоҳ билан боғланишларининг энг юксак нуқтаси эди. Бу ўринда ҳам у зотнинг қалблари эмас, балки фуадларини собит қилиш ҳақида гап кетмоқда. Шунинг учун Имом Насафий фуадни собит қилиш ҳақида қуйидаги муҳим тафсирни келтириб ўтган: “ (Ваҳийни) етказиб туришни кетма-кет қилиш, (Жаброил) элчини эса эса изма-из юбориб туриш билан сенинг фуадингдан безовталикни кетказиб, уни собит қилиш учун. Чунки муҳаббат қилувчининг қалби маҳбубнинг мактуби кетма-кет келиб туриши билан сокинлик топади”. 

Шунинг учун дастлаб саҳоба Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бу оятлардаги қалбни саботли қилишни уни хушҳол қилиш деб ҳам тафсир қилган. Яна бир тафсирда эса Қуръоннинг у зот нафсини ҳам хушҳол қилиб, қалбларини сақлашини айтгани ривоят қилинади. Маълум бўладики, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳам қалб, ҳам нафслари, бошқача айтганда ички ва ташқи дунёлари дунёнинг бирон неъмати ёки хурсандчилиги билан эмас, фақат Қуръон билан хушҳол бўлиб, таскин топган. Зеро, у зот ваҳий билан Оламлар Парвардигорига боғланар, натижада қалблари беҳад хушҳол бўларди.

Шунинг учун Имом Қушайрийга кўра, Пайғамбар алайҳиссалом қалблари бошқа Пайғамбарлар қиссасидан олган таскин шуки, Аллоҳ таоло булар орқали у зотга бошқа ҳеч бир Пайғамбарни у зотни кўтарган мақомга кўтармаганини, уларнинг ҳеч бирини у зотни неъматлантириб қўйган нарса билан неъматлантирмаганини билдириб қўйди! Шунингдек, бирор кишига ушбу қиссаларни бу каби таърифлаб, унинг ўзини бу қиссаларга бу каби хослаб айтмади. У зотнинг қалблари ҳам бу қиссаларнинг ўзи билан эмас, балки фақат ўзларигина бу каби қисса қилинишга хосланганликлари билан собит бўларди. Зеро, эшитгани борасида ақл юритган киши билан Ундан бу каби эшитиш борасида якка-ёлғиз бўлган шахс тенг бўлмайди:

Эй фалончи, у ҳақда менга сўзлаб менинг шавқим оширдинг,

Энди эса, эй фалончи, қани, бу сўзларингни менга янада зиёда қилаверсанг-чи!

Имом Абуллайс Самарқандийга кўра, ваҳий билан Пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбларига қувонч кирарди. Абуллайс Самарқандий ушбу масалага ҳам диққатни қаратади: “Сени шодлантириш учун. Агар у зотнинг қалбларига ташвиш етса, у зотга бир ё икки оят нозил бўлади ва ўша билан шоду хуррам бўладилар. У зотнинг умматларига эса уни қабул қилиш осон бўлади”.

Булардан эса Қуръон ўқувчи ҳам қалбига сабот, поклик ва хушҳоллик етиши учун уни бу Китобга боғлаши лозимлиги келиб чиқади. Ҳадиси шарифда дейилади:

“Ким Қуръон ўқиса, дарҳақиқат, нубувват унинг ич-ичига кириб боргандек бўлади, фақат унга ваҳий қилинмайди”.

Яъни уни соф имон ва чин ихлос билан ўқиса, гўёки Аллоҳ билан роз айтишгандек бўлиб, пайғамбарлик даражаси ва илму ҳикматидан насибадор бўлади. Буни ҳадиснинг давомида келган маъно ҳам тасдиқлайдики, бундай киши нубувват хулқидан баҳра топади: 

“Ким Қуръон ўқиб туриб, бирор кишига ўзига берилганидан ҳам афзалроқ нарса берилган деб ўйласа, дарҳақиқат, Аллоҳ арзимас қилган нарсани улуғлаган, улуғлаган нарсани эса арзимас санаган бўлади. Қуръони кўтарувчига жоҳилларга қўшилиб жоҳиллик қилиш, ғазабнокларга қўшилиб ғазаб қилиш, жиззакиларга қўшилиб жиззакилик қилиш лозим эмас. Балки у Қуръоннинг фазли билан авф этади ва улардан четланади” (Имом Табароний, Ҳоким ва Байҳақийлар Ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган).

Зеро, қалби Қуръон билан собиту барқарор бўлган банданинг амали ҳам шунга муносиб тарзда бўлади. Чунки “қалб” луғатда “айланиш” маъносига эга. У тез айланиш хусусиятига эга:

“Қалбнинг мисоли уни шамоллар (унда сув ҳам, экин ҳам бўлмаган) саҳрода айлантирадиган (тақаллуб қиладиган) патнинг мисолидекдир” (Ибн Можа “Сунан”ида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Демак, бу даражадаги таъсирчан қалб уни собит қилувчи омилга муҳтож бўлиб, бу эса Қуръон билан бўлади.

Бошқа саҳиҳ ҳадисларда келганидек, қалб – Аллоҳнинг бармоқлари орасида бўлиб, қандай хоҳласа шундай айлантиради. Демак, у Аллоҳнинг ихтиёрида бўлиб, Унинг қудрати билангина сокинлик топади. Бу эса қалбни Унинг Ўзига боғлаш билан, бу эса уни Қуръонга боғлаш биландир. Зеро, яна бир ҳадисда дейилади:

 “Бандалар Аллоҳга ундан чиққан нарса (Қуръон) билан бўлганидек яқинлаша олмайди” (Имом Термизий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). 

Маълум бўлмоқдаки, Қуръоннинг қалб кўзларини собит қилиши Пайғамбар алайҳиссалом учун уни хушҳол қилиш ва у зотнинг ер юзида ҳаёт кечиришларининг асосий мазмуни сифатида намоён бўлса, у зотнинг умматлари учун уларнинг ўзгарувчан ва тез таъсирланувчи қалбларини собит қилиш учундир.

Демак, Қуръоннинг собит қилувчилик исми илоҳий шавқ соҳибларининг шавқларига кифоя қилиб, ушбудек тўлқинда инсонни собит қилади ва унинг фаолиятини энг тўғри йўлга йўллаб туради. Қалби беқарор инсонларни эса қалбларига сабот ва барқарорлик беради.

Ҳаким Термизий дейди: “Қачонки мўминнинг қалби уйғониб, Парвардигорини ҳаққи-рост таниса, унинг қалбида яқийн нури порлайди. Шунда унинг учун пардалар очилиб, Аллоҳнинг улуғлиги, азамати, жамоли, гўзалллиги, буюклигини мушоҳада қилганида, Унга муштоқ бўлади. Бу шавқ унда давом этавериб, уни безовта қилиб қўяди, ҳаёт эса зериктиради ва қаттиқ сиқилади. Ана шундай вақтларда у Каъбага назар қилиб, роҳат топади. Чунки ўша Унинг уйидир. Ана шундай вақтларда у Қуръонга назар қилиб, роҳат топади, чунки ўша Унинг каломидир”.

Қалб кўзлари энг севимли нарсага қарайди, унинг энг юксаги эса мўмин-мусулмон шахс учун бу дунёда Қуръондир. Шунинг учун Ибн Ажийба бу оятлар тафсирида шундай дейди: “Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фақат ўзларигагина тушмади, балки у бутун оламлар учун шифо, раҳмат ва нурдир, демак у эшитувчиларнинг барининг қалбини (фуадини) собит қилади”. 

 

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими


 

[1] Оятнинг тўлиқ матни ҳам Қуръонга дахлдор: “Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмасларми? Ёки қалбларида қулф борми?”

[2] Ушбу шахснинг саҳобалиги борасида ихтилоф қилинган. Отаси саҳоба бўлган, ўзи ҳам Пайғамбар алайҳиссалом даврида туғилиб, у зотни кўргани айтилади. Фаластин аҳли олими, Шом аҳлининг устозларидан бири дейилади. Зеро, Умар розияллоҳу анҳу бу зотни Шом аҳлига илм ўргатиш учун юборган. 

Izoh qoldirish