09.04.2024

ҲАЙИТ НАМОЗИ ЎҚИЛИШ ТАРТИБИ

Дарҳақиқат, икки Ҳайит намозлари борлиги ҳаммага маълумдир. Бири Рамазон ҳайитида, иккинчиси Қурбон ҳайитида ўқилади. Зеро, Ҳайит намозлари жума намози фарз бўлган кишиларга вожибдир. Икки ҳайит намози ҳам бир хил тартибда адо қилинади. Ҳайит намозларини қуёш икки найза баландлигида кўтарилганидан сўнг заволгача ўқиш мумкин. Ҳайит намозини ўқишга (жамоатга) улгурмаган киши ўзи ўқимайди. Рўза ҳайитининг намози узр сабабли жамоат уни ўқий олмаса, эртасига ўқиш жоиз. Қурбон ҳайити намози ҳайит куни ўқилмаса, кейинги икки кунда ўқилиши мумкин.

Ҳайит намозлари икки ракат вожиб намоз бўлиб, бундай ўқилади: жамоат намоз ўқишга ҳозир бўлиб саф тортганидан сўнг ҳайит намози ўқишга ният қилиб, (Ният: “Шу вақтда вожиб бўлган Рамазон (Қурбон) ҳайити намозини барча такбирлари билан, шу имомга иқтидо қилиб, юзимни Каъбага қаратдим, холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”) такбири таҳрима айтилади (ҳайит намозлари учун иқомат айтилмайди).

Такбири таҳрима айтилиб, қўллар боғланганидан сўнг сано дуоси ўқилади. Кейин имом эшиттириб, қавм эса ичларида уч бор такбир (Аллоҳу акбар) айтади. Ҳар такбирда қўллар қулоқлар тўғрисига кўтарилади. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнда тутилади. Бу тариқа уч бор такбир айтилгач, имом эшиттириб қироат қилади. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг руку ва сужда қилиниб, иккинчи ракатга турилади.

Иккинчи ракатда имом қироатни тугатганидан сўнг, рукудан олдин, биринчи ракатда айтилганидек, уч бор такбир айтилади. Ва яна бир бор тўртинчи такбир айтилиб, рукуга борилади ва сажда қилинади. Саждадан сўнг ўтириб ташаҳҳуд, салавот ва дуо ўқиб салом берилади.

Саломдан сўнг имом минбарга чиқиб иккита хутба ўқийди. Биринчи хутбани кетма-кет тўққиз такбир, иккинчи хутбани етти такбир айтиб бошлаши ва иккинчи хутбани ўн тўрт такбир айтиб тугатиши мустаҳабдир.

Икки ҳайит намозига ғусл қилиб, энг яхши кийимларини кийиб, хушбўй бўлиб бориш суннатдир. Рўза ҳайити намозини адо қилишга боришдан олдин бирор нарса еб олиш суннат бўлади. Қурбон ҳайити намозини ўқиб бўлгунча ҳеч нарса емаслик суннатдир. Қурбон ҳайити намозини ўқишга бораётганда овоз чиқариб такбири ташриқ айтилади. Такбири ташриқ будир: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар. Ва лиллаҳил ҳамд”.

Такбири ташриқ айтиш вожибдир. У Қурбон ҳайитининг арафа кунидан бошланиб, яъни зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни бомдоднинг фарз намозидан сўнг бошлаб айтилиб, ўн учинчи куни асрининг фарзидан сўнг тугатилади. Ҳаммаси бўлиб йигирма уч фарз намозидан сўнг айтилади.

 

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими - Аббосхон Абдуллаев.

 

Фойдаланган адабиётлар 

  1. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя /1 қисм. – Тошкент: “Ҳилол нашр”. - 2019
  2. Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя шарҳ бидоятил мубтади. 1. Қисм. – Тошкент: “Ҳилол нашр” - 2021

 

Izoh qoldirish