10.04.2024

ХАЙРЛИ АМАЛЛАР БИЛАН ЮКСАЛИШ САРИ

Давлат ва жамият ҳаётида юксалиш, ривожланиш жараёнлари кўп жиҳатдан миллатнинг миллий хусусиятларини кўрсатувчи қадриятлар, эзгу анъаналар, ислом дини, унинг маърифий ғояларидан баҳрамандлик туйғуси билан белгиланади. Чунончи, хайру саховат, эзгулик ва яхшиликлар улашиш, бунёдкорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатликка интилиш, илму маърифатга ошнолик, руҳий поклик, гўзал сифатлар ила умргузаронлик қилиш каби ахлоқий фазилатлар асрлар давомида юксак цивилизацияларни юзага келтирган ислом динининг ҳаётбахш ғоялари саналади.

Бугун ана шундай ҳаётбахш ғоялар асосида ўз тараққиёт стратегиясини белгилаган янги Ўзбекистон маънавий-маърифий соҳа ривожида ислом динининг юксак маърифий ғояларидан озиқланиб, амалий ишларида истифода этиб келмоқда. Шу жиҳатдан, ислом қадриятларининг жамиятимиз миллий хусусиятларига, халқ маънавий оламига инсонпарварлик, хотиржамлик, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик, бағрикенглик, аҳиллик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу анъаналари асосида кириб бориши юртимиз ҳаётида кўтаринкилик, ўзгача шукуҳ туйғуларини бахш этмоқда. Айниқса, муборак Рамазон ойида инсонлар ўртасида руҳий покланиш, эзгулик, яхшилик улашиш, саховат, силаи раҳм, ўзаро меҳр-оқибат каби исломий қадриятлар юқори даражада намоён бўлганини кўриш мумкин. 

Халқимиз азал-азалдан ҳамиша бир-бирига кўмаклашиш, меҳр-оқибат кўрсатиш, эзгулик улашиш ва яхшиликка ошнолик туйғуси билан яшаб келган. Президентимизнинг шу йил 7 мартдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида “...билим ва маърифат, маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган муборак Рамазон ойининг аҳамияти катта бўлаётганини таъкидлаш лозим. Мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари ушбу муқаддас ойни доимо орзиқиб, катта хурсандчилик билан кутиб олади. Оила ва маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат ва гўзал хулқ соҳиблари этиб камол топтириш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак ва ёрдам кўрсатиш каби эзгу амалларни сидқидилдан, ихлос билан адо этишга интилади”, дея таъкидланиши замирида ҳам халқимиз қон-қонига сингиб кетган гўзал инсоний фазилатларни амалга оширишга бўлган интилишни кўриш, англаш мумкин.

Ана шундай бебаҳо тарихий онларнинг гувоҳи сифатида беихтиёр кўнгилдан ўтмишнинг суронли йилларидаги миллий ва диний байрамларимизга қўйилган тақиқлар, бундан озорланган минг-минглаб қалбларнинг маҳзун ва мунгли нигоҳлари ўтади. 

Дарҳақиқат, бугун замон янгиланди, инсонга, унинг руҳий дунёси ва эҳтиёжларига муносабат ўзгарди. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, унга эркинлик, қулай шароитлар яратишга хизмат қилмоқда. Диний-маърифий соҳада бой маънавий ва маданий меросни ўрганиш, алломалар қолдирган бебаҳо ижод намуналарини асл қўлёзма манбалар асосида тадқиқ ва тарғиб этиш имконини беряпти. 

Президентимизнинг ташаббуси билан кўҳна ва навқирон шаҳарларимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ташкил қилиниши ҳамда Мир Араб мадрасасига янги ҳаёт бахш этилиши бу борада тарихий чора-тадбирлар бўлди. 

Юртимизда минтақамизнинг буюк муҳаддис, фақиҳ, калом, мутасаввиф олимлари меросининг ўрганилиши, тадқиқ этилиши дунё илм аҳлида катта қизиқиш, юксак эътирофни юзага келтиряпти. Хусусан, 2023 йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида ташкил этилган “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзусидаги халқаро илмий конференция иштирокчиларидан бири, Шаржа университети профессори, Дубай уламолар кенгаши аъзоси Шайх Абдулҳаким Ал-Аниснинг қуйидаги фикрларини келтириш ўринли: “Термиз мусулмон дунёсининг машҳур шаҳарлари каби абадиятга муҳрланган, у ҳар биримиз доимо зиёрат қилишни орзу қиладиган бебаҳо маскан сифатида қалбимизда яшаб келмоқда. Айниқса, ушбу муборак шаҳардан етишиб чиққан алломалар меросидан бутун мусулмон олами фойдаланиб келаётгани маълум ва машҳурдир. Ўзбекистоннинг Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Термиз ва бошқа шаҳарларида қуёш каби нур таратиб, тарбия топган улуғ зотларнинг асарларини Дубай, Қоҳира, Истанбул ва дунёнинг бошқа ўлкаларида дарслик сифатида ўқиймиз ва улардан маънавий озуқа оламиз. Бугун дунёмизда кечаётган кескинлик ва зиддиятлар асносида юртингизда маънавий меросни асраш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ”

Жамиятимизда соғлом диний муҳитни сақлаш, асл манбаларга таянган ҳолда алломаларимиз илмий меросини тадқиқ этиш орқали ботил ва турли адашган оқимларга раддиялар бериш, ёшларга соф ислом таълимотини етказиш, буюк аждодларимиз асарларидаги Ватанга муҳаббат, илм олишга тарғиб, ота-онага эъзоз ва эҳтиром каби улуғ ғояларни кенг жамоатчиликка етказиш каби маърифий тадбирларни ташкил этиш Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ҳам асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, ёшларда соғлом мафкурани шакллантириш, уларни алломаларимизнинг бой маънавий мероси асосида умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш мақсадида 300 дан ортиқ мактаб ва олий ўқув юртларида “Жаҳолатга қарши — маърифат”, “Термизийлар авлодимиз” шиорлари остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари ўтказилди. Янги китоблар нашр қилинди.

Халқаро алоқаларни кенгайтириш мақсадида ўндан ортиқ олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди. Хорижий давлатларга хизмат сафарлари ташкил қилинди, бир қатор халқаро тадбир ва учрашувлар ўтказилиб, олимлар билан ҳамкорлик ўрнатилди. 

Умуман олганда, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш марказимиз фаолиятининг асосини ташкил этади. Шунингдек, муқаддас юртимиз азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада кучайтиришга интиляпмиз. 

Инсоният тарихи далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Миллий қадриятлар, эзгу анъаналар, юксак илму маърифат, бебаҳо мерос миллат яхлитлигини, жамият ривожини ва давлат цивилизациясини белгиловчи жиҳатлардир. Шундай юксак ва бой маънавий-маърифий хазинага эга халқ даврнинг суронли тўфонларига асир бўлмайди, аксинча, жаҳолатнинг жоҳилликларига маърифат зиёси билан жавоб бера олади.

Ўзбекистон ана шундай юксак тамаддун асосига қурилган бағрикенг заминдир. Бу заминда буюк бухорийлар, насафийлар, самарқандийлар, термизийларнинг камолга етиб, ўз фаолияти ва асарлари билан дунё цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшгани бугун янги Ўзбекистонда учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишга имкон бермоқда. Зеро, бағрикенглик, тинчликсеварлик, ҳамжиҳатлик барқарор, маънавий-маърифий ривожланишда ислом маданияти, алломалар мероси таянч бўлган юртда юксалиш, тараққиёт бардавомдир.

 

Музаффархон ЖОНИЕВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).

 

Izoh qoldirish