13.04.2024

ҲАБЛУЛЛОҲ

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ

АЛЛОҲНИНГ ИПИНИ МАҲКАМ ТУТИНГ (ОЛИ ИМРОН, 103)

Оятнинг тўлиқ матни қуйидагича:

“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”.

Ушбу оятдаги “Аллоҳнинг ипи” ёқи “арқони” ҳақида Ибн Аббос, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум ва бошқа муфассирлардан “Аллоҳнинг дини Ислом”, “Аллоҳнинг аҳди ва буйруқлари”, “Аллоҳнинг Китоби Қуръон”, “суннат йўли ва ҳидоят”, “жамоат”, “умматнинг ижмоси ва далиллари”, “Аллоҳинг якка Ўзига ихлос қилиш” маънолари ривоят қилинган.

Албатта, ушбу “арқон”нинг Қуръон эканлиги ҳадиси шарифларда ҳам келган:

“У (Қуръон) Аллоҳнинг метин арқонидир” (Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

“Аллоҳнинг Китоби осмондан ергача чўзилган Аллоҳнинг арқонидир” (Табарий Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Кўплаб муҳаддис олимлар бир қанча саҳобалардан ривоят қилишган бошқа ҳадислардаги маъноларни ҳам жамласак, уларда яна шундай зикр этилади: “Албатта, ушбу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони бўлиб, унинг бир тарафи Аллоҳнинг, бир тарафи сизларнинг қўлларингизда. Сизлар агар уни маҳкам тутсаларингиз ундан сўнг ҳаргиз адашмайсизлар ва ҳалок бўлмайсизлар”.

Имом Табарий “арқон”нинг маъноси ҳақида дейди: “У исталган нарса ва эҳтиёжни қондиришга олиб борадиган сабабдир. Шунинг учун омонлик ҳам “ҳабл” (арқон) деб аталди. Чунки у хавфни кетказиш кетказиш ва хавотиру қўрқувлардан нажот берувчи сабабдир”. “Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзида акс этган:

“Аллоҳ ипи бўлмаса ёки одамлар ипи бўлмаса, уларга қаерда бўлсалар ҳам, хорлик битилди” (Оли Имрон, 112). Яъни омонлик бериши бўлмаса.

Ҳаким Термизий Қуръоннинг бу исмига тўхталар экан, дейди: “Аммо “ҳабл” (арқон)га келсак, у боғланиш сабабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига эътибор беринг: “Албатта, ушбу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони бўлиб, бир тарафи Аллоҳнинг, бошқа тарафи сизларнинг қўлларингизда, бас, сизлар уни маҳкам тутингиз”. Аҳд – икки кишини орасида ваъдадек қўйилган сабаб юзасидандир. Фақат унинг ваъдадан фарқи шуки, ваъда ўз мағзида катта нарсаларни лозим қиладиган масъулиятдан гапирмайди, аҳднинг ичида эса Аллоҳ таолонинг буйруқ, қайтариқ ва убудият (қуллик) баёнидан иборат тавсияси бордир”.

Имом Мотуридий ҳам бошқа тафсирлар қатори аҳд масаласини келтирар экан, дейди: “Ҳабл – бу ўзи аҳд. У зот Қуръонда келган аҳдларни тутиш, унга вафо қилиш ва уларни сақлашга буюриб, ўтган умматлар каби фирқаларга бўлиниб кетиб, динларида ихтилофга тушиб қолганлар каби фирқаларга бўлиниб кетишдан қайтармоқда”. 

Булардан келиб чиқадики, Қуръон Яратган ва яратилмиш орасини мувофиқлаштирувчи, Яратганнинг розилигига эриштирувчидир.

Абуллайс Самарқандий дейди: “Баъзи ҳукамолар шундай дейишган: “Албатта, дунёда яшаётган кишининг мисоли, худди қудуққа тушиб қолган одамдек, унда ҳар турли офатлар бор. Дунё ҳам меҳнату машаққат макони, унда ҳам турли хил офатлар бор. Энди ундан нажот топиш учун мустаҳкам бир арқон лозим. Ана ўша Аллоҳ таолонинг Китобидир”.

Маълум бўладики, Қуръонга боғланган киши Аллоҳнинг якка Ўзига ихлос қилиб, Унинг дини Исломга интилар экан, жамоатни лозим тутиш, уммат ижмо қилган йўл ва унинг далилларига эргашиш билан зоҳирий, асл ҳидоят бўлган Пайғамбар алайҳиссалом суннатларини тутиш билан ботиний тарафдан нажот топиб, Аллоҳнинг Қуръонда келган аҳдларига вафо қилишга муваффақ қилинади.

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish