29.07.2024

ҚАДИМДАН САҚЛАНИБ КЕЛАЁТГАН МАНЗИЛЛАР ТАРИХИ

(Хомкон қишлоғи материаллари асосида)

Тарихдан маълумки, ҳеч бир халқ ва қабила ўзича тараққий эта олмайди, аксинча, қадимий қишлоқ ва шаҳарлар қўшни аҳоли манзиллари билан боғлиқ равишда ривожланган. 

Сўлим қишлоқ – Хомкон “пишмаган туз кони” маъносини билдиради. Тарихчи олим С.Турсуновнинг “Сурхондарё вилояти топонимлари” китобига мурожаат қиладиган бўлсак, Хамкон (Хомкон асли туз кон демакдир) – Шеробод туманидаги қишлоқ. Жанубий Ўзбекистоннинг икки тилли шеваларида тоғ бағирларида чуқур жой, кам, камар, ботиқ жой. Кон (ком) сув ўзани, анҳор, йирик ариқ, қазиб оқизилган сув. “Хамкон” чуқур сув ўзани, чуқурликдан оқадиган сув, сувли чуқурлик маъноларини англатади[1].

Туз кон ўрнида жуда катта майдонни сув билан эгаллаб турган Канбешбулоқ кўли пайдо бўлган. Бу кўл Сурхондарё вилоятидаги кўзга кўринган кўллардан бири бўлиб, давлат муҳофазасига олинган. Канбешбулоқ кўлининг сув сатҳи майдони 200 гектарни ташкил этади. Канбешбулоқ кўлини ёнидаги кўлчалари ва жарликлари билан қўшиб ҳисобласак, қарийб 400 гектарни ташкил қилади. 

Хомкон кўлининг пайдо бўлиш тарихига тўхталадиган бўлсак, Канбешбулоқ кўли бундан 200 йиллар олдин пайдо бўлган. Кўлнинг жойида дастлаб майдароқ туз кони ҳамда Саидхон эшонбобонинг ҳовлиси бўлган. Саидхон эшонбобо кўчиб келган йилларидан бошлаб туз кони чўкиб, унинг ичида сув пайдо бўла бошлаган. Йиллар ўтиши натижасида кўл анча кенгая борган. Кўл пайдо бўлишидан олдин ва ундан кейин ҳам туз конидан туз қазиб олиб фойдаланишган. Иккинчи жаҳон урушига қадар хомконликлар кўл қирғоқларидан туз қазиб олиб, эшаклар ёрдамида Денов, Узун, Сариосиё, Бойсун ва шу каби кўплаб жойларга олиб бориб сотишган ёки айирбош қилишган. 

Масалан, заҳматкаш халқнинг эслашича, аҳолининг машаққатли меҳнатини биргина Кичкилхон эшонбобо мисолида айтадилар: у киши жуда меҳнаткаш ва жисмонан бақувват бўлиб, 2-жаҳон урушига қадар доим туз чопган ва 80-90 кг тузни орқалаб, Денов, Олтинсой, Сариосиё туманларигача олиб бориб сотган. У киши колхоз ишларида фаол меҳнат қилганликлари учун 1947 йил 22 февралида “Шавкатли меҳнати учун” медали билан собиқ СССР олий совет президиуми фармонига асосан мукофотланган, деб эслайдилар[2].

Канбешбулоқ суви кейинги йиллар ичида кескин баландга кўтарилиб, кенгайиб бормоқда. Кўлдан чиқаётган сув апканда (ўпқон)га кириб кетмоқда. Бунинг исботи сифатида, Қизириқ тумани Хомкон қишлоғида истиқомат қилувчи Анваров Ҳамрохоннинг хотирлашича, Совет иттифоқи даврида Хомконга келган геологлар кўл сувини ўрганиш мақсадида балиқ думига халқа боғлаб ташлайдилар. Балиқ бошқа бир кўлдан, яъни Кўҳитанг қишлоғида мавжуд бўлган кўлдан чиқиб келади. Бу нарса Хомкон кўли ер ости сув йўллари билан туташганлигини англатарди. Геологлар янаям ишонч ҳосил қилиш учун Хомкон кўлига ранг ҳам қуйиб кўрганларида ранг ҳам бошқа жойдан чиқиб келади[3].

Хомкон кўли қуйидаги бешта булоқдан тўйинади: Ширинбулоқ, Тошбулоқ, Ўнгбойбулоқ, Ўчоқсой, Лойбости булоқлари[4].

ХХ асрнинг 80-йиллари бошларида қадимшунос олим Ш.Пидаев иштирокида Мўнчоқ ва Лойбости қўрғонларига илмий сафар уюштирилади. Кузатишлар шуни кўрсатадики, мазкур қўрғонлар Кушон даврига тааллуқли экан. Тадқиқот даврида тарих даракчилари ҳисобланувчи бир неча истеҳком ўринлари, чўян эритиб олиш қўралари ва қурол-яроғ ясайдиган темирчилик устахоналарининг излари мавжудлиги кўринади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, Александр Македонский аскарлари Мўнчоқда бир мунча вақт қишлаган. Истеҳком излари унинг лашкарига тегишли бўлганини айтишади. Александр Самарқандни забт этгандан кейин Ҳисорга юриш бошлаган ўз аскарларини қуроллантириш мақсадида чўянли сойдан темир рудалари бор тошларни териб келиб, атрофидаги писталарни кесиб, пистакўмир тайёрлаб, чўян ажратиб олган. Уни Мўнчоқсойга келтириб, лашкари учун қурол-аслаҳа ясашда фойдаланган. Бу ер стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган жой бўлгани учун Македонский қўшини шу ерда “қўниш” қилиб ўтган. Мўнчоқтепадан мис тангалар ҳам топилган. 

Каттапойда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Шайбонийхон лашкарларининг ҳаракатини кузатиш учун кузатув қўрғони қурдирган. У чим ва тошлардан ясалган. Худди шундай кузатув жойлари Киршаксойдаги Оқдаҳна ва Оқбош тоғларининг устида ҳам бўлган. Айтишларича, Танги дарага киравериш жойида истеҳком деворларининг ўрни бўлган. Бу ўз-ўзини мудофаа қилиш деворлари бўлса керак. 

Тараққиёт давом этар экан, кишиларнинг дунёқараши ҳам ўзгариб боради. Қишлоқда жуда қадим замонлардан буён мавжуд бўлган азиз-авлиёларнинг зиёратгоҳлари бор. Авлиёларни қишлоқ аҳолиси ихлос билан зиёрат қилишади. Айниқса, кўл бўйидаги “Канбешбулоқота” мозори ва мозор ёнида жойлашган “Нуртош” зиёратгоҳига одамлар тез-тез бориб туришади. 

Нуртош ЮНЕСКОнинг моддий-маданий бойликлар рўйхатига киритилган. Хомконлик қарияларнинг ахборот беришича, бундан бир неча юз йил олдин Нуртош, яъни нефрит тоши самодан туширилган экан (Бизнингча, бу ерга комета учиб тушган бўлса керак. Ф.М.)[5].

2007–2009 йилларда хомконликлар учун муқаддас ҳисобланган Канбешбулоқ ота зиёратгоҳи Эркин Бойниёзов ва хомконлик қариялар Юсупов Саман, Кичкилов Вафохон, Маматалиев Бойматлар бошчилигида қишлоқнинг ҳимматли кишилари томонидан қайта таъмирланди[6].

Бундан ташқари, Хомконнинг муқаддас жойларига Хўжаиоқсар, Қўчқорбулоқ, Ҳайдаргаза ва Шўрсув каби зиёратгоҳларини келтириб ўтишимиз мумкин.

Ривоятларга қараганда, Ҳайдаргазада Абдужабборхон ҳожининг қабрига йўлбарс келиб ётар экан. Соҳибкаромат Абдужабборхон ҳожининг дами-дуоси жуда кучли бўлиб, кўп нарсалар олдиндан аён бўлган. Жумладан, қишлоқдаги Канбешбулоқ кўлининг пайдо бўлишини ҳам олдиндан айтиб берган эканлар. У киши 95 ёшларида вафот этиб, вафотларидан олдин кампирининг ҳам вафот этиш ёшларини аён қилиб кетган. Эшонбобонинг аёнлари тўғри чиқиб, кампири ҳам 95 ёшларида вафот этган[7].

Юқорида биз қайд этган Хўжаиоқсор зиёратгоҳида булоқ бўлиб, бу булоқнинг ажойиб табиий хусусияти шундаки, булоқдан 21 март куни сув чиқиб, октябрь ойида қурийди. Бу ҳодиса ҳар йили айнан шу тариқа такрорланади. 

Қишлоқда яшовчи катта-кичик барча одамлар ўзлари яшаб турган манзилларининг тарихини билишга интиладилар ва турли хил ривоят, ҳикоя, қиссалар оғиздан-оғизга ўтказиб, сақланиб келинмоқда.

Кичкилова Матлуба Хамзаевна,

Термиз муҳандислик-технология институти

Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Дала ёзувлари. Қизириқ тумани, Хомкон маҳалласи, 2021 йил. 
  2. Дала ёзувлари. Шеробод тумани, Хомкон қишлоғи, 2020 йил. 
  3. Турсунов С. Сурхондарё вилояти топонимлари. – Тошкент: “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси” нашриёти, 2008. 


 

[1] Турсунов С. Сурхондарё вилояти топонимлари. – Тошкент: “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси” нашриёти, 2008. – Б. 83.

[2] Дала ёзувлари. Шеробод тумани, Хомкон қишлоғи, 2020 йил. 

[3] Дала ёзувлари. Қизириқ тумани, Хомкон маҳалласи, 2021 йил. 

[4] Дала ёзувлари. Шеробод тумани, Хомкон қишлоғи, 2020 йил. 

 

[5] Дала ёзувлари. Қизириқ тумани, Хомкон маҳалласи, 2020 йил. 

[6] Дала ёзувлари. Қизириқ тумани, Хомкон маҳалласи, 2020 йил.

[7] Дала ёзувлари. Шеробод тумани, Хомкон қишлоғи, 2012 йил. 

Izoh qoldirish