31.07.2024

МАХТУМҚУЛИ ҲИКМАТЛАРИДА ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ БОРАСИДАГИ ҒОЯЛАРНИНГ НАМОЁН БЎЛИШИ

Ўз замонасининг етук мутафаккири Махтумқули Фироғий маънавий мероси асрлар оша кўплаб миллат ва элатлар, жумладан, туркий халқларнинг эзгулик йўлидаги кечмишида йўлбошловчи ғоявий маёқ вазифасини ўтаб келган десак, муболаға бўлмайди. Унинг панд-насиҳатлари, шеъру ғазаллари ҳали ҳамон инсонларнинг қалбини туғёнга келтириб, яхшилик ва савоб ишларга чорлаб келади. Мазкур мақолада мутафаккир қаламига мансуб ҳикматларга асосланиб, унинг ҳаёт фалсафасини имкон қадар таҳлил қилишга ҳаракат қилдик.

Махтумқулининг шаклан содда, лекин жуда чуқур фалсафий мазмунга эга ҳикматларини мутолаа қилар эканмиз, уларда катта ҳаётий фалсафага дуч келамиз. Аллома ҳикматларининг асосини иймон-эътиқод, ўлим ва ҳаёт, умр ўткинчилиги ва охиратнинг боқийлиги, қиёматнинг ҳақлиги ва огоҳлик билан унга ҳозирлик кўриш зарурлиги каби эзгу ғоялар ташкил этади. Инсоннинг умри жуда қисқа эканлигини, уни беҳуда ишларга сарф этмасликни, оламни англаш, савобли амалларни кўпроқ адо қилиш лозимлигини ўз ҳикматларида кўп бора уқтирган. 

Ғоятда мураккаб турмуш шароитлари ва тақдир зарбалари Махтумқулининг ҳаёт фалсафасини шакллантирган муҳим омиллар бўлди. Севгилиси Менглихондан айрилиш, ота-онаси ва яқин жигарларидан, айниқса, икки ўғлидан эрта жудо бўлиш унинг ҳаётидаги энг аянчли воқеалар эди. Шундай вазиятда алломанинг ягона илинжи, таянчи, унинг ижоди бўлди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, атрофида яқинлари қолмаган бир шароитда унга далда бўлган ягона нарса – бу қоғоз ва қалам эди. У ҳаётда кўрган-кечирганлари асносида ўз фикрларини ижод маҳсули бўлган ҳикматларида, панд-насиҳатларида баён этар экан, бу ҳаётда ҳеч қачон тушкунликка тушмаслик зарурлигини уқтиради. Фоний дунё ҳою ҳавасларига эмас, балки боқий дунё тадоригига кўпроқ эътибор беришга чорлайди.

Махтумқулининг “Бўлмас” деб номланган ҳикматида умрнинг ўткинчилиги хусусида, мол-дунёга ружу қўймаслик ҳақида ажойиб фикрлар баён этилган:

“Мағрур бўлиб кезма умринг гулига,

Дуч бўларсан бир кун хазон елига,

Юз йил яшаб, тушсанг ажал қўлига,

Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас”[1].

Бу ерда мутафаккир умр гули дея ёшликни назарда тутиб, унинг ўткинчи эканлигини, хазон елига менгзалган кексалик даври кўз очиб юмгунча келиб қолишини таъкидлайди. Инсон қанча узоқ яшамасин, барибир, бир кун келиб, бу фоний дунёни тарк этажагини унутмасликни уқтиради. Ҳаётнинг шунчалар қисқалигини чапдан ўнгга боққанчалик фурсатга ўхшатади.

“Кўринг” деб номланган шеърида эса мавзуни давом эттириб, кишиларни қаноатга чорловчи, мол-дунёнинг ўткинчи эканлигини уқтирувчи панд-насиҳатларни баён этади:

“Бир нечани қилдинг моли бисёри,

Бир нечани қилдинг бир пулнинг зори,

Яхши-ёмон одам зотининг бори

Навбат билан ўтиб боришин кўринг”[2].

Ҳаётда кимдир бой, кимдир камбағал, кимдир яхши, кимдир ёмон бўлади. Лекин барибир барча навбати билан бу дунёни тарк этади. Инсондан бу дунёда фақат яхши ёки ёмон хотиралар қолади. Бунга эса ҳар ким умри давомида эришиб боради, деган хулосани такрор-такрор таъкидлаб ўтади аллома.

Махтумқули ҳаётда жуда кўп қийинчиликларга дуч келган, яхши-ёмон, бой-камбағал, виждонли-виждонсиз, ақлли-аҳмоқ одамларни учратган. Мол-дунёга хирс қўйиб охиратни унутиш қанчалар аянчли эканлигини тасвирлаб ёзган мисралар орқали мутафаккир инсонларни огоҳликка даъват қилади:

“Олтин-кумуш, шоҳи-ипак бўлар дом,

Охиратнинг йўлин тўсарлар мудом.

Бу бозорни қиздирди чарх тонгу шом,

Ким ютдики унда, сен ҳам ютарсан”?[3].

Бу ерда Махтумқули молу дунё орттириш йўлида умрини ўтказаётган одамларга мурожаат этиб, бойликнинг дом (тузоқ) эканига урғу беради. Инсонни охират ҳақида ўйлашдан чалғитадиган бир ғов, тўсиқ дея таърифлайди. Муҳими, бу бозорга менгзалган дунёда шу кунгача ҳеч ким ютмаган ва ютмаслиги тайин деган хулосага келади. Одамзоднинг гулдек умри ҳою ҳавас, мол-дунё орттириш, ўйин-кулгуга исроф бўлаётгани унга тинчлик бермайди, қийнайди, беҳаловат қилади. Айнан мана шундай ҳикматлар алломанинг етук файласуф даражасига етганлигини кўрсатади.

“Умримни сарф этдим ҳой билан войга,

Қуллуқ-тоат айламадим Худойга.

Йигитлик чоғимни ўтказдим зоя,

Энди на куч-қувват, на бир жўш қолди”[4].

Ёки:

“Чўх бездирса қариликнинг заҳари,

Бузуқ бўлар кўнгил-вужуд шаҳари,

Қўлдан кетса йигитликнинг баҳори,

Қувват қочар, тиз эгилар, бел қолмас”[5].

Ёшликнинг ўткинчилиги, қувватнинг танага меҳмонлигини таъкидлар экан, Махтумқули инсонларни яхши амалларни йигитлик вақтида кўпроқ қилишга чорлайди, кексайганда фақат насиҳат қилишга имкони бўлишини, шу боис ёшликнинг қадрига етиб, кўпроқ эзгу амалларни адо этиш лозимлигини уқтиради:

“Қарига айланди биз кўрган ёшлар,

Ташланди оёққа биз кўрган бошлар,

Бемаҳал юк боғлаб энди қардошлар,

Охират қасдига кўча бошлади”[6].

Умуман олганда, Махтумқулининг ҳаёт ҳақидаги қарашларида кўпроқ охиратни ўйлаш, бу дунё лаззатларига учмаслик, ёшликнинг қадрига етиш каби ғоялар устуворлик қилади. Аллома ўзи яшаган давр талотўплари исканжасида ҳаёт фалсафасини шакллантириб борди.

Шу ўринда бир мулоҳазани баён этсак. Охират ҳақида кўп фикрлар юритганлиги учун Махтумқулини пессимист деб аташ ноўрин бўларди. Аксинча, у инсонларни огоҳликка, хушёрликка чорлаб, эзгу амалларга даъват этган. Ўз элининг бахтли келажагига чин кўнгилдан ишонган, ҳаёт зарбаларига мардонавор туриб берган оптимист инсон десак, тўғри бўларди. Махтумқулининг аянчли тақдир синовларига дош бериб, қанчадан қанча ҳикматлар яратишга ўзида куч топа билганлиги унинг ҳақиқий мардлигидан далолат беради. Ҳаётнинг арзимас қийинчиликлари олдида мағлуб бўлиб, эсанкираб, ўзини йўқотиб қўядиган одамларга айнан унинг ҳаёт йўли намуна бўла олади.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, Махтумқулининг ҳаёт ҳақидаги фалсафий қарашлари неча замонлардан бери ўзининг қимматини инсониятга кўз-кўз қилиб келмоқда. Унинг ҳаётий ҳикматлари инсонларни тўғри яшашга, инсофли, диёнатли бўлишга даъват этиб келади. Бугунги шиддатли замонда мутафаккир панд-насиҳатларига бўлган эҳтиёж янада ортган.

Шу боис, бизнинг фикримизча мазкур эҳтиёждан келиб чиқиб айни пайтда:

–  аллома ҳикматларини кенг омма эътиборига ҳавола этиш; 

– унинг ҳаёт йўли тўғрисида бадиий-оммабоп асарлар яратиш ишларини кенг кўламда ташкиллаштириш; 

–  бу борадаги ишларга соҳанинг етук олимлари ва мутахассисларини жалб этиш;

– мутафаккир фаолиятига доир илмий-тадқиқот ишларини тизимли тарзда йўлга қўйиш ва рағбатлантириш;

– таълим тизимида мутафаккир ижод намуналарини ўрганишга доир предметлар, дарс машғулотларини кенгайтириш; 

  •  жараёнда халқаро ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор бериш мақсадга мувофиқ бўларди. 
  •  

Абдуллаев Мадамин Саотбоевич,

Урганч давлат университети мустақил тадқиқотчиси

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Махтумқули. Дунё ўтиб борадир. (Нашрга тайёрловчи, сўз боши ва изоҳлар муаллифи Эргаш Очилов) – Тошкент: Шарқ НМАК Бош таҳририяти, 2007. – Б. 240.
  2. Махтумқули. Ҳикматлар. (Таржимон ва тузувчи Э.Очилов) – Тошкент:  O’zbekiston, 2013. –  Б. 248.
  3. Махтумқули Фироғий. Сайланма. (Таржимонлар: А.Жумаев, Ж.Зулпиев) – Тошкент:  O’zbekiston, 2008, – Б. 408.


 

[1] Махтумқули. Дунё ўтиб борадир. (Нашрга тайёрловчи, сўз боши ва изоҳлар муаллифи Эргаш Очилов)                             – Тошкент: Шарқ НМАК Бош таҳририяти, 2007. – Б. 22.

[2] Махтумқули. Дунё ўтиб борадир. (Нашрга тайёрловчи, сўз боши ва изоҳлар муаллифи Эргаш Очилов)                             – Тошкент: Шарқ НМАК Бош таҳририяти, 2007. –  Б. 25.

[3] Махтумқули. Ҳикматлар.(Таржимон ва тузувчи Э.Очилов) –Тошкент: O’zbekiston, 2013. – Б. 61.

[4] Махтумқули Фироғий. Сайланма. (Таржимонлар: А.Жумаев, Ж.Зулпиев) – Тошкент:  O’zbekiston, 2008. – Б. 138.

[5] Ўша манба, – Б. 50.

[6] Махтумқули. Дунё ўтиб борадир. (Нашрга тайёрловчи, сўз боши ва изоҳлар муаллифи Эргаш Очилов)                             – Тошкент:  Шарқ НМАК Бош таҳририяти, 2007. –  Б. 59-60.

Izoh qoldirish