07.01.2025

СИЁСИЙ ИХТИЛОФЛАРНИ ҲАДИС ИЛМИГА ТАЪСИРИ

(Акром Умарийнинг “ Ҳадис илмига тўқима ҳадисларни кириб келиши” китобидан)

Ҳадис текшириш методлари бугунги кунда ҳам ахборотни текшириш учун яхши намуна бўлиб хизмат қилади. Улар замонавий факт-чекинг усулларига жуда ўхшайди. Ёлғон маълумотларнинг тарқалиши, жумладан, ижтимоий тармоқларда фейк хабарларнинг тарқалиши ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлиб, ўша даврдаги тўқима ҳадислар муаммосига ўхшайди.

Сиёсий манфаатлар учун динни қурол қилиб ишлатиш ҳолатлари ҳозир ҳам учраб турибди ва бу динни сиёсийлаштириш хавфини сақлаб қолмоқда. Диний манбаларни нотўғри талқин қилиш муаммоси ҳам ҳозирги замонда мавжуд.

Илмий марказлар ўртасидаги соғлом рақобат илм ривожи учун муҳим бўлиб, улар ўртасида ҳамкорлик зарурати мавжуд. Илмий анъаналарни сақлаб қолиш ҳам катта аҳамиятга эга.

Мазкур мавзуларнинг долзарблиги, жумладан, Акрам Зиё Умарийнинг “Ҳадис илмига тўқима ҳадисларни кириб келиши” китобида келтирилган методологик ёндашувлар ва илмий принциплар замонавий тадқиқот ишлари учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб беради.

Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалиги иккинчи яримига келиб, уммат ичида ихтилофлар пайдо бўла бошлади. Баъзилар Усмонни айблашди. Фитна Ислом оламига тарқалди. Фитна Усмонни шаҳид бўлиши билан тугади. Лекин Ислом оламида тарқоқлик асари пайдо бўлмади. Кўпчиликда кўролмаслик ҳиси пайдо бўлди. Хотиржамлик йўқолди. Шу билан бирга Усмон халифалик даврида ҳадис тўқиш аломатлари кўринмади. Абу Савр Фаҳмий ҳикоя қиладилар: «Усмонни олдига бораётган эдим. Ибн Удайс[1] минбарга чиқиб, «Абдуллоҳ ибн Масъуд менга ривоят қилдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Усмон[2] розияллоҳу анҳу хотинига алданган Убайдадан ҳам кўра, адашувчан», деди.[3] Бу ривоят Усмонга етказилгандан сўнг, Усмон: «Ибн Удайс ёлғон сўзлабди. Қасам Аллоҳни номига ким, ибн Удайс ибн Масъуддан ҳадис эшитмаган. Ибн Масъуд ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу сўзларни эшитмаган» деди.[4] Бу ривоят санади узилган ривоятдир. Ровий ибн Лаҳия шиаликда муккасига кетган киши ҳисобланади. Усмонга бўҳтон қилиши унинг бузуқ эътиқодига далолатдир. Ҳадис бундай ровийдан қабул қилинмайди. Юқорида ўтган воқеалардан билинадики, сохта ҳадислар тўқиш Жамал, Сиффийн, Наҳривон маъракасида сиёсий гуруҳлар, шиа ва хорижийлар пайдо бўлиши туфайли сиёсий фитналар авж олган замонда кўпайди. Қуръон оятлари ва ҳадис матнларидан қилмишларига асос тополмаганларидан сўнг, баъзи нобакорлар ёлғон ҳадис ривоят қилишга ружуъ қилишди. Қалбларда чуқур ёдланган Қуръон оятларига ружуъ қилишда уларда мажол йўқ эди. Қуръони Карим фитна замонидан аввалроқ жамланган ва тартибланган эди. Шунинг учун Қуръони Каримдан кейин жамланиши кечиккан ҳадиси шарифга ёлғон, тўқима ҳадислар тўқишга журъат этишди. Исломнинг биринчи асрида ҳадисни жамлашда илм аҳллари ўртасида ихтилофларни кўрамиз. Баъзи олимлар ҳадисларни ёзиб олмасдан, ёдлашга даъват этардилар. Баъзи олимлар ҳадисларни ёзиб олиб сақлардилар.[5] Хулофои рошидинлар замонида ҳадисларни оз қисми жамланди. Бу фурсат аҳли ҳаволарга ўзларини мақсадларини рўёбга чиқариш учун қулай замон эди. Бу озгина вақт бўлиши билан бирга, сохта ҳадисларни оз қисми ҳижратни иккинчи ва учинчи асрларида юзага келди. Мавзуъот ва зуафолар китобида номлари тилга олинган ваззоълар (тўқима ҳадис тўқувчи) шу асрда яшаб ўтишган. Баъзи шиалар Али розияллоҳу анҳуни фазли ва Муовия розияллоҳу анҳуни таънаси ҳақида ёлғон ҳадислар ривоят қилишди.[6] Баъзилар Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу, Муовия розияллоҳу анҳуни фазилатлари ҳақида рақибларига жавоб тариқасида тўқима ҳадислар ривоят қилишган.[7] Саҳобаларни ҳақоратлаш ҳолати кўпайган замонда саҳобаларнинг барчаси ё  баъзисининг фазилатлари ҳақида тўқима ҳадислар тўқилди.[8] Бу ҳолат турли тоифалар орасида сиёсий ва фикрий курашни акс эттиради. Тўқима ҳадислар ҳижратни иккинчи ва учинчи асрларида кўпайди. Лекин бу ҳадислар ҳижратни биринчи асрини яримидаги ҳодисаларни ўзида жамлайди.[9] Турли фирқалар аро баҳс ва мунозаралар баъзи фирқаларни тўқима ҳадислар тўқишига туртки бўлди. Хилофат масаласи тўқима ҳадисларни бош мавзусига айланди.[10] Шиалар ва уларга қарши тоифалар ўз маслакларини қувватлаш учун ёлғон ҳадислар тўқиб чиқаришди. Аббосий халифаларни солиҳлари ҳақида ҳам ҳадислар тўқилди. Баъзи тоифалар Алавийларни халифаликдан қайтариш ва уларни халифаликдан маҳрум қилиш учун бу йўлдан фойдаланишди.[11] Шиалар тўқима ҳадислар яратишда кўп саъй ва ҳаракат қилишди. Шу боис Ислом алломалари Абу Ҳанифа[12], Абдуллоҳ ибн Муборак[13], Молик[14], Шурайк ибн Абдуллоҳ[15], Язид ибн Ҳорун[16], Шофеъийлар[17] шиалардан ҳадис ривоят қилмоқдан умматни огоҳлантиришди. Айниқса Кўфа шаҳрида ёлғон ҳадислар кўпайиб кетди ва улар тез тарқала бошлади. Али розияллоҳу анҳу Кўфани халифалик пойтахтига айлантиргандан сўнг, Кўфа аҳли Шомликлар билан бўлган жангларда оғир машаққатларни бошдан кечирди. Кейинчалик баҳс мавзўси, Умавийларни ҳоким этиб тайинлаш компаниясига ўтди. Улар салтанатда қолиш ва ўз орзулари илинжида ёлғон ҳадислар ўйлаб чиқишди. Сиёсат орзуи ва Умавийларга ҳасад билан қараш юғрилган жамоаларда, Умавийлардан салтанатни қайтариб олиш ва уларни камситиш ва ўзларини далилларини қўллаш мақсадида, тўқима ҳадислар тўқиш ривожланди. Мухтор Сақафий Ансорийга ўғлининг қудуғи, ўн минг дирҳам пул, мато, арава, хизматкорларни ҳадя қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан менинг халифа лавозимига чиқишим учун ҳадис ривоят қил», дейди. Ансорий рад этади. Бироқ, бошқа киши арзимас мол-дунё эвазига у ҳақида ёлғон ривоят қилишга рози бўлади.[18] Баъзи алдоқчилар вазиятдан фойдаланиб, илм ҳалқалари ташкил этдилар. Осим Аҳвал (ваф. 142/760) баён қиладиларки: «Мен кўп илм мажлисларини шоҳиди бўлдим. Омий кишилар араб тилини билмай туриб, илм мажлисларида бош бўлиб, саводсиз кишиларни атрофларида йиғиб ўтиришар, саводсиз кишилар уларнинг сўзини диққат билан эшитардилар».[19]

Шу жоҳилларнинг мажлиси сабаб, шариатга эътиборсизлик, тақво қилмасликка далолат қилувчи ҳукмлар уммат орасида тарқалди. Ибн Аббосга Али розияллоҳу анҳунинг ҳукми деб ёзилган мактубни олиб келишди. Ибн Аббос мактубни оз жойини қолдириб, қолганини ўчириб ташлади.[20] Аъмаш (ваф. 148/766) айтадики: «Кўфийлик шайхни кўрдим. Али розияллоҳу анҳунинг уч талоқ тўғрисидаги ҳукмларини бузгани ва омма уни шу ишга мажбурлаганини айтди».[21] У замонларда Кўфадан кўплаб тўқима ҳадислар тўқилиб чиққани боис, Ислом оламида илм ва ривоят маркази бўлган Ироқ мамлакати ҳақида ёмон тасаввур пайдо бўлди. Ироқлик олимлар илмий салоҳияти турли мусулмон давлатларда қуйи поғонага тушиб кетди. Оиша онамиз: «Эй Ироқликлар Шом аҳли сизлардан кўра яхшироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўп нафар саҳобалари Шомга келишди. Улар бизларга бизлар биладиган ҳадисларни ривоят қилиб беришди. Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни оз нафар саҳобалари келган. Сизлар бизларга, бизлар биладиган ва билмайдиган ҳадисларни ривоят қилгансизлар», дедилар.[22] Ироқликлар жамоаси бир гуруҳи Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан Макка шаҳрида уларга ҳадис ривоят қилиб беришини сўрашди. У зот уларга «Ироқликлар ичида ёлғон ҳадис тўқийдиган қавмлар бор», деб жавоб бердилар.[23] Зуҳрий (ваф.114/732) зикр этадилар: «Ироқликлардан ҳадис эшитсанг қабул қилма ва яна қабул қилма».[24] Товус баён қиладилар: «Ироқликлар сизга юзта ҳадис ривоят қилса, тўқсон тўққизтасини ташланг».[25] Бунинг натижаси Ҳукумат Дамашқда Ироқликларга илмий узлат татбиқ этди. Аҳком масалаларида лозим фатволарни сўраш, тақиқланди. Фақат Шом ва Мадина олимларига рухсат берилди. Авзоий айтадилар: «Халифалар Шом мамлакатида истиқомат қилардилар, бирон масалада Шом ва Мадина аҳли илмларига мурожаат қилардилар. Ироқликлар ривоят қилган ҳадислар уйларининг деворидан ташқари чиқмасди. Шом олимлари Ироқликларни «антиқа одатидан» ҳимояланардилар».[26] Авзоийнинг «антиқа одатидан» мурод Ироқликларнинг суннатдан узоқлашганларини назарда тутган. Бу ибора орқали у балки Дамашқ ҳукуматига қарши чиққанларни ва хорижийларни назарда тутган бўлиши мумкин. Лекин узлат масаласида муболаға қилиш ярашмайди. Умавийлар Ироқликлар илмий обрўсини туширишда масъул эмаслар. Балки, Ироқликларга аҳамият берилмагани ва  муҳим масалаларда улардан фатво сўрашга  рухсат этилмаганининг сабаби, уларга бўлган ишончни сўнгани  ё сиёсий омиллардир. Умавийлар салтанати Ироқликларга зарар етказишга ё  улардан таълим олишдан бирон кишини ман қилиш даражасида эмасдилар. Кейинчалик Ироқликлар ривоятига ишонч, аста-секин сўна бошлади. Ҳатто илм аҳллари Ироқликлар ривоятидан беҳожат эканини очиқ ойдин айтишди. Абдуллоҳ ибн Муборак (ваф. 180/796): «Шомга борганимда Кўфа ҳадис ровийларидан фойдаланмадим», дейди.[27] Молик ибн Анас, Мадина аҳлининг улуғ фақиҳи Имом Моликнинг мазҳабида бўлган Абдуллоҳ ибн Идрисдан бўлак, бирон Кўфалик ровийдан ҳадис ривоят қилмаган. «Аввалги устозларимиз Кўфалик ровийларнинг, аввалги ровийларидан ҳадис ривоят қилмаганидек, охирдаги шогирдлар ҳам улардан ривоят қилмайди».[28] деб айтганлар. Имом Моликнинг сўзларига кўра, илм аҳллари  Кўфа ривоятларини қабул қилмас ва бу борада улар ўтмиш алломаларга эргашар эдилар.Ислом оламининг турли бурчаклардаги олимлар умматни огоҳлантирганидек, Имом Молик ҳам умматни огоҳлантирганлар. Имом Молик Кўфийлар ривоятини аҳли китоблар ривоятига тенглаштирдилар ва «Уларнинг ривоятини тасдиқламанглар ҳам ва ёлғонга ҳам чиқарманглар», дедилар.[29] Абдураҳмон ибн Маҳдий Мадинада қирқ кунда эшитган ҳадисини, Ироқда бир кунда эшитганини айтди. Шунда Имом Молик «Бизларда Ироқдагидек танга зарб қилувчи дўконлар йўқ, сизлар кечаси зарб қилиб, кундузи нафақа қиласизлар», деди.[30] Имом Молик бу сўзлари билан Ироқликларнинг тўқима ҳадисларини, Мадинада рад қилинаётганига ишора қилди. Аксинча улардан кам сонли ҳадислар қабул қилинарди. Ҳадисларни тадқиқ этиш, Мадина олимларига Ислом оламида уларга бўлган ишончни мустаҳкамлади. Дамашқ салтанати, Мадина аҳл илмларига муҳим масалаларда фатво беришга рухсат берди. Ироқлик ҳадис тўқувчилар обрўси нафақат Мадинада, балким бошқа мамлакатлар илмий марказларида ҳам паст поғонага тушди. Суфён ибн Уяйна Макка аҳлини олдида «Кимики ҳақни ноҳақликдан ажрата олмайдиган ҳадисларни истаса, Ироқ аҳлини истасин», деди.[31] У саҳиҳ ҳадис билан тўқима ҳадислар шу даражада аралаштирилганки, толиб илмлар уни саҳиҳ ё тўқима ҳадис эканини тадқиқ этиши, оғир иш эканига ишора этмоқда. Лекин ҳадисшунослик фанининг билимдонлари, ҳадисларни ажратишда ўз ишларини моҳир усталари эдилар. Саҳиҳ ҳадисни, тўқима ҳадислардан, юксак тажриба ва кўп изланишлар билан ажратар эдилар. Бошқа мусулмон мамлакатларга нисбатан Ироқда ёлғон ҳадис тўқиш авж олганди. Ироқда сиёсий ҳолат ёмон оқибатларга олиб келди. Ислом оламида Сиффийн маъракасидан кейин Аҳли Суннат, Хавориж, Шиа гуруҳларга бўлиниши, Ислом биносига чуқур дарз келтирди. Умавийлар салтанати замонида Ироқда фитналар - турли ғалаёнлар юз берди. Тўқима ҳадис тўқиш сиёсатчиларга қўл келарди. Бошқа сабабларини, Ироқда тўқима ҳадислар пайдо бўлиши мавзусида айтиб ўтамиз. Лекин Ироқ олимларига бўлган ишонч ҳақиқатдан ҳам сўндими?  Олимлар Ислом оламида илм маркази бўлган Ироқга эҳтиёж сезмайдиларми? Ироқ аҳлини сохта ҳадисларни тарқатиши, Ироқга нисбатан илмий узлат ва улардан фатво қабул қилинмасига важ бўлдими? Ироқда уч юз саҳобаи киромлар ва етмиш нафар Бадрий саҳобалар қўним топган.[32] Улар орасида Абдуллоҳ ибн Масъуд бор эди. У улуғ саҳоба бўлиб, фиқҳ ва ҳадис илмида пешқадам эди. Ҳасан Басрийдан Басра ва Кўфа аҳлидан сўралса, Кўфа аҳлидан бошлар эди.[33] Али ибн Мадинийнинг сўзларидан, Ироқ аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини, ёйишда мавқеини тушунса бўлади. «Саҳиҳ ҳадислар олти киши атрофида айланарди. Иккитаси Басрадан, иккитаси Кўфадан, иккитаси Ҳижоздан. Басра олимлари Қатода ва Яҳё ибн Абу Касир. Кўфа олимлари Исҳоқ ва Аъмаш. Ҳижоз олимлари Зуҳрий ва Амр ибн Динор. Кейин ҳадис илми улардан ўн икки кишига тарқалди. Улар Басралик Саид ибн Абу Аруба, Шўъба ибн Ҳажжож, Муаммар ибн Рошид, Ҳаммод ибн Салама, Жарир ибн Ҳозим, Ҳишом Дастувоий ва Кўфалик Саврий, Ибн Уяйна, Исроил ва Ҳижозлик ибн Журайж, Муҳаммад ибн Исҳоқ, Имом Моликдирлар. Буларнинг барчасининг ҳадиси Яҳё ибн Маинда жамланди».[34] Ироқлик муҳаддисларнинг саҳиҳ ҳадисларни, тўқимасидан ажратиб олишда, мавқелари баланд эди. Шу боис Ироқ ўзининг илмий салоҳиятини сақлаб қолди. Ибн Таймия Кўфа аҳлининг қилмишларини баён қилганидан сўнг, «Шу билан бирга Кўфада ва Ироқнинг бошқа шаҳарларида, улуғ ишончли ровийлар кўпдир», деб таъкидлайди.[35] Уламолар Кўфалик ишончли ровийлардан ҳадис ривоят қилганлар. Улар орасида тўғрилик ва парҳезкорликда машҳур шиалар ҳам бор. Яҳё ибн Маинга «Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Убайдуллоҳ ибн Мусони шиалиги учун ривоятини қабул қилмайди», дейишди. Яҳё ибн Маин «Абдураззоқ ҳадис илмида ундан юз чандон ёмон, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдураззоқдан, Убайдулладан кўра кўпроқ ҳадис эшитган», деб, қасам ичди.[36] Ҳусайн Ашқар (ваф.208/821) ҳақида сўрашди. Яҳё ибн Маин «Шиаликга муккасига шўнғиган», деди. Ҳусайн Ашқар ривоят қилган ҳадислардан сўрашди. Яҳё ибн Маин «Зарари йўқ» деди. Ҳусайндан  ҳадис ривоятларини ёзиб олганини айтди.[37] Ҳадис уламолари ақида ва ахлоқ орасида фарқни белгиладилар. Ровий ростгўй бўлса, ақидада шиа, хорижий, қадарий, муржийи бўлса ҳам ҳадиси қабул қилинади. Уларга «ёлғонга сабаб бўлувчи нотўғри ақидага даъват этмаслиги лозим», деб шарт қўйдилар. Ироқликлар ривоятига эътибор бермаслик ҳадис илмига катта зарар етказади. Ироқликларнинг ҳадис илмига хизматлари буюкдир. Бундан ғафлатда қолмаслик лозим. Бу ҳолатни тасаввур қилиш учун, Али ибн Мадийнийни сўзларига қулоқ осиш кифоя қилади.[38] «Агар Басра аҳлини қадарий эътиқодига ва Кўфа аҳлини шиалигига қараб ривоятларини қабул қилмасанг, ҳадис китоблари жамланмай қолади» дедилар. Саҳиҳ ҳадислар тўпланган китобларни жамлашда Ироқликлар ва ҳатто шиалар ривоятларидан фойдаланилди. Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида номлари зикр этилган шиа мазҳабидаги ровийлар: Абдураззоқ Саноний, Жарир ибн Абдулҳамид Забий, Исмоил ибн Абон, Холид ибн Мухлад, Али ибн Жад, Фазл ибн Дакин, Убод ибн Яқуб ва бошқалар. Аммо Имом Муслим ҳақида шогирдлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яъқуб «Устозим Муслим ибн Ҳажжожнинг китоблари шиа мазҳабидаги ровийлар ҳадиси билан тўла», дейди.[39] Имом Бухорий ва Муслим бидъатга нисбат берилган саксон бир кишидан ҳадис ривоят қилганлар. Шулардан ўттизтаси Қадарий, йигирма бештаси Шиа, ўн тўрттаси Муржиадир.[40] Ироқ уламоларининг хизматлари, уларнинг ривоятлари «Саҳиҳ» китобларда ривоят қилиниши, суннатни бидъатдан тозалаш ва саҳиҳ ҳадисни тўқимадан ажратиб олиш, ишонарли сиққо ровийларни танишда бебаҳо манба эканига далолат қилади. 

Хулоса қилиб айтганда, тарихда сиёсий ихтилофлар туфайли турли сиёсий гуруҳлар ўз манфаатлари йўлида ҳадисларни қурол сифатида ишлатганлар. Бу эса ҳадис илмига салбий таъсир кўрсатган ва айниқса хилофат масаласида тўқима ҳадисларнинг кўпайишига сабаб бўлган.

Бу муаммоларни ҳал этиш учун муҳаддис олимлар томонидан ҳадисларни текшириш методологияси ишлаб чиқилган. Унга кўра ровийларнинг ишончлилигини баҳолаш тизими яратилган ва ҳадисларни саҳиҳ ҳамда тўқима турларга ажратиш мезонлари белгиланган. 

Бу тажрибанинг бугунги кундаги аҳамияти шундаки, ҳадис текшириш методлари ахборотнинг ишончлилигини аниқлашда намуна бўла олади. Бу эса илмий тадқиқотлар олиб бориш ва диний манбаларни тўғри талқин қилишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Худойназаров Фахриддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


 

[1] Ибн Удайс Абдураҳмон ибн Удайсдур. Ҳазрат Усмон разияллоҳу анҳуни шаҳид қилишда иштирок этган. Табарий «Тарих» 1:3049-бет. 

[2]Бу ҳадисни замонамиз ҳадис олимларидан Абу Ғудда «أضلّ من عير في فلاة» (Саҳрода адашиб қолган туядан ҳам кўра адашувчан) маъносида шарҳлаган. Ҳадис ибн Жавзийнинг «Тўқима ҳадислар» китобида «Тўқима ҳадис» деб эътибор қилинган. 

[3]Бу ерда келтирилган ибораларни Майдонийни «Мажмуал масал»ида, Абу Убайд Бикрийнинг «Амсол»ининг шарҳи «Фаслул мақол» китобида ҳам, Замахшарийнинг «Мустақси фи амсолил араб» 1:218-бетда ҳам учратмадим. Лекин «Масал»нинг шарҳида (тириклай кўмилган қиздан ҳам заифроқ) кўринишида келган. Жоҳилиятда арабларда қиз бўлаларни тириклай кўмиш одати бор эди. Ислом дини бу одатга чек қўйди. Тамим қабиласида бу одат давом этарди. Бунинг сабаби тамимликлар Нуъмонни манъ қилишган эди. Нуъмон буларга балоларни ёғдирди. Чорваларини олиб қўйди. Ёш бўлаларни асирга олди. Тамимликлар Нуъмонга элчи юбориб асирлар тўғрисида бир қарорга келишишди. Нуъмон танлаш ихтиёрини аёлларга берди. Қайс ибни Осимни қизи эрини ўрнига қулини ихтиёр этди. Шунда Қайс бундан буён туғулажак қизларни тириклай кўмишга назр қилди. Ўнлаб қиз бўлаларни тириклайин дафн этди. Бу ҳақда оят нозил бўлди. 

[4] Суютий: «Лаоли маснуна» 1:318-бет «Бу ривоят Ибн Удайсни ёлғон ривоятларидандир» деди. Ибн Жавзий «Тўқима ҳадислар» 1:335-бет «Бу ривоятни ёлғон эканига шубҳамиз йўқ. Ровийларга таъна ёғдиришга муҳтож эмасмиз. Бу ривоят ибн Удайсни ёлғон ривоятларидандир». Ибн Удайс саҳобадир. «Исобаҳ» 1:411-бет. Ривоят иснодида Шайх ибн Абу Дунё номаълум шахс, Ибн Лаҳия ашаддий шиа оқимига мансуб, бу ҳолда ривоят иллатли ва номақбулдур. Ҳофиз Заҳабий: «Танзиҳул шариа» 1:350-бетда юқоридаги иллатларга ишора қилиб ўтди. Лекин Ибн Удайсни бўҳтонларидан бири деб таъкидлади. Бу ривоят Умар ибн Шаббаҳни «Тарихул Мадина» китобида Абдуллоҳ ибн Ваҳб томонидан ибн Лаҳиядан ривоят қилинган. 

[5] Қаранг (Сезгин: Буҳаринин Кайнаклари. П. 3-5). 

[6] Ибн Таймия: «Мунтақо мин минҳожи эътидол», 313-бет, Суютий: «Лаолий маснуна» 1:323-бет. 

[7] Суютий: «Лаолий маснуна» 1:286-315-318 бетлар. Ибн Ироқий: «Танзиҳул шария» 1:371-бет, 2:4-бет. 

[8] Суютий: «Лаолий маснуна» 1:428 бет. 

[9] Ибн Ироқий: «Танзиҳул шария» 1:422-бет. 

[10]Ибн Таймия: «Ал-мунтақо мин минҳожи эътидол»308-бет, Суютий: «Лаолий маснуна» 1:324-бет. Ибн Ироқий: «Танзиҳул шария» 1:353-бет. Ибн Абу Ҳадид: «Шарҳ наҳжул балоға» 1:135-бет. 

[11] Ибн Ироқий: «Танзиҳул шария» 2:18-бет. Хатиб: «Тарихи Бағдод» 6:241-бет. Юқоридаги манба 21- бет. 

[12] Хатиб: «Кифоя» 126-бет. 

[13] Ибн Таймия: «Ал-мунтақо мин минҳожи эътидол» 480-бет. 

[14] Юқоридаги манба 21- бет. 

[15] Юқоридаги манба 22- бет. Заҳабий: «Мезонул эътидол» 1- жилд 15-бет. 

[16] Юқоридаги иккала манба. 

[17] Хатиб: «Кифоя» 126-бет. Ибн Таймия: « Ал-мунтақо мин минҳожи эътидол» 21-бет. Заҳабий: «Мезонул эътидол» 1:15-бет. 

[18] Ибн Жавзий: «Тўқима ҳадислар» 1:4-боб. 

[19] Ибн Ҳиббон: «Мажруҳийна минал муҳаддисийн» 4:28-бет. 

[20] Муслим: «Саҳиҳ» 1:14-бет. 

[21] Ибн Адий: «Комил» 1:145-бет. 

[22] Яъқуб ибн Суфён: «Маърифа ва Тарих» 2:856-бет. ҳасан иснод билан, лекин Зуҳрийнинг мўрсал ҳадисларидан. Асокир: «Ат-Тариху Кабир» 1:69-бет. 

[23] Ибн Саъд: «Ат-Табақот» 4:267-268 бетлар. Сулаймон ибн Рабеъдан бошқа исноди ишонарли. Ибн Абу Ҳатим «Журҳ ва таъдил» да зикр этиб, ундаги иллатни баён қилмаган. 

[24] Яъқуб ибн Суфён: «Маърифа ва Тарих»2:857-бет, Асокир: «Ат-Тариху кабир» 1:69-бет. 

[25] Яъқуб ибн Суфён: «Маърифа ва Тарих» 2:857-бет. 

[26] Яъқуб ибн Суфён: «Маърифа ва Тарих» 2:857-бет, Ибн Асокир: «Ат-тариху кабир» 1:70-бет. 

[27] Ибн Асокир: «Ат-Тарихул кабир»1:80-бет. 

[28] Ибн Адий:«Комил» 1:13-бет. 

[29] Ибн Таймия: «Мунтақо мин минҳожи эътидол»  88-бет. 

[30] Юқоридаги манба. 

[31] Ибн Асокир: «Ат-Тарихул Кабир» 1:70-бет. 

[32] Ибн Саъд: «Ат-Табақот» 6:9-бет. 

[33] Ибн Адий: «Комил» 1:45-бет. 

[34] Ибн Адий: «Комил» 1:52-бет. Ибн Ҳиббон: «Мажруҳийна минал муҳаддисийн» 1:17-18-бетлар. 

[35] Ибн Таймия: «Мунтақо мин минҳожи эътидол» 88-бет. 

[36] Хатиб: «Кифоя» 130-бет. 

[37] Хатиб: «Кифоя» 130-131-бетлар. 

[38] Хатиб: «Кифоя» 129-бет. 

[39] Хатиб: «Кифоя» 131-бет. 

[40] «Тадрибу ровий» 212- бет. Таҳонавий: «Қавоиду фи улумил ҳадис» (Ҳадисшунослик фанидаги қоидалар)230-бет

Izoh qoldirish