МУҲАММАД ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ “ҒОВР УЛ-УМУР” АСАРИНИНГ АҲАМИЯТИ
Резюме: Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳаёти ва ижодига эътибор охирги вақтларда жиддий ўсди. Чунки бу олим мероси ўзининг серқирралиги билан тадқиқотчилар эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Унда исломий илмларнинг кўпчилиги билан бирга, бир қатор ижтимоий-гуманитар фанлар ҳам акс этади. Олимнинг шундай асарларидан бири “Ғовр ул-умур” (“Ишларнинг асоси”) ёки “Ал-Аъзо ван-нафс” (“Аъзолар ва нафс”) бўлиб, у бир қатор муҳим исломий тушунчалар таҳлилини ўз ичига олган. Ушбу таҳлиллар эса, ўз навбатида, бир қанча ижтимоий-гуманитар фанларга алоқадорлик касб этган.
Resume: Recently, attention to the life and work of Muhammad Hakim Termizi has increased significantly. Because the legacy of this scientist attracts the attention of researchers with its versatility. It includes most of the Islamic, as well as a number of social and human sciences. One of these works of the scientist is "Gavr al-umur" ("Foundation of things") or "Al-A'za van-nafs" ("Human organs and soul"), which includes an analysis of a number of important Islamic concepts. These analyzes, in turn, belong to a number of social and human sciences.
Резюме: В последнее время значительно возросло внимание к жизни и творчеству Мухаммада Хакима Термизи. Потому что наследие этого ученого привлекает внимание исследователей своим многогранностью. Она включает в себя большинство исламских, а также ряд социальных и гуманитарных наук. Одной из таких работ ученого является «Гавр аль-умур» («Основание вещей») или «Аль-А'за ван-нафс» («Человеческие органы и душа»), включающая анализ ряда важных исламских концепций. Эти анализы, в свою очередь, относятся к ряду социальных и гуманитарных наук.
Калит сўзлар: Ҳаким Термизий, Ғовр ал-умур, Париж, Туркия, қўлёзма, нашр, Гобило, Важийҳ.
Key words: Hakim Termizi, Gawr al-Umur, Paris, Turkey, manuscript, publication, Gobilo, Vajiyh.
Ключевые слова: Хаким Термизи, Гавр аль-Умур, Париж, Турция, рукопись, публикatsiя, Гобило, Ваджи.
Маълумки, Мовароуннаҳр диёри қадимдан диний илм ва маърифат соҳасида ислом илмларини мумтоз даражагача олиб чиқа олган кўплаб буюк алломаларни етиштирган. Айниқса, бу заминда ўрта асрларда ўз асарлари ва таълимотлари билан бутун жаҳонни лол қолдирган юздан зиёд улуғ зотлар самарали фаолият кўрсатган. Мана шундай машҳур сиймолар силсиласида исломий илмларнинг бир нечтасида асосчи сифатида эътироф этиладиган ислом уйғониш даврининг йирик вакили Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизий (тахминан ҳиж. 205-320, мил. 820-932 йй.) раҳматуллоҳи алайҳ алоҳида ўрин эгаллайди.
Олимнинг ҳар бир асари алоҳида тадқиқот мавзуси бўлиб, “Ғовр ул-умур” (“Ишларнинг асоси”) китоби ҳам бундан мустасно эмас. Унда жуда кўплаб масалалар кўрилган бўлиб, умуман, “Ғовр ул-умур” ҳақида дейиладики, у фақат тасаввуфий асар бўлибгина қолмай, балки ислом сиёсий фикрига, яъни фалсафасига доир энг қадимги ва чуқур таҳлилли асардир. Жумладан, унда инсоний шаҳар ҳақида баҳс қилинган. У киши ўз китобида инсоний шаҳарни уч асосга бино қилади: илоҳий маърифат, адл ва зуҳд. Бу асар бизгача етиб келган бўлиб, қуйида ушбу асарнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Асарнинг қўлёзмалари ҳақидаги маълумотларга келсак, Броккелман, Сезгин, Важиҳ ва Заҳрий каби олимларнинг қайд этишича, мазкур рисоланинг учта қўлёзмаси мавжуд:
1. Париж миллий кутубхонасида 5018-рақам остидаги Ҳаким Термизийга тегишли 12 рисоланинг саккизинчиси бўлиб, 112б-128а бетларни ўз ичига олади. Қўлёзма насх хатида битилган бўлиб, бир лавҳада икки саҳифа жойлашган. Саҳифа сатрлари 25, сўзлари эса ўртача 15 тадан. Унинг унвонида: “Ал-Аъзо ван-нафс” деб ёзилган. Париж қўлёзмаси нусхалари Мисрнинг “Дор ал-кутуб ал-мисрийя” кутубхонасида 1817б рақам ва Марокашнинг Работ шаҳридаги “Ҳасанийя” кутубхонасида 14156-рақам остида сақланади.
2. Туркиядаги Ашур Афанди кутубхонасида 1479-рақам остида сақланадиган мажмуадаги биринчи рисола бўлиб, 1-26 бетлардир. Бу қўлёзма риқо хатида битилган бўлиб, бир лавҳада икки саҳифа жойлашган. Бир саҳифа 27 сатр бўлиб, ҳар бир сатрда 22 тадан сўз мавжуд. Ушбу мажмуанинг олтинчи рисоласи бўлган “Манҳиёт” асарининг охирида: “Мажмуа 513/1120 йил Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳожи Али ибн Вали томонидан кўчириб бўлинди”, - дейилган. Мисрнинг “Дор ал-кутуб ал-мисрийя” кутубхонасидаги 21816-рақамдаги иккинчи нусха ушбу нусхадан кўчирилган.
3. Туркиядаги “Асад Афанди” кутубхонасида 1312-рақам остида сақланадиганмажмуадаги иккинчи рисоланинг 33а-74б бетларни ўз ичига олган. Бу қўлёзма нисбатан яқин 1238/1823 йилда кўчирилган бўлиб, ҳар бир саҳифада ўртача 19 сатр мавжуд. Бу қўлёзма Париждаги қўлёзма нусхадан кўчирилган[1].
Ушбу маълумотлардан маълум бўладики, китобнинг Франция ва Туркияда сақланадиган учта қўлёзмаси асосий саналади.
Париж қўлёзма нусхасининг кўчирувчиси Абулҳасан Али ибн Сулаймон ибн Аҳмад ибн Сулаймон Муродий Андалусий Шақрий – Фарғилитий, яна Шақурий ҳам дейилади. Шақура – тарихий Андалусиядаги Мурcия ноҳияларидан бири. Шофеъий мазҳабининг фақиҳ ва ҳофиз олимларидан. У Шом, Ироқ ва Хуросон ерларига сафар қилган. Ҳижрий 544, мил. 1149 йилда Ҳалабда вафот этган. Париж нусхасида “баъзи асарларни кўчиришдан 94 йил рамазон ойининг 11-санасида фориғ бўлинган” и қайд этилганини ҳисобга олсак, демак, бу ҳиж. 494, мил. 1101 йилда эканлиги маълум бўлади.
Китобнинг тадқиқ ва нашрлари ҳақидаги маълумотларга келсак, дастлаб, таниқли шарқшунос олимлардан Пол Нвия (1924-1980 йй.) “Ғовр ул-умур” нинг “Лаа илаҳа иллалоҳ” мавзусига тааллуқли бобини тадқиқ қилиб, “Al-Hakim at-Termidhi et le la ilaha illa-llah” (“Ҳаким ат-Термизийнинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” сўзи ҳақидаги таърифи”) номи билан 1969 йили Байрутда нашр этган. Бу китоб асосан уч мавзудан иборат бўлиб, биринчисида Ҳаким Термизийнинг ҳаёти, “Ғовр ул-умур” асарининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтган.
Иккинчи бўлимда: китобдаги “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бобининг арабча матни келтирган. Дарҳақиқат, Ҳаким Термизий бу бобда “Лаа илаҳа иллалоҳ” сўзининг форс тилидаги таржималари ҳақида сўз олиб борган бўлиб, ўзи фосид деб эътироф этган ушбу таржималарнниг хато кўринишларини ёритиб берган. Пол Нвия ушбу қўлёзмаларни Басра наҳв мактабининг пасайиш даврида Ҳаким Термизийнинг араб тили ва наҳв илмини пухта ўрганганлигининг далили сифатида эътироф этган[2].
Учинчи қисмда эса ушбу матнни француз тилида тақдим этган. Тадқиқотчи ушбу ишда асарнинг юқорида зикр қилинган икки: 1 ва 3 қўлёзма нусхасидан фойдаланган.
Кейинчалик мисрлик тадқиқотчи Важиҳ Аҳмад Абдуллоҳ “Ғовр ул-умур” асарини тўлиқ ҳолда тадқиқ этиб, 1991 йилда “Ал-Аъзо ван-нафс” номи билан Искандариядаги “Дор ал-маърифа ал-жамиъийя” нашриётида “Ақл ва ҳаво” асари билан биргаликда чоп эттирган (1-172 бетлар).
У ўз тадқиқида Франция Миллий кутубхонасидаги қўлёзмадан фойдаланган, чунки унинг таъкидлашича, у аниқ ва тўғри нусха бўлиб, ундаги сўзлар равшан ва равондир, бу ўқувчига кўзланган маънони тушунишга ёрдам беради. Унинг айрим қоғозлари нотўғри жойлаштирилган бўлса-да, ғоялар кетма-кетлиги ва бир-бири билан ўзаро боғлиқлиги туфайли уларни ўз жойига қайтариш осон. У ушбу нусхани (Б) белгиси билан ифодалаган. Шунингдек, у “Ашур Афанди” кутубхонасидаги 1479-рақамли қўлёзмага ҳам эътибор қаратган бўлиб, уни (А) белгиси билан ифодалаган. Шуни ҳам таъкидлаганки, (А) қўлёзма котиби тўғридан-тўғри (Б) қўлёзма котибидан иқтибос келтирган, шунга қарамай, у жуда кўплаб хатоларга йўл қўйган.
Бироз вақтдан сўнг француз йирик исломшунос олими Женевев Гобило ушбу китобни тадқиқ қилиб, 1994 йилда “Ғовр ул-умур” номи билан Қоҳирадаги “Ал-Маъҳад ал-исламий ал-Франсий лил-асар аш-шарқия” нашриётида “Ҳавлийят исламия” силсиласининг 28 қисмида чоп эттирган. Олима бундан сал олдин 1989 йилда Ҳаким Термизийнинг ижоди бўйича “La pensée d'al Hakim al-Tirmidi (Abu 'Abd Allah Muhammad b. Ali, m. 318/930) ou De la Profondeur des choses” (“ҲакимТермизий қарашлари (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али, вафоти 318/930) ёки Ишларнинг асоси ҳақида”) номли докторлик диcсертatsiясини ҳам ёқлаган эди.
Бу тадқиқотда асосан “Ашур Афанди” кутубхонасида сақланадиган №-1312 рақам остида рўйхатга олинган нусхадан фойдаланган бўлиб, ундан ташқари Важиҳ Аҳмад Абдуллоҳ фойдаланган икки нусхани ҳам эътибордан четда қолдирмаган. Шунингдек, у мазкур нусха “Ғовр ул-умур” номи билан сарлавҳаланган бирдан-бир нусха эканлигини ҳам таъкидлаб ўтган[3].
Олима бу асарни фақатгина араб тилида тадқиқ қилиб қўймасдан, уни француз тилига ҳам таржима қилиб, 1996 йили “Le livre de la profondeur des choses” (“Ишларнинг асоси ҳақидаги китоб”) номи билан нашр эттирган. Шунингдек, китобнинг муқаддима қисмида Ҳаким Термизийнинг ҳаёти, тафаккури ва фалсафаси ҳақида қимматли маълумотлар тақдим қилинган.
Кейинги тадқиқот Аҳмад Абдуроҳим Сойиҳ ва Аҳмад Абдуҳ Иваз томонидан қилинган бўлиб, 1422/2002 йил Қоҳирадаги “Мактаба ас-сақофа ад-динийя” нашриётида “Ғовр ул-умур” номи билан чоп этилган. Бироқ улар бу ишда мазкур тадқиқотлардан бехабар эканликларини айтиб, Туркиядаги “Ашур Афанди” кутубхонасида сақланадиган икки нусха ҳамда Франция Миллий Кутубхонасида сақланаётган нусхага таянганликларини таъкидлашган бўлса-да, ўша қўлёзмаларнинг рақамлари ва жойлашган ўринлари ҳақида маълумот тақдим этишмаган. Шу жиҳатдан, бу иш Женевев Гобилотнинг тадқиқотидан кўчириб олинган бўлиши мумкинлиги келиб чиқади[4].
Дарҳақиқат, юқорида қайд этилган маълумотлардан Ҳаким Термизийнинг “Ғовр ул-умур” асари икки хил ном билан зикр қилинганлиги маълум бўлади. Шунингдек, шарқшунос олимлар ўртасида ҳам китобнинг номини ёзишда икки хил йўл тутилганини кўриш мумкин.
Жумладан, етук немис шарқшунос олими Карл Брокелман (1868-1956 йй.) китобни “Ал-Аъзо ван-нафс ва фийҳи тафсири аятин аъзиматин” (“Аъзолар ва нафс ҳамда унда улуғ оятлар тафсири бўлган асар”) номи билан келтириб, асар икки қисмдан иборат эканлиги ҳақида сўз очиб, биринчиси “Аъзо”, иккинчиси “Ғоврул-умур” эканлигини таъкидлаган[5]. Радтке[6], Ҳир[7] ва Фуад Сезгин[8] ҳамда Жуюший[9] каби олимлар китобнинг ҳар иккала номини ҳам келтириб ўтишган.
Таниқли тасаввуф олимларидан Абу Муҳамад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдураҳмон Розий (ваф. 353/964) ўзининг “Китабу манорот ас-саирот ва мақомат ат-тоирийн” (Юловчиларнинг маёқлари ва учувчиларнинг манзилгоҳлари) асарида ушбу китобни “Ғовр ал-умур” номи билан зикр қилиб ўтган. Шунингдек, ундан ўзига керакли баъзи фикрларни ҳам олган[10].
Таниқли олим Абдулатиф ибн Муҳаммад Риёзийзода (1021-1078/1612-1667 йй.) ўзининг “Асма ал-кутуб” номли асарида ушбу рисолани “Ғовр ал-умур” деб зикр қилганлигини кўриш мумкин. Яна шунингдек, Тошкуброзода (901-969/1495-1561 йй.) “Мифтаҳ ас-саодат” асарида, Исмоил Пошо Бағдодий (1255-1339/1839-1920 йй.) “Ҳадийя ал-орифин”, Юсуф Илиян Саркис (мил. 1856-1932 йй.) “Мўъжам ал-матбуъот ал-аробия вал-муъроба” ва Зириклий (мил. 1893-1976 йй.( “Ал-Аълом” асарларида рисолани “Ғовр ал-умур” номи билан зикр қилишган[11].
Шунингдек, ушбу китобни тадқиқ қилган Женевев Гобилот ҳамда Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг йирик тадқиқотчиларидан бири бўлган Холид Заҳрий каби олимлар Ҳаким Термизийнинг ўзи “Шарҳ ас-солати ва мақосидуҳа”[12] ва “Манозил ал-ибад минал-ибада”[13] номли асарида бу китобни “Ғовр ул-умур” деб зикр қилганлигига ишора қилиб, китобнинг “Ғовр ул-умур” деб номланган бўлиши ҳақиқатга яқинроқдир деган фикрни билдиришган.
Хулоса сифатида қайд этиб ўтиш лозимки, асарнинг Гобило нашри анчайин мукаммал саналиб, асарнинг номланиши жиҳатидан ҳам, қўлёзма матнидаги фарқли жиҳатларга кенг урғу берилиши билан ҳам ажралиб туради. Важийҳ Аҳмад нашри ҳам асарда келган тушунчаларга кенг изоҳ берилиши билан ажралиб туради. Булардан эса ушбу китобни ўрганишда мана шу икки нашрдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлиги маълум бўлади.
“Ғовр ул-умур” асари Ҳаким Термизийнинг муҳим ва йирик асарларидан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ўша рисолани илмий жиҳатдан ўрганиб, ундаги улкан ғояларни тадқиқ этиб, турли тилларга таржима қилиш бугунги кун олимларининг муҳим вазифаларидандир..
МАҲМУД НОРМУРОДОВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан Термизий. Китаб ал-аъзо ван-нафс.Ақл вал-ҳаво. Важиҳ Аҳмад Абдуллоҳ тадқиқи. – Искандария: Дорал-маърифа ал-жамиъийя, 1991.
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан Термизий. Ғоврал-умур. Женевев Гобилот тадқиқи. – Миср: Ал-Маъҳад ал-исламий ал-франсий лил-асар аш-шарқия, 1994.
- Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан Термизий. Манозил ал-ибад минал-ибада. – Тошкент: Мовароуннаҳр,2003.
- Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ШоҳурРозий. Китабу манорот ас-саирийн ва мақомат ат-тоирийн. – Қувайт: Суад ас-собаҳ, 1993. Биринчи нашр.
- Карл Броккелман.Тарих ал-адаб ал-арабий. – Қоҳира: Дор ал-маъориф, 1977. VI. Араб тилига Абдулҳалим Нажжор, Саййид Яъқуб Бакр ва Рамазон Абдутаввоблар ўгирган. Бешинчи нашр.
- Nicolas Heer, “Some biografical and bibliografical notes on al-Hakim al-Tirmizi”, The world of Islam. Studies in honour of Philip K. Hitti. Edited by James Kritzeck and R. Bayly Winder. London, 1959, рp. 182-205.
- Фуад СезгинТарих ат-турос ал-арабий. Араб тилига Маҳмуд Фаҳмий Мажозий таржимаси. – Риёз: Идора ас-сақофа ван-нашр бил-жамиъа, 1411/1991. II.
- Bernd Radtke.Al-Hakim at-Tirmidi. – Freiburg: Klaus Schwarz Verlag, 1980.
- Muhammad Ibraheem al-Geyoushi, “Аl-Hakim al-Tirmizi: his works and thoughts”, Islamic Quarterly, vol. 14, no. 4, London, 1970, pp. 159-201.
- Холид Заҳрий. Ҳаким Хуросон ва анис аз-замон. – Марокаш: Марказ ад-дироса вал-абҳас ва иҳя ат-турос, 2013.
[1] Асъад ва Ашур Афанди кутубхоналари Сулаймония кутубхонаси таркибидаги фондлар қаторида саналади (туркчада Асад). Асад Афанди кутубхонаси 1918 йилда Сулаймония кутубхонаси таркибига киритилган.
[2] Холид Заҳрий. Ҳаким Хуросон ва анис аз-замон. – Б. 261.
[3] Холид Заҳрий. Ҳаким Хуросон ва анис аз-замон. – Б. 174.
[4] Холид Заҳрий. Ҳаким Хуросон ва анис аз-замон. – Б. 174.
[5] Карл Брокелман. Тарих ал-адаб ал-арабий. Ж. 1. – Б. 375.
[6] Bernd Radtke. Al-Hakim at-Tirmidi. – P. 49. 51.
[7] Nicolas Heer, “Some biografical and bibliografical notes on al-Hakim al-Tirmidhi”. – P. 129.
[8] Фуад Сезгин. Тарих ат-турос ал-арабий. – Б.147.
[9] Аl-Geyoushi, Аl-Hakim al-Tirmidhi: his works and thoughts. – P. 186.
[10] Розий. Китаб манорот ас-саирин. – Б.251.
[11] Холид Заҳрий. Ҳаким Хуросон ва анис аз-замон. – Б.174.
[12] ҲакимТермизий. Шарҳ ас-солати ва мақосидуҳа. – Б.65.
[13] ҲакимТермизий. Манозил ал-ибадминал-ибада. – Б.73.
Izoh qoldirish