09.01.2025

СУНАН ТЕРМИЗИЙДА КЕЛГАН ҲАДИСЛАРДАГИ АЛЛОҲНИНГ СИФАТЛАРИ

(АНВАР ШОҲ КАШМИРИЙ ТАЛҚИНИДА)

Резюме: “Сунан Термизий” даги ҳадис ривоятлари тадқиқ қилинар экан ҳадис, фиқҳ ва бошқа фанлар бўйича “Аллома” деб тан олинган Анвар Шоҳ Кашмирий (1875-1933 йй.) нинг аҳли сунна вал жамоа, хусусан, ҳанафий мазҳабида экани, шунингдек, унинг ҳимоячиси ўлароқ бу йўлда хизмат қилганини кўриш мумкин. Айниқса, эътиқод ва шаръий ҳукмларга доир ривоятларда буни яққол кўриш мумкин. Қуйида аҳком ва эътиқодга тегишли ривоятларнинг Кашмирий томонидан қандай услубда шарҳланганига эътибор бериб, унинг ҳадисларни шарҳлашдаги маҳоратини таҳлил қиламиз.

Resume: While researching “Sunan Termiziy” hadith narrations, it was discovered that Anwar Shah Kashmiri (1875-1933), known as Allama in hadith, jurisprudence, and other sciences, was a Sunni community member, particularly of the Hanafi sect, and served as its protector. This is especially evident in the narrations about faith and Shariah rulings. In this section, we will look at how Kashmiri interprets narrations about ahkam and faith, as well as his ability to interpret hadiths.

Резюме: При исследовании хадисов «Сунан Термизий» было установлено, что Анвар Шах Кашмири (1875-1933), известный в хадисах, юриспруденции и других науках как Аллама, был членом суннитской общины, в частности ханафитской секты, и служил как его защитник. Особенно это видно в повествованиях о вере и нормах шариата. В этом разделе мы рассмотрим, как Кашмири интерпретирует повествования об ахкаме и вере, а также его способности толковать хадисы.

 

Калит сўзлар: Ривоят, ҳадис, таҳлил, шарҳ, мазҳаб, ҳанафий, услуб, далил, китоб, салафий, устоз, шогирд, илмий.

Key words: narration, hadith, analysis, commentary, madhhab, Hanafi, method, proof, book, Salafi, teacher, student, scientific.

Ключевые слова: повествование, хадис, анализ, комментарий, мазхаб, ханафит, метод, доказательство, книга, салафит, учитель, ученик, учёный.

 

Айрим ҳадисларда Аллоҳнинг сифатлари тилга олинади. Аммо ўша келтирилган ҳадисдаги сифатларни зоҳирий – тўғридан-тўғри маъноси билан тушунилса, кишининг эътиқодига тескари маъно англашиладигандек бўлади. Бундай ривоятларни “хабарий сифатлар” ҳам дейилади. Хабарий сифатларни қандай тушуниш борасида саҳоба ва тобеъинлар давридан бери тортишувлар бўлиб келган. Хусусан, ҳанафийлар ва салафийлар, зоҳирийлар ўртасида бу тортишув анча кенг ривожланган. Салафийлар ва зоҳирийлар бундай сифатлар борасида ҳеч қандай ташбеҳ-ўхшатишга ўтмасдан зоҳирий-ташқи маъносига таяниб, таъвил этмасдан тушуниш кераклигини илгари суришган. Эътиқодда мотуридий бўлган ҳанафийлар эса хабарий сифатларни таъвил этиб тушуниш кераклигини таъкидлашади.

Анвар Шоҳ Кашмирий қараши бўйича, Қуръонда Аллоҳнинг икки сурати ҳақида сўз юритилган. Биринчиси, самъий сифатлардан бўлмаса ҳам Аллоҳнинг зоти билан қоим бўлган сурати, иккинчиси эса, Аллоҳнинг зоти билан қоим бўлмаган, балки у зотнинг Қуръонда сурати ўлароқ зикр этилган, ўзига нисбат берган қўл, юз, оёқ, бармоқ каби сурати. Булар Аллоҳнинг зотининг айни ўзи бўлмасдан, балки суратларидир. Инсоният Аллоҳни фақат шу ҳолатда, шу суратда таний билишларини инобатга олиб, Аллоҳ уларга ўзини улар тушунадиган бир суратда танитган[1]. Кўриб турганингиздек, Кашмирийнинг қараши бўйича, қўл, юз каби хабарий сифатлар Аллоҳнинг зоти билан қоим эмас, суратларидир. Бандалар бу сифатларни англаш мобайнида ташбиҳга ўтмасликларини англашлари кераклигини ҳам алоҳида таъкидлайди.

Имом Термизийнинг ривоятига кўра Аллоҳнинг ҳар кеча ер осмонига тушиши, дуо қилувчиларнинг дуосини қабул қилиши, сўраганга сўраган нарсасини бериши ҳақида ҳадис келтирилган[2]. Аллоҳнинг ер юзига тушиши ҳадисларни шарҳ қилувчи олимларни ўзига тортган мавзулардандир. Ушбу ҳадисни ҳанафий ва салафийлар қандай тушуниб, қай услубда тушунтирганларини бу икки йўналишнинг икки вакили бўлмиш Анвар Шоҳ Кашмирий ва Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абдураҳим Муборакфурий (ваф. 1935 й.) мисолида кўриб чиқамиз. “Сунан Термизий” нинг шогирдларидан бўлган, бироқ салафий руҳидаги уламолардан саналадиган Муборакфурий ушбу ҳадисни шарҳлар экан салафий эътиқодидаги киши қандай қарашда бўлиши кераклигини уқтириб, бу каби ҳадисларда ташбеҳга ўтмасдан, ижмолий-қисқа, ўз ҳолида қабул қилиб, таъвилга ўтмасликни таъкидлаган ва бу фақат ўзининг фикри эмас, балки салафий уламоларнинг барчаси шу фикрда эканини айтган[3]. Имом Термизий Мусо (алайҳиссалом) билан Одам (алайҳиссалом) ораларида бўлиб ўтган тортишувни Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) дан нақл қилган. Ушбу тортишувда Мусо (алайҳиссалом) Одам (алайҳиссалом) га: “Эй Одам, Аллоҳ сени ўз қўли билан яратиб, сенга руҳидан пуфлаб, жон берди”, - деган[4]. Муборакфурий ушбу ҳадисда келган “Аллоҳ қўли билан яратди” иборасини “Аллоҳ қудрати билан яратди” деб таъвил қилган ҳанафий олим Мулло Али Қорийни танқид остига олган. Унинг фикрича, бу лафз таъвилга муҳтож эмас, балки шу туришида зоҳирий маъноси билан қабул қилиниши керак. Аммо айнан шу ҳадиснинг давомидаги “Одамга ўз руҳидан пуфлади” деган сўзини таъвил қилиб, бу ердаги нисбат бериш Одам (алайҳиссалом) нинг шарафини кўтариш мақсадида эканлигини айтиб ўтган. Ушбу таъвилга кўра, Аллоҳ ўзи яратган руҳдан Одам (алайҳиссалом) га пуфлаган ҳисобланади[5]. Шундай қилиб, Муборакфурий ҳадиснинг биринчи қисмини зоҳирий маънода, иккинчи қисмини эса таъвил қилинган маъносида тушунган.

Ушбу мавзуда Кашмирий аввало салафийларнинг тутган позициясини тушунтириш билан бошлаган. Унинг фикрича, салафийлар бундай ҳолатларда тафсилот ва қандай ҳолат ё кўринишда бўлишни Аллоҳнинг ўзига қолдиришни, ақл ва фикр билан амалга ошадиган таъвилга йўл бермасликка интилишади. Сўфийлар бу ҳадисдаги “тушиш” ни тажаллий қилиш (бир нарсанинг иккинчи кўринишда юзага чиқиши) десалар, яна баъзилар истиора (кўчма) маънода дейишади. Аҳли сунна вал жамоа эса Аллоҳнинг раҳмати ёки фаришталарнинг тушиши дея таъвил қилишган. Анвар Шоҳ Кашмирийнинг фикрича, ҳадисдаги Аллоҳнинг дунё осмонига тушиши ҳақиқатдан ҳам амалга ошади. Буни борича қабул қилиш керак. Аммо тафсилоти, қандай ҳолат ва тартибда бўлишини Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиш керак. Тўрттала мазҳаб имомининг қарашлари ҳам шу йўналишдадир. Кашмирий Ашъарийларнинг Аллоҳнинг феълий сифатлари (тушиш, кўтарилиш) ҳодис-янги пайдо бўлган деган қарашларини нотўғри деб ҳисоблайди. Аллоҳнинг асмаул ҳусна – гўзал исм ва сифатлари бўлиб, улар ичида баъзисининг Аллоҳ томонидан яратилганлар билан боғлиқлиги бор. У ҳолда Аллоҳнинг ушбу исмлари ҳам ҳодис бўлиши мумкинмикан, деган ақлга келувчи бир эътирозга Кашмирий шундай жавоб берган: “Қудрат, ирода ва бунга ўхшаш бошқа субутий сифатларнинг ҳам яратилган нарсаларга алоқаси бор. Лекин биз бу сифатларни ҳодис деб айтмаймиз”[6]. “Аллоҳ садақани қабул қилади, ўнг қўли билан олади ва уни отингизнинг тойчоғини униб-ўстиргани каби ўстиради”[7] ҳадисида ҳам Кашмирий салафийлар билан бир хилда фикрлаган ва Абу Ҳанифанинг жаҳмий бўлмаганини таъкидлаган[8]. Муборакфурий эса бу ҳадисни зоҳирий маъносини қабул қилиб, таъвилга қарши туради[9].

Имом Термизийнинг ривоят қилишига қараганда, Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳни энг гўзал кўринишда кўрган. Ҳадис матнига кўра, Аллоҳ қўлини пайғамбарининг елкасига қўйган. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг қўлларининг тафтини ҳис қилган[10]. Хабарий сифатлар орасида ўз ўрнига эга бўлган ушбу ҳадис билан алоқадор бўлган Муборакфурий олдин айтиб ўтилгани каби, салафийлик позицияси асосида йўл тутган ва ҳадиснинг зоҳирий маъноси билан чекланиб, ҳолат ва кайфиятига киришмасликка ҳаракат қилган.

Бошқа бир ривоятда Имом Термизий Аллоҳ осмонда курсиси устида бўлганига доир ҳадис нақл этган[11]. Муборакфурий ушбу ҳадисга кўра, Аллоҳ Аршнинг устида деган хулосага борган. Жаҳмийларининг аршни ва Аллоҳнинг арш устида эканини инкор қилганини танқид остига олган. Унинг фикрича, жаҳмийлар “Аллоҳ ҳамма жойда” деган ифодаси хато ҳисобланади[12]. Анвар Шоҳ Кашмирий эса, истивони зоҳирий маънода тушуниш янглиш йўл эканлигини айтган. Унинг фикрича, истивони истиора ва таъвил маъноларида ҳам англашни тўғри эмас. Унинг қарашига кўра бу ерда истиво кўпгина сўфийлар тушунганидек, тажаллий маъносидадир. Шунингдек, Кашмирий Ибн Таймиянинг: “Ким Аллоҳга нисбатан томон тушунчасини инкор этса, Аллоҳнинг борлигини инкор этган бўлади. Зеро, бор бўлиши мумкин бўлган нарсаларнинг мавжудлиги томон билан билинади” деган қарашини ҳам қабул қилмайди. Чунки Ибн Таймия бу ўринда бор бўлиши мумкин бўлган нарса билан бор бўлиши шарт бўлган нарсаларни бир хилда тушунган. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўзи яратган. Томонларни яратган ҳам унинг ёлғиз ўзидир. Шундай экан унинг истивоси ҳам бошқаларнинг истивоси каби бўлмайди[13].

Имом Термизий “Жаҳаннамликлар жаҳаннамга киритилганда Аллоҳ оёғини жаҳаннам устига қўяди. Жаҳаннамликлар сиқилади. Шунда жаҳаннамнинг ўзи “Бўлди, етар”, - дейди” деган ҳадисни ривоят қилган[14]. Хабарий сифатларни таъвил этиб тушунадиганлар бу ҳадисни Аллоҳнинг амри келганда жаҳаннам тўлдим дейди, деб тушунадилар. Салафийлар йўлини тутган Муборакфурий эса таъвил эмас, таслим ва танзиҳ йўлини устун кўради. Унинг Имом Бағавийдан қилган ривоятига кўра таслим ва танзиҳ Имом Молик ва Имом Абу Ҳанифанинг ҳам қараши ҳисобланади ва бу энг тўғри ва саломат йўлдир[15]. Имом Термизийнинг ривоят қилган бошқа бир ҳадисда “Аллоҳ Одам (алайҳиссалом) ни яратгандан сўнг ўнг қўли билан Одам (алайҳиссалом) нинг суратини силади”[16]. Муборакфурий салаф йўлини тутиб, бу ҳадиснинг маъносини тадқиқ қилмасдан ташқи маъноси билан чекланиб, таслим бўлишга чорлаган[17]. Анвар Шоҳ Кашмирий “Арфу-ш-шазий” ва “Файз ул-борий” асарларида бу ҳақда бирор нарса демаган[18]. Ҳанафий мазҳабидаги ҳиндистонлик бошқа бир олим Соҳаранпурий эса Аллоҳнинг оёғини қўйиши деганда Аллоҳнинг жаҳаннамга отилган охирги бир гуруҳ одамлар деб шарҳлаган. Чунки араблар яхши ва ёмон ишларни ифодалашганда оёқ сўзини қўллашган[19].

“Сунан Термизий” да: “Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир. Ким жамоатдан айрилса, жаҳаннамга етакланади”[20], - деган ҳадис келган. Муборакфурий ушбу ҳадисни зоҳирий маъносида англаш ўрнига таъвил этишга ҳаракат қилган. У Аллоҳнинг қўли иборасини Аллоҳнинг ҳимояси, асраши ёки раҳмати ва сакинати маъноларида тушуниш керак деб ҳисоблаган. Агар мўминлар жамоатдан айрилсалар, ана шу раҳмат ва сакинатдан маҳрум бўладилар[21]. Муборакфурий таъвил қилган яна бир ҳадис “Адн жаннатида жаннатликлар билан Аллоҳ орасида жаннатийларнинг Аллоҳни кўришларига халал берадиган Аллоҳнинг азамат ва қудрат пардаси бор”[22] деган ҳадис бўлиб, Муборакфурий Қози Иёз ва Ибн Ҳажардан қилинган ривоятлар асосида бу ҳадисдаги маънони ҳам зоҳирий томонлама тушуниш ўрнига таржиҳ қилишни тўғри деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, ҳадисдаги иборалар Аллоҳнинг буюклиги ва азамати ўрнига ишлатиляпти. Инсонлар кўзларининг заифлиги сабабли Аллоҳни кўролмаслар. Қачонки Аллоҳ ўзини инсонларга кўрсатишни хоҳласа, ана шунда уларнинг кўзларини ўзини кўра оладиган кўзларга айлантиради ва буюклик ва азамат пардасини орадан кўтаради. Имом Тийбий (ваф. 743/1342 й.) нинг фикрича, бу ўриндаги парда тўсиқ бўла оладиган бир парда эмас, балки бу парда у зот улуғлигининг нури, азамат ва кибриёсининг эшигидир. Бундай парда ёнида инсон ақли тўхтаб қолади ва кўзлар эсанкираб қолади[23].

Бошқа ўринларга назар ташланадиган бўлса, Муборакфурий “Бизни ғазабинг билан йўқ қилма, азобинг билан ҳалок қилма”[24] ҳадисидаги ғазаб[25], “Аллоҳ осмонларни бармоқлари орасида тутади”[26] ҳадисидаги бармоқлари[27] - “Ким менга бир қарич яқинлашса, мен унга бир аршин яқинлашаман”[28] деган ҳадисдаги яқинлашишни таъвилсиз зоҳирий маъносини тушунишни тўғри деб ҳисоблаган[29].

Демак, Муборакфурий умумий олганда, хабарий сифатларни бир салафий олим сифатида шарҳлашга ҳаракат қилган, баъзи ўринларда эса, таъвилга ҳам ўтган. У хабарий сифатлар жумласига кирадиган ҳадислар орасида “Аллоҳнинг қўли жамоатнинг қўли узра бўлиши”, “Адн жаннатида жаннатликлар билан Аллоҳнинг орасида азамат ва қудрат пардаси мавжудлиги” ҳамда “Аллоҳнинг Одам (алайҳиссалом) га руҳидан пуфлагани” ҳақидаги ҳадисларни таъвил этиб тушунган. Шунга ўхшаш таъвил қилган ҳадисларини нима учун таъвил қилганининг исботини яхшигина келтирган. Булардан ташқари, барча ҳадисларни зоҳирий маъносида тушуниб, ҳадисларнинг зоҳирий маъносини устун қўймай, таржиҳ йўлига ўтганларни қаттиқ танқидлар қилган.

Анвар Шоҳ Кашмирий эса, хабарий сифатларга салафи солиҳлар услубида ёндашган. Унинг ушбу услуби Муборакфурийга ўхшаб таъвилни рад этиш эмас. Бироз олдин айтилганидек, Кашмирий хабарий сифатларга зоҳирий маъно бермай, Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиш маъносини энг тўғри йўл деб билган. Истиво масаласида эса, таъно беришдан тўхташ, тийилиш услубидан таъвил қилиш услубига ўтган ва истивони зоҳирий маънода тушунишни яққол хато англаш деб ҳисоблаган.

 

НИЗОМИДДИНОВ ҲОШИМЖОН МУҲАММАДЖОНОВИЧ,

Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси докторанти

 

Фойдаланилган адабиётлар

 

  1. Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий. “Файз ул-борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”. Дарул иҳяи-т-турос ал-арабий. Байрут, 2005.
  2. Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий. “Арфу-ш-шазий ъала Жомиъи Термизий”. Дарул кутубил илмийя, Байрут, 2007.
  3. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра. Ал-жомеъ ас-саҳиҳ.–Байрут: Дорул-иҳя ат-турос ал-арабий.1995.Ж.1.– Б.378.
  4. Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим Муборакфурий. “Туҳфатул аҳвазий”. Дарул фикр. 
  5. Сердар Мурат Гурсес. “Ҳанефий-селефий шерҳ геленейи ачисиндан Кешмиринин ал-Арфу-ш-шазий ва Мубарекфурийнин “Туҳфетул аҳвезий” исимли эсерлеринин каршилаштирмаси”. Инўну Университети, Ижтимоий фанлар институти. ДДИ. Малатя 2018. – Б. 300.


 

[1]Кашмирий. Файзул борий. IV, 403-409 б.

[2]Имом Термизий. Китобус-солат., 213 б.

[3] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. V, 72; VI, 122.

[4]Имом Термизий, Сунан Термизий. қадар боби. 2-ҳадис.

[5] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. XI, 434-б.

[6]Анвар Шоҳ Кашмирий. Ал-арфуш-шазий. I, 698 б.

[7] Имом Термизий. Сунан Термизий. закот боби. 28 б.

[8]Анвар Шоҳ Кашмирий. Ал-арфуш-шазий. II, 203 б.

[9] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. VI, 117 б.

[10] Имом Термизий. Сунан Термизий. Тафсир боби. 39.

[11] Имом Термизий. Сунан Термизий. Тафсир боби. 67.

[12] Муборакфурий. Туҳфатул аҳвазий. XVI, 262 б.

[13] Анвар Шоҳ Кашмирий. Файзул борий. IV, 519 б.

[14]Имом Термизий. Сунан Термизий. Сифати жаҳаннам. 19-ҳадис.

[15]Муборакфурий. Туҳфатул аҳвазий. XIII, 73.

[16]Имом Термизий. Сунан Термизий. Тафсир боби. 8-ҳадис.

[17] Муборакфурий. Туҳфатул аҳвазий. XIV, 375.

[18] Анвар Шоҳ Кашмирий. Ал-арфуш-шазий. IV, 379 б;Файзул борий. V, 395 б.

[19] Сердар Мурат Гурсес. “Ҳанефий-селефий шерҳ геленейи ачисиндан Кешмиринин ал-Арфу-ш-шазий ва Мубарекфурийнин “Туҳфетул аҳвезий” исимли эсерлеринин каршилаштирмаси”. Инўну Университети, Малатя 2018. 227 б; Соҳаранпурий, Ҳошия. 379 б.

[20]Имом Термизий. Сунан Термизий. Фитан боби. 7-ҳадис.

[21] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. XII, 25-27 б.

[22]Имом Термизий. Сунан Термизий. Сифату жаннат боби. 3-ҳадис.

[23] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. XIII, 60 б.

[24]Имом Термизий. Сунан Термизий. Даъват боби. 51-ҳадис

[25] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. XV, 456 б.

[26]Имом Термизий. Сунан Термизий. Тафсир боби. 40-ҳадис.

[27] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. XVI, 70 б.

[28]Имом Термизий. Сунан Термизий. Даъват боби. 132-ҳадис

[29] Муборакфурий, Туҳфатул аҳвазий. XV, 142 б.

Izoh qoldirish