10.01.2025

“ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИ ЖАҲОН НИГОҲИДА: АКРАМ УМАРИЙНИНГ “ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИГА ОИД ҚАРАШЛАРИ

Ҳадис илмини ўрганиш учун ҳар бир инсон ошиқади. Ҳадис илмининг тарихини билмай туриб, унинг саҳиҳи ва заифини ажратиш ниҳоят мушкул ишдир. Ҳадис илмини ўрганиш, уни поклигини сақлаб қолиш, унга сохта, тўқима ҳадисларни аралаштириб юбормаслик масаласи ҳадис илми билимдонлари учун доимо муҳим бўлиб келган.

Замонамизда доктор Акрам Зиё Умарий ҳадис илмининг тарихи ҳақида кўплаб тадқиқотлар қилиб, бу фанга оид бир қанча маънан бой китоблар ёзган ижодкордир.

Муаллиф ўзининг “Буҳус фи тарихис суннатил мушаррафа” (“Ҳадис илмида тадқиқотлар”) китобида Ватандошимиз буюк муҳаддис имом Термизийнинг “Жомеъ” асарини тадқиқ қилиб қуйидаги ибораларни айтиб ўтади.

Муаллиф Имом Ҳофиз Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Сулламий Термизийдир. Китоб олтита саҳиҳ китобнинг бири бўлиб, Термизий китобида саҳиҳ, ҳасан, заиф, ғариб[1], муаллал[2] ҳадисларни ривоят қилган. Баъзи мункар ҳадисларни таҳлил қилгани каби, заифлик иллатини баён қилиб ўтган, айниқса, “Фазоил” китобида бу тур ҳадислар мавжуд бўлиб, лекин кўпинча, Термизий уларни баён қилиб ўтади ва сукут қилмайди. Китобида фақиҳ олимлар амал қилган ва ҳужжат келтирган ҳадисларни ривоят қилмоқликни лозим топган. Саҳоба ва тобеъинлар ва мамлакатлардаги фақиҳлар мазҳабларини тушунтириб, ҳадис йўлларини қисқартирган. Бир ровийни зикр қилиб, қолган ровийларга ишора қилган. Китобини охирида “Илал” китобини келтириб, унда муҳим фойдалар ҳақида сўз юритган[3]. Ҳадис санадларини текширишда ўзининг мулоҳазалари ва турли фиқҳий мактабларга фикрларини билдириши билан ажралиб туради[4]. Китобини фиқҳий бобларга асосан тартиблаган.

Китоби илм аҳллари томонидан яхши кутиб олинди. Ҳофиз Ҳиравий Ансорий (ваф. 481/1088 й.): “Термизийнинг китоби менга Бухорий ва Муслимнинг китобидан фойдалироқ. Чунки уларни тушунишга аҳли илм ва аҳли маърифатлар етишади. Бу китобда ҳадислар шарҳланган ва баён қилинган бўлиб, ҳар бир фақиҳ ва муҳаддис уни маъносини тушунади”, - дейди[5]. Абу Наср Абдураҳмон ибн Абдухолиқ (ваф. 574/1179 й.): “Жомеъ” китоблари тўрт қисмдир, саҳиҳлиги қатъий бўлган қисм, юқорида баён қилганимиздек, Абу Довуд ва Насоий шартига асосан келган қисм ва зиддиятни чиқарган қисм, тўртинчиси бўлиб, уни ушбу сўзлари билан тушунтириб берган: “Мен бу китобга иккита ҳадисдан ташқари баъзи фақиҳлар амал қилган ҳадисларни киритдим деб ўша ҳадисларни зикр қилди”[6], - дейди. Ибн Асир (ваф. 606/1210 й.) айтадики, “Термизийнинг китоби энг яхши, энг фойдали, энг яхши тартибланган ва энг кам такрорланган китоб бўлиб, ундаги мазҳабларни зикр қилиш ва мулоҳаза қилиш сабаблари ва ҳадис турларини саҳиҳ, ҳасан ва ғариб томонларини кўрсатиш бошқа китобларда йўқ, жарҳ ва таъдил мавжуд ва охирида иллатлар китоби бўлиб, унда кони фойда жамланган”[7], - дейди. Ҳофиз Заҳабий (ваф. 748/1347 й.): “Жомеъ” да фойдали билимлар ва имтиёзлар ва масалаларнинг жавоби бор, агар фазилат ҳақида келган заиф, баъзиси мавзуъ ҳадислар билан, уни лойқалантирмаса, у Исломнинг пойдеворларидан биридир”[8] деб яна сўзини “китобни пешқадам, ёдлаш қобилияти ва тушунчаси етук киши жамлаган. Лекин баъзи ҳадисларга рухсат бериб, обдон текширмаган, кўнгли ҳадисни заифга чиқаришга юмшоқ”, - деб давом эттирган[9]. Сиддиқ Ҳасан Қанужий (ваф. 1307/1890 й.) “Термизийнинг “Жомеъ ас-саҳиҳ”  китоби қадри улуғ, пурмаъно, кўп мутолаалик, фанда кенг қамровли эканига далолат қилади. Бу фанда тенгсиз китоб дея баҳоланди” дейди[10]. Божурий Термизийнинг “Шамоил” китобининг ҳошиясида: “Термизийнинг “Жомеъ ас-саҳиҳ” китоби ҳадис ва фиқҳни, салаф ва замондош мазҳабларни жамловчи китобдир. Муҳтаҳидга кифоя қилувчи, муқаллидга далил бўлувчи китобдир. Тўғри баъзи жойида саҳиҳлигига эътибор берилмаган. Лекин бу зарар келтирмайди, чунончи Сунанидаги мунқатеъ ҳадисларни ҳасанга, ровийси фард бўлган ҳадисни ўзи баён қилганидек, ҳасан ҳадисга ҳукм қилган. Термизий ҳадисни ривоят қилиб, ундан кейин “бу ҳадис ҳасан ғариб”, “саҳиҳ ғариб”, “бу ҳадисни шу важҳдан биламиз”, “бу янги истилоҳ”, “истилоҳда тортишув йўқ”[11] ибораларини келтиради”, - деб сўзини якунлайди. Термизий китоби билан ғурурланар, бажарган ишидан кўнгли тўлар эди. Термизий: “Китобни тасниф этиб Ҳижоз, Ироқ, Хуросон уламоларига арз қилдим, улар рози бўлишди, кимни уйида ушбу китоб бўлса, гўёки уйида Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётгандек бўлади”[12], - дейди. Аҳмад Шокир ва бошқалар нашр этган китобларда ҳадислар сони “Илал” китобидаги ҳадислардан ташқари 3956 тани ташкил этади. Термизий “Жомеъ”[13] китобининг охирида: “Ҳасан деб ҳадисни белгилашимдан мурод санадида ёлғон кирмаган, шозз[14] бўлмаган, бирон бир важҳсиз ривоят қилинган ҳадисдир, гоҳида ҳадис ғариб бўлади, бир важҳдан ривоят қилинганлиги сабаб, гоҳида ҳадис кўп важҳлардан ривоят қилинган, санади жиҳатидан ғариб бўлади”, - дейди. Лекин Термизий мураккаб истилоҳини шарҳламаган. Мусталаҳул ҳадис китобларида Имом Бухорийга (Имом Термизийнинг устозлари) ҳасан, саҳиҳга ўхшаш мураккаб истилоҳларни ишлатиш Термизийдан ўтган. Лекин бу ибораларни Бухорий шогирди Термизийга ўхшаб кам фойдаланган. Муҳаддислар бу истилоҳни Имом Термизийга мансуб деб билишади. Чунки Имом Термизий мураккаб истилоҳлардан унга шарҳ бермасдан, кенг фойдаланган. Илм аҳллари Имом Термизийнинг китобини ўрганиш ва истилоҳларни келтиришдан мақсадини билиш, хусусан мураккаб истилоҳлар турли хил суратларда “Жомеъ” сида келишининг сабабини билиш учун кўп меҳнат сарфлашди. Ҳофиз Суютий ўзининг “Баҳр ул-лазий захара”[15] китобида шу суратларни кенг баён қилган. “Ҳасан саҳиҳ, ҳасан ғариблигини шу важҳдан билганмиз”, “ҳасан, саҳиҳ, ғариб” каби мураккаб истилоҳларни билишда аввалги уламоларнинг изланишларини баён қилишга уринган. Термизийнинг “Жомеъ” билан амал қилишда Термизий ҳадис илми тарихида биринчи марта ишлатган мураккаб истилоҳларни билишга иҳтиёж сезилади[16]. Қуйида иборалар маъносини баён қиламиз:

“Ҳасан саҳиҳ”:

Ҳасан ва саҳиҳ ҳадисни бирга жамлашликда ҳеч қандай нуқсон йўқ. Термизий “Ҳасан саҳиҳ” деса, “ҳадис нуқсонини инкор ва исбот қилиш биргаликда жамланган” деб эътиборга олинади, Чунки ҳасан ҳадис саҳиҳдан пастки поғонада туради, ҳасан ҳадисни саҳиҳ билан бирга сифатлаш қарама қаршиликни келтириб чиқаради. Ибн Дақиқ Абд: “Ҳасан ҳадис билан саҳиҳни биргаликда жамлашда нуқсон йўқ”, - дейди. Чунки рост сўзлашга ўхшаш ҳадис илмида даражаси паст ахлоқ, ёдлаш қобилияти баланд, мустаҳкам каби даражаси баланд ахлоқлар борлиги билан тескари келмайди. Паст ахлоқ (ростгўйликда нуқсон) борлиги сабаб ҳасан, ёдлаш қобилияти баланд, мустаҳкам бўлгани сабаб саҳиҳ дейилади. “Саҳиҳ ҳасан” ибораси ҳам шу услубда қабул қилинади”, - деб зикр қилади. Абу Абдуллоҳ Ибн Мавоқ (ваф. 642/1245 й.) “Бағият ун-нуққод” китобида юқоридаги мувофиқликни баён этиб[17], “Ироқий баён қилганидек, Абул Фатҳ Яъмарий (ваф. 734/1334 й.) Ибн Саййидуннисо Ибн Мавоқга “Термизий ҳасан ҳадисда бошқа важҳдан ривоят қилишни шарт деб билган, аммо саҳиҳда шарт билмаган”, - деб эътироз келтирган вақтда, Ироқий “Термизий агар ҳасан ҳадис, саҳиҳ даражасига етмаган бўлса, ҳасан ҳадис бошқа важҳдан келишини, шарт деб билган, агар саҳиҳ даражасида етган бўлса шарт эмас, чунки бошқа жойда бу ҳадис “ҳасан саҳиҳ ғариб” деган яъни ҳасан ҳадис бошқа важҳдан саҳиҳ даражасига етгандан кейин унинг фардлигини эътиборга олиб ғариб иборасини ишлатган”, деб рад қилган”, - дейди. Ибн Саййидуннисони бундан хабари бор эди, зора эсдан чиқарган бўлса[18], Табризийнинг “Кофий” китобида рад жавоблари келган бўлиб, унга бу масъалада Заркаший Ибн Дақиқ Ийдни танқид қилишда давом этиб, “Термизий ҳасан ҳадисда важҳсиз ҳам ривоят қилишни шарт деб эътибор қилган, шу сабаб ҳар бир саҳиҳни ҳасан деб эътиборга олмаймиз, чунки бир киши ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар ҳам бор, иккала саҳиҳ китобида келган фард саҳиҳ ҳадисларга ўхшаш, бу ҳадислар саҳиҳ ҳадис деб қабул қилинади, агар юқоридаги тафсирларни эътиборга олиб ҳукм чиқарадиган бўлсак, унда бу ҳадислар ҳасан ҳадисга кирмайди, лекин саҳиҳ ва ҳасан ҳадислар орасида умумийлик ва хослик бор дейилса унда муносиброқ бўларди, чунки баъзи саҳиҳ ҳадислар ҳасан ҳадисдир, баъзилари эмас, баъзи ҳасан ҳадислар саҳиҳдир, баъзилари эмас. Бир масъалада иттифоқ қилиб бошқасида ихтилофли бўлса, демак улар орасида умумийлик ва хослик бор, - дейди.

А).Санади эътибори билан ҳасан саҳиҳ ҳадислар:

Ибн Салоҳ: “Бунинг жавоби ҳадиснинг санадига бориб тақалади. Агар бир ҳадисни ҳасан ва саҳиҳ санад билан ривоят қилинган бўлса, биринчи санад бўйича ҳасан ва иккинчисида саҳиҳ санад билан ривоят қилинганини эътиборга олиб, ҳадисни ҳасан саҳиҳ ҳадис деса бўлаверади, баъзилар ҳасанни луғавий маъносига эътибор беришади, бу нафс хоҳлаб, қалб тасдиқламайдиган ҳолатдир, бизлар таъкидлаётган ҳасанни истилоҳий маъноси эмас”, - дейди. Ҳофиз Ироқий шайх Тақйуддин ибн Дақиқ Ийдни “Иқтироҳ” (“Тузатиш”) 173 бет китобида танқид қилиб, “Биринчи жавобни “Ҳасан саҳиҳ” дейилган ҳадислар аслида уларнинг манбаси бир манбаъдан олинадики, Термизий баъзи жойларда: “Бу ҳадис ҳасан ва саҳиҳ бўлиб уни шу важҳдан биламиз” дейди?”, - деб рад қилишади. Шунда Ироқий уларга: Ибн Салоҳни ҳимоя қилиб, “Кейинги давр уламоларимиз[19], Термизий бу иборани бир ровийни бошқа ровийдан ажратиб олиб, (нисбий тафарруд) ривоят қилганида ишлатади, мутлақ ажратишда[20], (мутлақ тафаррудда) ишлатмайди деб жавоб қайтаришган”, - дейди. Ибн Абудам Иброҳим ибн Абдуллоҳ Ҳамадоний (ваф. 642/1245 й.) ибн Салоҳнинг сўзини рад этиб, “Ҳадис санади саҳиҳ бўлиб, матни эса шозз ё муаллал бўлиб саҳиҳ бўлмаслиги мумкин. Шу сабаб санади саҳиҳ ё ҳасан дейишлик айнан ҳадис саҳиҳ ё ҳасан дегани эмас. Термизийнинг ҳадисни ҳасан ва саҳиҳ дейишлиги унинг санадларига нисбатан айтилган деб бўлмайди, чунки ҳадис бошқа нарса ва санад бошқа нарсадир”, - дейди. Кейин “ҳасан саҳиҳ” бирга келишида маънода ҳасан ва истилоҳда саҳиҳ деган фикрга келди. Ироқий айтадилар: “Ибн Дақиқ Ийдни[21] “Ҳадисларни манбаси бир жойдан келганда Термизийнинг айтганлари мувофиқ келмайди”, деб айтган эътирозига жавоб шуки, “Ибн Салоҳнинг айтганлари мутлақ маънода айтилган, хос ҳолатларни олиб айтмаган. Умумий ва кўп ҳолатларда деб тушуниш лозим. Эслатиб ўтилган хос ҳолатлар Термизийнинг китобида кам учрайди”, - дейди. Санъоний Ибн Дақиқ Ийдни Термизийнинг “шу важҳ билан биламиз” деган сўзига эътироз билдирганига: “шу лафз билан, яъни маъноси шу санад билан ё “ҳасан саҳиҳ” сифати билан келган демоқчи бўлади. Аммо бошқа санад билан шу саҳобийдан ё бошқа саҳобийдан ҳадис келган бўлиши мумкин”, дейди. Ироқий Ибн Дақиқ Ийдни “ҳасан” ибораси истилоҳини мутлақ маънода тушунадиган бўлсак, унда мавзуъ ҳадислар ҳам ҳасан ҳадисдан ҳисобланиб қолади”, деган эътирозига жавоб бериб шундай дейди: “Муҳаддислар заиф ҳадисга ҳам ҳасан деб нисбат беришган, лекин истилоҳий маънода эмас, балки лафзий маънода айтишган”. Табризий[22], Балқиний[23], Ибн Ҳажарлар[24]: “Ибн Дақиқни сўзи эътиборга молик сўзлардан эмас, чунки Ибн Салоҳ “ҳасан саҳиҳ” деб таъкидлади, мутлақо ҳасан демади, заиф ҳадис ҳеч қачон саҳиҳ деб сифатланмайди”, - дейдилар.

Б).Саҳиҳ ва ҳасан ўртасида келган “ҳасан саҳиҳ” ҳадислар:

Ҳофиз Ибн Касир: “Ҳасан ва саҳиҳни жам келтириш ўрта мартабадир, саҳиҳ ҳадислар баланд мартабада, ундан кейин ҳасан ва саҳиҳ биргаликда жамланган ҳадислар, ундан кейин ҳасан ҳадислар келади”, дейди. Заркаший: “Юқоридаги изоҳдан Термизийнинг китобида саҳиҳ ҳадислар кам келган деб тушунилади, чунки бу ҳадис саҳиҳ деб айтган ибораси кам келган. Лекин ҳасан саҳиҳ иборасини ишлатган ҳадислари, иккала ҳадис китобларида мавжуд, кейин иккинчи қисмни исботлашга ўтади, (яъни “ҳасан саҳиҳ” билан бирга келиши) уларни иттифоқига халал келтиради”, деб уни сўзини танқид остига олади. Балқиний, Ироқий, Ибн Ҳажарлар ҳам Заркашийга эргашиб, Ибн Касирни фикрини ноқислигига ишора этишади[25].

В).Танқидчилар ҳукмини турли хиллиги эътибори билан “ҳасан саҳиҳ” ҳадислар:

Ибн Дақиқ Ийд: “Эҳтимол Термизий ҳадисни ҳасанлигига ўзининг ижтиҳодини ва саҳиҳлигига бошқаларни ижтиҳодини ё аксини эътиборга олган бўлса керак”, - дейди[26]. Ибн Ҳажар бунинг фикрини танқид қилиб, “Агар Термизий буни хоҳлаганда эди, “вов” ҳарфини келтирган бўларди. Ва “ҳасан ва саҳиҳ” дер эди. Фикримизга келадиган гап шуки, Термизий ҳадисга бошқаларнинг эмас, ўзининг илмига асосан ҳукм чиқарган. Бу фикримиз юқоридаги жавобда қораланаяпти. Термизий ҳадисларни икки хил бир- бирига ўхшамайдиган сифатга асосан жамлаганини эътиборга олиш лозим бўлади, муҳаддислар баъзи ҳадисларни сиҳатлигига иттифоқ қилишган бўлсалар ҳам, жавоб яна рад қилинади. Лекин бу жавоб тўғри деб топилса, мақсадга бошқасидан яқинроқ бўларди. Ва мен унга моилман ва розиман, рад қилинадиган жавобга ҳам яна жавоб бўлиши мумкин”, - дейди[27].

Г).Гумон сабабли “ҳасан саҳиҳ” ҳадислар:

Ибн Ҳажар: “Саҳиҳ ва ҳасан ҳадислари бир сифатда жамланса, мужтаҳидда ҳадис ровийсига нисбатан гумон пайдо бўлади, унда саҳиҳлик шарти мавжудми ё йўқми? Бу ҳадис танҳо шу ровийдан ривоят қилинганми? Шу тартибда келган ҳадислар ҳасан саҳиҳ ҳадислардир. Бундан баланд келган ҳадис саҳиҳ ҳадис бўлиб, агарчи ровий фард бўлса ҳам кўп йўллар билан келиши ҳадисни қувватлайди”, - дейди[28].

Д).Санади эътибори билан ҳасан, ҳукмини эътибори билан саҳиҳ ҳадислар:

Ибн Ҳажар: “Бир-биридан фарқли сифатлар эътибори билан бу ҳол жоиз бўлади. Гап санад ва ҳукм тўғрисида бораяпти. Термизийнинг сўзини санади эътибори билан ҳасан, ҳукми эътибори билан саҳиҳ деб тушунсак бўлади. Чунки ҳасан ҳадисни саҳиҳдан ажратмай, барчасини саҳиҳ деб номлайдиган муҳаддислар фикрига асосан, ҳадис қабул қилинган ҳадис бўлиб, унга саҳиҳ деб нисбат берилса бўлади. Бу қарашда Ибн Дақиқ Ийдни саволига кучли жавоб бор”, - дейди[29].

Е).”Ҳасан саҳиҳ” ҳадислар саҳиҳ ҳадисдан кучлироқ:

Суютий: “Ҳасан саҳиҳ дейишлик мартабаси паст ҳадисни баландга кўтарган бўлиб, ҳадисни саҳиҳлигини таъкидлаган бўлади. Термизий ва бошқаларнинг сўзида “саҳиҳ ҳасан” деб баланд мартабали ҳадис келмаган, шу сабаб, “ҳасан саҳиҳ” ҳадиси саҳиҳ деб номланган ҳадислардан юқори мартабада эканини ифода этади, - дейди[30].

Ж).Ўзи учун “ҳасан” ва бошқалар билан “саҳиҳ” ҳадислар:

Бу Суютийнинг[31] йўналиши бўлиб, санади эътибори билан ҳасан бўлган ҳадислар саҳиҳдир, яъни шу бобда келган ҳадисларнинг ишонарлисидир. “Агар ҳадис ҳасан ё заиф санадда келган бўлса, шу бобда келган ҳадисларнинг ишонарлиси дейилади. Мақсад яхшироғи ва заифлиги камроғи”, - дейди[32].

2-ва 3- “саҳиҳ ғариб” ва “ҳасан ғариб” ҳадислар:

Заркаший: “Саҳиҳ ҳадисни шартлари бирон бир важҳсиз, маълум ҳадис бўлмоғи лозим. Ғариб ҳадис ровийлардан бир киши танҳоликда ажралиб қолган ҳадисдир. Шу сабаб, “саҳиҳ ғариб” иборасида номувофиқлик бор? Саволнинг жавоби шундан иборатки ғариб ҳадис бир неча қисмга бўлинади, матн жиҳатдан, санад жиҳатидан ғариб бўлган ҳадислар бор. Бу ерда иккинчиси назарга олинмоқда. Чунки бу ғариблик саҳобалар жамоасида билинмоқда, саҳобалардан ривоят қилишда бир ровий ажралиб қолаяпти, матн жиҳатидан ҳадис “ҳасан” деб эътиборга олинади, чунки ҳадисни манбаъи маълум ва машҳур, матнда ҳасанлик шарти топилди, санад жиҳатидан ғариб, чунки саҳобалар жамоасидан бир кишигина ривоят қилаяпти, бу маънода “ҳасан ғариб” иборасини қўллашда нуқсон йўқдир. Бошқа қисмдаги ғариб ҳадисларга, ҳасан ҳадисга мувофиқ келмаганлиги сабаб, бу ибора қўлланилмайди”, - дейди. Имом Абул Аббос Аҳмад ибн Абдураҳмон Муҳсин Ироқий “Мўътамад ут-танбиҳ” китобида Абу Исонинг бу ҳадис “саҳиҳ ғариб”, бу ҳадис “ҳасан ғариб” деб номлашидан манбанинг торлиги эътиборга олинади, яъни ҳадис кўп йўллардан эмас балки бир важҳдан ривоят қилинган бўлиб, ровийнинг сиққа эканига далолат қилади, бу эса ҳадисни ҳасанлигига зарар еткизмайди. Термизий ровий якка кўзга ташланганлиги сабабидан ҳадисни ғарибга чиқаради. Муҳаддис уламоларнинг шартлари ажойиб, иккала шайх ҳам Абу Исо “бу ҳадис ҳасан ғариб” деган ҳадисини саҳиҳларига чиқаришган”, - деб бунга иккала шайх иттифоқ қилган ҳадисни мисол келтиради[33]. Термизийнинг “Жомеъ” китоби Ҳиндистон ва Мисрда кўп марталаб нашрдан чиққан. Нашрдан чиққан китобларда Термизийнинг аҳкомлари Миззийнинг “Тўҳфат ул-ашроф” ва Тусийнинг “Мустахраж” китобида нақл қилингандан фарқ қилишини ишора қилиб ўтиш лозимдир.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Термизийнинг “Жоме” асари дунё уламолари севиб ўқиладиган китобдир. Ёшларимизга ҳадис илмини нақадар пок манбалардан олинганини билдириб, уларга соф Ислом таълимотини ўргатсак, хусусан, ҳадисшунослик фанидан дарс ўтилганда, ҳадисларни фиқҳий мазҳабимиз Имом Аъзам фиқҳ мактабининг тушунчаларига урғу бериб таълим берилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

ФАХРИТДИН ХУДАЙНАЗАРОВ,

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот

маркази илмий ходими


 

[1] Ғариб – битта ровий ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳадис.

[2] Муъаллал – сиртдан қаралганда иллати билинмайдиган, лекин саҳиҳлигига футур етказадиган иллати топилган.

[3] Хулий: «Мифтоҳус сунна» 93, Субойи: «Суннату ва маконатуҳу фи ташриъил исломий» 413. Дорул қавмия нашриётида нашрдвн чиққан. Муҳаммад Абу Заҳву:«ҳадис вал муҳадисун» 417, Абу Шуҳба: «Аъломул муҳаддисийн» 244-246.

[4] Сезгин: «Тарихут туросил араб» 392.

[5] Заҳабий: «Сиярул аъломин нубало» 18:513. Мақдисий: «Шурутул аиматил хамсати» 19.

[6] Заҳабий: «Сияру аъломин нубало» 13:274, Абу Наср таржимасига қаранг. «Сиярда» 21:48.

[7] «Жомеъ ул-усули фи аҳодисир расул» (“Расуллулоҳни (с.а.в.) ҳадисларини жамловчи”) 6:193-294 ундан Тошкўпризода иқтибос келтирган. «Мифтоҳус саодати» (“Саодат калити”) 2:132б.

[8]«Сияр ул-аъломин нубало» 13:374.

[9] Олдинги манба: 13:276, Заҳабий Термизийнинг саҳиҳ ва ҳасанга чиқаришда бепарволигини «Мезонул эътидол» нинг бир неча жойида танқидга олади. 3:407-514, 4:416 «Сияр ул-аъломин нубало» ни ҳошиясига қаранг. 13:376.

[10] Сиддиқ Ҳасан Қанужий: «Ҳита» 252.

[11] Олдинги манба: 208.

[12] Ибн Ҳажар: «Таҳзибут таҳзиб» 9:389, Заҳабий: «Тазкиратул ҳуффоз» 2:188, «Сияру аъломин нубало» 13:273.

[13] «Жомеъ ас-саҳиҳ» 5:758.

[14] Шозз ҳадис – ҳадиси мақбул бўлган одам ўзидан кўра яхшироқ ровийга мухолиф равишда ривоят қилган ҳадис. 

[15] «Баҳрул лазий захара» 1285-1325. 

[16] Ҳадисларни ҳукмини чиқаришда ҳасан, саҳиҳ, ғариб ибораларини биргаликда жамлаб Абу Ҳотим ар-Розийнинг шогирди, Абу Али Ҳасан ибн Али ат-Тусй (312/912) «Аҳком» номли китобида қўллаган. 

[17] Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абу Бакр Абу Абдуллоҳ Ибн Мавоқ номи билан машҳур, Абу Ҳасан ибн Қаттонни шогирди (642/1245)да вафот топган. «Кашфуз зунун» ва «Мўъжаму муллифийн» муаллифлари (897/1492) йилда вафот топган дейди. (Марокаший: «Аълом» 4:231).

[18] «Ат-тақйид вал ийзоҳ». 61.

[19] Эҳтимол у Балқийнийга ишора қилаётган бўлса керак «Маҳосин ул-истилоҳ». 114 бет.

[20] Нисбий тафаррудни ихтиёр этган, мутлақ тафаррудни эмас, нисбий тафарруд сиққа ровий ё шаҳарни ривояти билан боғлиқ, мутлақ тафарруд эса ҳадисни бир ровийдан бошқасидан ривоят қилинмайди, агарчи йўллар кўп бўлса ҳам, фақат шу ровийга бориб тақалади.

[21] «Иқтироҳ». 173-бет.

[22] Саховий:«Фатҳ ул-муғис». 90.

[23] «Маҳосин ул-истилоҳ». 114-бет.

[24] «Аи-Нукату ало ибн Салоҳ». 1:475.

[25] Ибн Касир:«Ихтисору улумил ҳадис». 43-44-бетлар. Заркаший «Нукот» 556, Ироқий: «Ат-тақйид вал изоҳ» 61-62, Ибн Ҳажар: «Ан-Нукату ало ибн Салоҳ». 1:447.

[26] Суютий: «Баҳрул лазий захара». 1310.

[27] Ибн Ҳажар: «Ан-Нукату ало ибн Салоҳ». 1:447.

[28] «Назҳатун назар фи шарҳи нухбатил фикр» 33-34.

[29] Ибн Ҳажар: «Ан-Нукату ало ибн Салоҳ» 1:477-478.

[30] «Баҳрул лазий захара» 1316.

[31] Олдинги манба 1321.

[32] Олдинги манба 1321-1322.

[33] Суютий: «Баҳрул лазий захара» (1324-1325)

Izoh qoldirish