23.01.2025

НАЖМИДДИН УМАР НАСАФИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИГА ДОИР НОЁБ АСАРИ

Аннотация: Мақолада ақоид ва калом илмида беназир ижод қилган аллома Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафийнинг ҳадис илмига қўшган ҳиссаси ва олимнинг ҳадис илмига бағишланган “ас-Сабъийёт вас самъийёт” асари XI-XII асрларда Мовароуннаҳр ҳадис мактабининг ўзига хос манбаси сифатида ўрганилган.

Annotation: In the article, the contribution of Allama Najmuddin Abu Hafs Umar Nasafi to the science of hadith, who was a great creator in the science of aqeed and kalam, and the scholar's work "as-Sab`iyyât-as`Sam`iyyât" dedicated to the science of hadith, were studied as a unique source of the Movarounnahr school of hadith in the 11th-12th centuries.

Ўз даврида ҳадис илмининг билимдони сифатида “Ҳофиз”, фиқҳ олими сифатида “Фақиҳ”, тасаввуф намоёндаси сифатида “Зоҳид” унвонларига мушарраф бўлган Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Самарқандий 1068 йили Насафда таваллуд топди. Абу Ҳафс Умар Насафий Қуръон, ҳадис, ақида ва фиқҳ каби билимларни мукаммал билган ва мазкур соҳаларга оид кўплаб илмий мерос қолдирган. Мовароуннаҳрда ҳанафий мазҳабининг ривожмга қўшган улкан ҳиссаси боис олим исмига “Ҳанафий” нисбаси ҳам қўшиб айтилади. Асли Насафдан бўлган Абу Ҳафс Умар Насафий умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказгани учун манбаларда “Насафий сумма Самарқандий” (Насафлик, сўнгра Самарқандлик) дея тавсифланади. Насафнинг қадимий номи “Нахшаб” бўлгани боис, муаллифнинг насаби баъзи манбаларда “Нахшабий” шаклида ҳам учрайди.

Абу Ҳафс Умар Насафий ўз даврининг буюк олимлари, ўз соҳасининг пешқадамларидан илм олган. Жумладан, Абу Ражо Насафий (ваф. 473/1081), Фахрул Ислом Паздавий (ваф. 482/1089), Исмоил ибн Иброҳим Насафий (вафоти 481/1088) каби ўз даврининг етакчи олимларидан таълим олган. Шунингдек, манбаларда Умар Насафий ҳаж сафари пайтида, Маккада Маҳмуд Замахшарий (вафоти 538/1144) билан учрашгани, кейин Бағдодга ташриф буюриб, кўплаб олимлардан ҳадислар эшитган. Ўз сўзлари билан айтганда, беш юз элликта алломадан ҳадислар ривоят қилган[1]. Хусусан, Умар Насафий Насафий Ҳасан ибн Абдулмалик Қозий, Абу Али Ҳасан ибн Абдулмалик Насафий, Маҳдий ибн Муҳаммад Алавий, Абдуллоҳ ибн Али ибн Исо Насафий, Ҳусайн Кошғарий, Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий, Али ибн Ҳасан Мотуридий, Муҳаммад ибн Аҳмад Маймарғий (тав. 442/1051 й.), Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Баён Абул Қосим Раззоз (ваф.510/1116 йй.), Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Насафий (ваф. 485/1092 й.), Абу Аббос каби ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан ҳадис ривоят қилган[2].

Абу Ҳафс Умар Насафий тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих, араб тили грамматикаси каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий олимлардан ҳисобланади. Жумладан, олимнинг: “Мажмаъул улум”, “ат-Тафсир фил-Қуръон”, “Саҳиҳи Бухорий”нинг шарҳига бағишланган “Китобун нажаҳ фи-шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби), “Назму жомеис сағир фи-фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги-“Жомеус сағир”нинг назмий баёни), “Хасоисул луғат”, “Заллатул қори фи-баёнил хато фи-қироъатил Қуръонил карим ва анвоъиҳи ва ҳукмиҳи”, ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари ҳақидаги “Тилбатут талаба фил-фиқҳ” (Фиқҳда талабалар излаган маълумотлар), “Баёну мазҳабил мутасаввифа”, “ал-Хасоис фил масоилил фиқҳия”, “Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума), тарихга оид “Ал-Қанд фи-зикри уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида қанд), яъни қанддек тотли маълумотлар, “Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар), “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи) каби асарлари ҳозирги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган нодир манбалардир. Олимнинг ҳадис илмига оид “Татвил ал-асфор ли таҳсил ал-ахбор” деган асари бўлиб, тарожим китоби муаллифлари эътироф этишларича 550 та шайхидан айнан мана шу китобда ҳадисларни ривоят қилган[3]. Хусусан, Абу Ҳафс Насафий Бағдодга сафар қилган вақтида ушбу китобда жамлаган ҳадисларидан у ердаги ҳадис илми талабаларига дарс берган[4]. Олимнинг устозларига атаб ёзган асарлари бизгача етиб келмаган. Абу Ҳафс Насафийнинг “Татвил ал-асфор ли таҳсил ал-ахбор” асари номланишидан келиб чиқиб ушбу асар “муснад” жанрида ёзилган дейишимиз мумкин. Чунки тарожим китоби муаллифлари Абу Ҳафс Насафий ушбу китобдан 550 та устозидан ҳадисларни ривоят қилганини келтириб ўтганлар. Агар муаллиф ҳадисларни устозларига боғлаган ҳолда келтирган ва ҳадислар алоҳида бобга ажратилмаган бўлса, муснад китоблар туркумига киради.

Олимнинг ҳадис илмига бағишланган “ас-Сабъийёт вас самъийёт” асари XI-XII асрларда Мовароуннаҳр ҳадис мактабининг ўзига хос манбалардан ҳисобланади. Ушбу асар ягона нусхада бўлиб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 1462-рақам билан сақланади. Асар Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Матлаъун нужум ва мажмаъул улум” (Юлдузларнинг порлаши ва илмларнинг мажмуи) номли асар қўлёзмасидан ўрин олган. 

“Ас-Сабъийёт вас самъийёт” асари 16 саҳифадан иборат бўлиб, ҳар бир саҳифада 29 дан 31 гача сатрларда ҳадислар келтирилган. Асарга 360 та ҳадис киритилган бўлиб, олтита ҳадис такрор ёзиб олинган. Такрорий ҳадислар олиб ташланганда асарда жами 354 та ҳадис қолади. Бундан ташқари, ҳадисларнинг ҳар бири муаллифгача етиб келган иснодлар билан зикр қилинган[5]

Асардаги ҳадис сарлавҳалар қисқача қайд этилган. Ҳар бир ҳадисга сарлавҳа қўйиш одатий ҳол бўлиб, баъзан бир сарлавҳа остида икки-бешта ҳадис зикр қилиниб, жами 340 га яқин мавзу берилган. Ҳадислардаги каби сарлавҳа номларида ҳам билан такрорлар бор. Асар бошидаги сарлавҳалардаги ҳадислар — “Илм”, “иймон”, “ибодат” каби номларда бўлсада, охиригача мавзу доирасидан чиқилиб, “ва биҳи қола” (و به قال) ибораси билан иснод асос қилиб олинган. Масалан, 165-174-рақамлар орасидаги ривоятлар ҳам худди шундай иснод асос қилиб олинган ҳолда келтирилиб, “Дажжол”, “Валима”, “Хайбар жанги”, “Муртад” каби бир-бирига бевосита алоқадор бўлмаган мавзулар ҳақида ҳадислар келтирилади.

Асар сарлавҳа, иснод ва матндан иборат. Булардан ташқари ҳадислар ҳақида ҳеч қандай муносабат ва изоҳ деярли йўқ.

“Ас-Сабъийёт вас самъийёт” асарида муқаддиманинг йўқлиги асарнинг ёзилиш мақсади ва усулини аниқлашни қийинлаштиради. Асар номига тўхталиб ўтадиган бўлсак, “ас-сабъийёт” араб тилидан “еттилик”, “ас-самъиёт” эса “эшитилганлар” деган маънони билдиради. Шундан келиб чиқиб асарни “Сабъийёт” яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан мусаннифгача еттита ровий воситасида етиб келган ривоятлар тўплами дейиш мумкин. 

Асардаги ҳадис матнларини қисман тахриж қилиш натижасида ҳадисларнинг салмоқли миқдори саҳиҳ ва ҳасан ҳадислар эканлиги маълум бўлади. Хусусан, Асардаги ҳадисларнинг 80 га яқини муттафақун алайҳ[6] эканлиги ҳамда 35 таси Имом Бухорий ва Муслим томонидан ривоят қилинган тафарруд[7] ривоятлардандир. Шунингдек, асардан Имом Доримий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Термизийнинг «Сунан»ларидан келтирилган ҳадисларни ҳам учратиш мумкин. 

Умуман олганда, “ас-Сабъийёт вас самъийёт” асари ҳадисларни келтиришда буюк муҳаддис олимлар илмий меросига мурожаат қилинган ҳолда, ҳадисларнинг учдан бири саҳиҳ, қолган учдан бири саҳиҳ, бир қисми ҳасан ва қисман эса заиф ҳадислар келтирилган кейинги даврнинг ўзига хос манбаларидан ҳисобланади. Шу билан бир қаторда мазкур асар орқали Насафийнинг ҳадисларни исноди билан келтириши катта эҳтимол билан у яшаган даврга келиб камайиб бораётган ҳадислар таснифи анъанасининг аҳамиятини эътибор қаратган ҳадис ва суннатга бўлган ҳурмати туфайли ифодалаган бўлиши мумкин. Фиқҳ ва ақида илмида устоз бўлган Абу Ҳафс Насафийнинг ушбу асари исломнинг энг муҳим манбаси ҳадисдаги ўрни ва мавқеини белгилайди.

ИРГАШ ДАМИНОВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

[1] Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий. Ал-Қанд фи зикр уламо Самарқанд/ Назар Муҳаммад ал-Фарёбий таҳрири остида. – ар-Риёд: Мактабатул Кавсар, 1991. – Б. 8

[2] Абдулқодир Қураший. Ал-Жавоҳирул музийя. Байрут: Дору ҳижр, 2007. – Ж. I. – Б. 395.

[3] Қосим Ибн Қутлубғо. Тожу-т-тарожим. Байрут: Дор ал-қалам, 1992. Б. 164

[4] Абдулҳай ибн Аҳмад Ҳанбалий. Шазарот аз-заҳаб фи ахбор ман заҳаб. Дамашқ: Дор ибн Касир, 1986. Ж. 6. Б. 189.

[5] Абу Ҳафс Насафий. Матлаъун нужум ва мажмаъул улум. Қўлёзма: ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти. Н1462/2.

[6] Имом Бухорий ва Муслимнинг ушбу матнга иттифоқ қилган.

[7] Тафарруд – ҳадисни битта одамнинг ривоят қилиши санаднинг охиригача кетиши.

Izoh qoldirish