24.01.2025

АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИДА ИЛМ ВА ИЛОҲ УЙҒУНЛИГИ МАСАЛАСИНИНГ СИНЕРГЕТИК ТАЛҚИНИ

Буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, маънавий мероси моҳиятини комиллик масаласи ташкил этади. Шоир ўзининг комил инсон идеалини Суқрот, Афлотун, Арасту, Искандар Зулқарнайн, Фарҳод каби ижобий қаҳрамонлари образларида мужассамлаштириб, улар тилидан ўзининг ахлоқий идеаллари ва ижтимоий-сиёсий ғояларини баён этади.

Комиллик ҳақидаги таълимот ҳисобланган тасаввуф тубан нафсдан холи бўлиш, покланиш, маънавий-ахлоқий фазилатларни такомиллаштириш асосида Аллоҳ васлига етишишни тарғиб этар экан, инсонни ҳам Худонинг муҳаббат объекти (маҳбуби), ҳам унга ошиқ субъект деб ҳисоблайди[1]. Ушбу таълимот олам ва одамдан мақсад – Худо, Худодан мақсад – камолот, камолотнинг эса йўли чексиздир деб таъкидлайди[2]. Унга мувофиқ, маънавий поклик инсонга Ҳақни таниш учун қувват беради ва шу билан бирга ҳар бир шахс феъл-атворини ўз-ўзини тарбиялаш имкони сифатида амал қилади.

Тасаввуф намояндаларидан бўлган Алишер Навоий талқинида ҳам инсон ўз-ўзини ривожлантириш ва такомиллаштиришга лаёқатли бўлган ягона мавжудотдир. Яратгувчининг инояти ва илму маърифат воситасида инсон ўзини англаб, феъл-атворидаги салбий сифатлардан покланиш ҳамда эзгу фазилатларни ўзлаштириш орқали камолот йўлини тутади. Бунда эзгу фазилатлар кишини такомиллик сари юксалтирувчи сифат даражаси – флуктуatsiя (лот. fluctuatio – “тебраниш” маъносини бериб, тизимнинг барқарор ҳолатдан четлашишини англатади) бўлиб хизмат қилади.

А.А.Гулованинг таъкидлашича, “Алишер Навоий ўз асарларида жамиятни инсонпарварлаштириш масалаларини тасаввуфий-ирфоний ғоялар, қарашлар орқали ечишга уринади. Шоир томонидан илгари сурилган комил инсон ғояси илоҳий ишқ, ахлоқ ва нафс тарбиясига асосланади[3]. Дарҳақиқат мутафаккир “Маърифатнинг ибтидоси – ёлғиз Ҳақ билан бўлиш учун нафсни поклашдир”[4] деб, нафси талабларидан кечган, юксак маърифатга эришган комил инсонгина Ҳақ жамолига етишишга, демакки, камолотга даъвогарлик қилишга ҳақли эканини таъкидлайди.

Султонмурод Олим “Назарий-фалсафий жиҳатдан, яъни дунёқарашу мафкура маъносида Навоий таянган манбаларнинг биринчиси – Қуръони карим, иккинчиси – ҳадиси шариф, учинчиси – шу иккисидан келиб чиққан тасаввуф фалсафаси”[5] эканини қайд этади. Мутафаккир комил инсон идеали томон йўл узун ва машаққатли эканини, киши камолотга илм ва илоҳ (шариат) уйғунлигида, тавба, зуҳд, таваккул, қаноат, сабр, тавозе, одоб, ризо, ишқ, вафо, саховат, эҳсон, карам, ҳиммат, мурувват, нафс, шукр каби тамойиллар воситасида эришишини илмий асослайди:

Тенгри ишин қилмоқ эрур фарзи айн 

Ким, кўрубон айламоқ шўру шайн. 

Кўрмойин улким, иши бўҳтон эрур,

Билки бу хислат била шайтон эрур[6].

Комиллик Навоий фикрича инсоннинг инсонлик табиати, имкониятлари ва маънавияти чегараларидаги комиллик бўлиб, бунинг олий босқичи Аллоҳ моҳияти ўз вужудида мавжуд бўлганлиги учун Аллоҳнинг мукаммаллиги, жилоси, зиёсини ярақлаган ойнадек акс эттира олиш, уни бевосита туйиш ва тан олиш, “таслим бўлишдир”. Бу ниҳоясиз риёзатлар ва маърифат орқали мумкин бўлади[7]

Алишер Навоий “Зоти барча комилликлар билан жилоланган. Сифатидаги бутун комиллик кашф аҳлига маълумдир”[8] деб, мукаммалик сифати ёлғиз Аллоҳга хослигини таъкидлайди, унинг бандалари орасидан ҳусни хулқи, руҳи поки туфайли пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг комил инсонга хос сифатларини юксак даражада улуғлайди. Чунки Ер юзида яшаб ўтган тарихий шахслардан ҳеч бирининг ҳаёти ва фаолияти у зотники каби буюк натижа берган эмас. Шунингдек, Муҳаммад (с.а.в.), пайғамбарлигидан ташқари, оддий инсон сифатида феъл-атвори, ахлоқ-одоби ва бошқа сифатлари билан ҳам бошқа буюк тарихий шахслардан ажралиб туради. “Пaйғaмбaрлик қуёши билaн бу кaмoлoтини сeнинг кeчaнгни ёритиш учун чирoқ қилди, сeнинг шoн-шaрaфингни мaдҳ этди. У ўзгаларга нaф еткaзишни ўзига aсoсий ўлчoв қилди”[9], деб Муҳаммад (а.а.в.)ни том маънода комил инсон сифатида тараннум этади. 

Шарқ мутафаккирларини минг йиллар давомида ўйлантириб келган ва сўнгги йилларда Ғарб олимлари томонидан фалсафанинг асосий масаласи деб тан олинаётган “Инсоннинг туғилиши, яшаши ва вафотида нима маъно бор?” деган саволга Алишер Навоий “Инсоннинг мавжудлигидан (дунёга келишидан) мақсад – Ҳаққа етишиш, У ато этган руҳни тарбиялаб, юксалтириб, охир-оқибат яна унинг ҳукмига ҳавола этиш. Ҳаёт – бу мақсад учун имконият, дунё ва жамият – муҳит, вужуд ва онг – восита”[10], деб жавоб беради. Ушбу ғоя мутафаккир асарларида илгари сурилган комиллик таълимотининг илоҳий моҳиятини ўзида акс эттиради.

Демак, Навоий наздида инсоннинг комиллик даражасини унинг бошқаларга инсоний муносабати, қилаётган яхшиликлари, кўмак ва саховатининг кўлами белгилаб беради. Мутафаккир инсонни ақл-идрок, жамиятни илм-маърифат бошқариши кераклигини таъкидлар экан, кишининг ўз нафси устидан ғалабасини мўминлик (комиллик)нинг олий даражаси деб белгилайди.

Навоийнинг қайд этишича, инсон Тангридан етадиган тавфиқ ва тавба воситасида такомил сари одимлайди. Мутафаккир такомилнинг тавба асосида ёмон феъллардан, номақбул даъволардан ва қабиҳ амаллардан воз кечиш эканлигини маълум қилади.  Уни синергетика (қадимги юнон. synergeia – “ҳамкорликдаги фаолият” маъносини англатиб, термодинамик мувозанатдан узоқ бўлган ўз-ўзини ташкиллаштирувчи очиқ системаларнинг пайдо бўлишини тушунтурувчи фанлараро фан йўналиши)нинг[11] ўз-ўзини ташкиллаштириш тамойилига мос равишда талқин этади: 

Ҳақдин ангаким, етти иноят вақти,

 Кўнглига ёмон феъли сироят вақти. 

Исёниға фош ўлур ниҳоят вақти. 

Бу бўлди ҳидоятқа бидоят вақти[12].

Дарҳақиқат, Навоийнинг комил инсон таълимоти Қуръони карим ва ҳадисга мос равишда талқин этилади. Жумладан, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида май ичмоқлик Тангри ҳукми билан манъ этилганлиги, ичкиликнинг “Уммул хабоис”, яъни ёмонликлар онаси, дейилганлиги ва унга бундай таъриф берилишининг сабаби ҳам унинг асосий хусусияти бўлган – одамийликни йўқотиш манбаи эканлиги билан тушунтирилади[13].   

Ислом динида  илм олишга алоҳида эътибор қаратилган ва шунга мос равишда Навоийнинг комил инсон таълимоти мазмунини ҳам илму маърифат тарғиби ташкил этади. Чунки мутафаккир “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган – ўзига золим. Оз-оз ўрганиб, доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб, дарё бўлур. Заҳмат чекиб илм ўрганган – донишманд”, дея асарларида инсонни ўз-ўзини ташкиллаштиришга даъват этади:

Илмди орий улуснинг жоҳили худкомаси,

Ўрганурга жидду жаҳд этган жаҳон алломаси[14].

Алишер Навоийнинг тасаввуф адабиётига мансуб[15] “Лисонут тайр” достонидаги қушларнинг ўз раҳнамоси Ҳудҳуд билан бўлган савол-жавоб шаклида кечган суҳбатида ҳам ўз-ўзини ташкиллаштириш омили бўлган комиллик сифатларига тўхталади. Комил инсон аввало куч-ғайратини ўз нуқсонларини бартараф этишга қаратиши кераклигини таъкидлайди:

Ноқис улдурким, ўзин комил дегай,

Комил улким, нуқсин исбот айлагай.

Ўз камолидин демас аҳли камол,

Аҳли нуқсон ичрадур бу қийлу қол[16].

Оламни билиш мумкин, аммо ўта мураккаб ҳисобланган инсонни англаш мушкулдир. Инсоннинг мураккаблиги шундаки, у лаҳзада кўплаб ўй-фикр ва ҳис-туйғуларни ҳаёлдан ўтказиб, уларнинг бири асосида қарор қабул қилади ёки уни ўзгартиради. Бунда қарорнинг ижобий ёки салбий бўлиши соҳибининг дунёқараши, илми, эътиқоди, тарбияси каби омилларга боғлиқ бўлади. Турли омиллар таъсирида инсонда юзага келган бундай мураккаб беқарорлик ҳолати уни барқарорлаштириб, такомилга йўналтиради ёки янада беқарорлаштириб, таназзулга олиб келади. Алишер Навоий ана шундай мураккабликни бартараф этишнинг содда йўлларини риёзиёт, тавба, зуҳд, қаноат, сабр, тавозе ва одоб[17] зикридаги панду насиҳатларида кўрсатиб бериб, масалага ночизиқли ёндашувни намоён этади. Мутафаккир илгари сурган идеалларни ўзлаштирилиши кишида ўзини-ўзи ташкиллаштиришни содир этиб, уни камолотга йўллайди. Энди унинг одамларга, жамиятга муносабати ижобий томонга ўзгариб, шахсий ҳаёти ва фаолияти янада барқарорлашади.

Алишер Навоий замонасидаги ижтимоий муҳитни кўп жиҳатдан рад этиб, ўзининг юксак ғоя, орзуларига монанд, янги, анчагина жиҳатдан бошқача воқелик яратган[18]. Мутафаккир оламдаги мавжуд муаммолар ва мураккабликлар ечимини комил инсон шахсида кўради ва буни асарларида зўр бериб тарғиб қилади. Шунинг учун ҳам “Фарҳод ва Ширин” достонининг бош қаҳрамони бўлган Фарҳодни комил инсон типида яратади. Унинг илмда, истеъдодда, жасоратда, кучда камолга етишганини ҳар бир ҳаракати, ҳар иши билан исботлашга ҳаракат қилади[19].

Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий маънавий мероси асосини ташкил этган илм ва илоҳ уйғунлиги масаласини синергетиканинг мураккаблик, очиқлик, ўз-ўзини ташкиллаштириш ва бошқа тамойиллари воситасида ночизиқли тадқиқ этиш бугунги кунда башарият дуч келаётган кўплаб муаммоларни бартараф этишга, барқарорликни таъминлашга қодир бўлган комил инсонни тарбиялашга хизмат қилади. 

БАХТИЁР ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.

 

[1] Ўрта Осиё халқлари ҳурфикрлилиги тарихидан. Масъул муҳаррир Хайруллаев М.М. –Т.: Фан. – Б. 136-137. 

[2] Камол Ж. Қизил, сориғ, яшил... // Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар [Электрон ресурс] // http://library.navoiy-uni.uz/files/Alisher%20Navoiy%20g'azallariga%20sharhlar.pdf (Мурожаат санаси: 10.11.2021)

[3] Гулова А.А. Алишер Навоийнинг тасаввуфий қарашларида умуминсоний қадриятлар масалалари: Фалс. фан.бўй. фалс. док. (PhD) ... дис. автореф. – Бухоро, 2022. –Б. 13.

[4] Навоий А. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 17 т. –Т.: Фан, 2001. – Б. 41.

[5] Олим С. Нақшбанд ва Навоий. –Т.: Ўқитувчи, 1996. –Б. 3.

[6] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. МАТ. 20 томлик. 14 т. – Т.: Фан, 1998. – Б.117.

[7] Зоҳидов А. Алишер Навоийнинг комил инсон тўғрисидаги қарашларининг ҳозирги замон учун аҳамияти // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. –Т., 1991. – №11. –Б. 31.

[8] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. МАТ. 20 томлик. 14 т. – Т.: Фан, 1998. – Б. 2.

[9] Навоий А.Ҳайрат ул-аброр (насрий баёни) [Электрон ресурс] // https://lib.fbtuit.uz/assets/files/Alisher-Navoiy-Xamsa.Hayratul-abrornasriybayoni.pdf (Мурожаат санаси: 29.01.2022)

[10] Аъзам А. Муножотнома (Алишер Навоийнинг “Муножот” асарига шарҳ.) –Т.: Мовароуннаҳр, 2018. – Б.43-58.

[11] Князева Е.Н, Курдюмов С.П. Основы синергетики. Синергетическое мировидение. –М., 2005. –С. 20.

[12] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. МАТ. 20 томлик. 14 т. – Т.: Фан, 1998. – Б. 46-47.

[13]Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. МАТ. 20 томлик. 14 т. – Т.: Фан, 1998. – Б. 106-107.

[14] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб. МАТ. 20 томлик. 14 т. – Т.: Фан, 1998. – Б. 115.

[15] Бертельс Е.Э. Суфизм и суфийская литература // Избранные труды. Бертельс. Е.Э. Суфизм и суфийская литература. Т. 3. –М.: Наука, 1965. –С. 386-394.

[16] Навоий А. Лисонут-тайр. МАТ. 20 томлик. 12 т. –Т.: Фан, 1996. –Б. 220.

[17] Навоий А. Маҳбуб ул-қулуб (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар)... –Б. 64-79.

[18] Зоҳидов В. Ю. Улуғ шоир ижодининг қалби (Алишер Навоий ҳақида. Масъул муҳаррир Қаюмов А.П). –Т.: Ўзбекистон, 1970. –Б. 6.

[19] Фитрат А. “Фарҳод ва Ширин” достони тўғрисида // Танланган асарлар. T. 2. –Т.: Маънавият, 2000. – Б. 116.

Izoh qoldirish