Имом Термизий ХИТМ да матбуот анжумани бўлиб ўтди
Жоир йилнинг 28 декабрь куни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази мажлислар залида "Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази: кеча ва бугун" мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида вилоятда фаолият олиб бораётган журналистлар, блогерлар ва турли бошқармаларнинг матбуот хизмати ходимлари иштирок этдилар. Унда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD), Шукурилло Умаров томонидан қатнашчиларга Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлар, эришилган натижалар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган илмий-амалий режалар бўйича маълумотлар етказилди.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятининг асосий мақсади Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизийлар алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас юртимиз азалдан улуғалломалар ва азиз авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришга кўмаклашишдан иборат. Марказда “Ҳадисшунослик” ва “Манбашунослик” “Халқаро алоқалар” ва “Зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими” каби ёрдамчи бўлимлар мавжуд бўлиб, марказ биноси 2019 йилнинг 17-18 октябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида фойдалинишга топширилган. Бугунги кунда марказ Россия, Марокаш, АҚШ, Саудия Арабистони, Туркия, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлар билан илмий-амалий ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан 2021 йилнинг январ-декабр ойлари давомида Термизий ва бошқа алломаларнинг меросига оид 6 та китоб таржима, 2 та раддия, 10 та халқчил рисолалардан иборат жами 18 та китоб ва ва рисолалар нашр этилди. 19 та термизий алломалар мероси, ўқув қўлланмалар, таҳқиқ ва илмий-оммабоп китоблар нашр учун тайёр ҳолга келтирилди. Марказнинг 3 нафар илмий ходими тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) даражасини олиш учун тайёрлаган диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Сурхондарё вилояти аҳолисидан сақланиб келинаётган аждодларимиз меросига оид 78 та қўлёзма ва тошбосма асарлар билан Марказ кутубхона фонди бойитилди. Марказ кутубхонасида юртимиз ва хорижда сақланаётган Имом Термизий ва термизий алломалар меросига оид 500 дан ортиқ қўлёзма асарларнинг электрон базаси шакллантирилди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси телеканаллари билан ҳамкорликда “Буюк термизийлар”, “Жаҳолатга қарши маърифат” ва бошқа рукнлар остида 61 та кўрсатув, 12 та радиоэшиттириш тайёрланди. Республика ва халқаро журналларда 90 та, газетада 15 та илмий ва публицистик мақолалар чоп этилди.
Шунингдек, марказ илмий ходимлари томонидан буюк муҳаддис Абу Исо уҳаммад ибн Исо ат-Термизийнинг “Сунани Термизий шарҳи” ҳадислар тўплами ва шарҳининг дастлабки 3 жилди таржима ҳамда нашр қилиниб, илк бор ўзбек тилида китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди. Мазкур китобда ҳадисларни ўқувчиларга тушунарли тарзда шарҳ қилиш билан бирга, мавзуга оид кўплаб ихтилофли масалалар ва уларнинг ечими батафсил баён қилинган.
Шундан сўнг сўзга чиққан соҳа вакиллари ва журналистлар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида яратилган шароитлар, бу ерда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, шунингдек, халқаро алоқалар, зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Имом Термизий ХИТМ Матбуот хизмати
Izoh qoldirish