“УМРА – 2022”: Макка ва Мадина зиёратчиларни қабул қилишга тайёр!
Ислом манбаларида ҳаж ва умра қилувчиларга кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган кишига катта ажру савоблар борлиги баён этилган. Айни кунларда зиёратчилар ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш ишлари Саудия Арабистонидаги ҳамкор ширкат томонидан якунига етказилди.
Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари кўп йиллик тажриба эга бўлган “Abu Sarhad” ширкати билан “Умра – 2022” мавсумини амалга ошириш бўйича шартнома тузилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўтган вақт давомида “Abu Sarhad” ширкати томонидан Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчилар учун қулай шароитларни ҳозирлаш, Икки Ҳарам масжидига яқин бўлган меҳмонхоналардаги тайёргарлик ишларини охирига етказиш, замонавий транспорт воситаларини шай ҳолатга келтириш ва бошқа юқори сифатдаги хизматлар кўрсатиш ишлари маромига етказилди.
Айниқса, Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Pullman Zamzam” замонавий меҳмонхонаси ўзбекистонлик зиёратчилар хизматида бўлади. Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнгинасида жойлашган, зиёратчиларимиз беш маҳал намозларини ушбу табаррук масжидда адо этиш шарафига етишадилар. Меҳмонхонанинг кенг зали киши диққатини ўзига тортади. Зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, бир нечта лифтлар хизмат қилади. Ҳар бир хонада озода кўрпа-ю чойшаблар тўшаб қўйилган. Хонадаги телевизор орқали Каъбаи муаззама ёки Масжидун Набавийни тўғридан-тўғри томоша қилиш мумкин. Ибодат учун куч-қувват тўплаш ва ундан кейин ором олиш яна бир қатор қулайликлар ҳозирланди.
Меҳмонхонада тиббиёт бўлими ва Ўзбекистон Ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, тиббиёт бўлими ҳам керакли дори-дармонлар, ўриндиқ ва ётоқ мебеллари билан таъминланди. Шунингдек, зиёратчиларимизга ошпазлар томонидан ширин ва тансиқ таомлар тортиқ қилинади. Макка шаҳридаги Ҳарами шариф атрофида жойлашган беш юлдузли “Hilton” меҳмонхонаси ҳам қайд этганимиздан-да зиёда шароитларга эгадир.
Зиёратчиларимизга амалларни шаръий жиҳатдан комил бажаришларини таъминлаш учун мамлакатимиздаги масжид ва мадрасаларда меҳнат қилаётган энг тажрибали уламолар, имом-домлалар, мударрислар ва диний соҳа ходимлари жалб этилди.
Табаррук заминда зиёратчи ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, фақат тоату ибодатга сарфлаши учун мана шундай қулайликлар тайёрланди ва ташкилий ишлар амалга оширилди. Мазкур шароитлар зиёратчиларга беш маҳал намозни Ҳарами шарифларда адо этиш ва фақат дуою илтижолар билан банд бўлишда имкон беради. Бу жуда ҳам улуғ саодатдир.
Умра сафари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайт ва ижтимоий тармоқларида онлайн ва офлайн шаклда ёритиб борилади. Шунингдек, “Ўзбекистон 24” учун алоҳида лавҳалар тайёрлаш режалаштирилган.
Аллоҳ таоло умрага отланганларнинг сафарларини муборак қилсин, Икки Ҳарами шариф зиёратини барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
манба:http://old.muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/30686
Izoh qoldirish