Мумтоз адабиётимизнинг йирик намоёндаси ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳаёт йўлига назар
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси қарор топди. Улуғ сўз санъаткорининг асарлари мунтазам нашр этилиб, навоийшунослик соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борилмоқда, республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида ҳам “Мумтоз адабиётимизнинг йирик намоёндаси ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳаёт йўлига назар” номли тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчи ва талабалари, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ходимлари иштирок этдилар.
Ушбу тадбирни Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқув-ишлар бўйича директор ўринбосари Аббос Қосимов кириш сўз билан очиб берди.
А.Қосимов Алишер Навоийнинг бой илмий ижоди, маънавий маҳзанлари билан таништириш, асарларини мутолаа қилишга ундаш бугунги куннинг муҳим жараёни ҳисобланишини таъкидлади.
Шунингдек, Термиз давлат университети филология факултети ўқитувчиси Турдиқулов Шерзод ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, ёшларни юксак маънавиятли, теран тафаккурли инсонлар этиб тарбиялашда мутафаккир ижодининг аҳамияти хусусида сўз юритди.
Айниқса, шоирнинг серқирра ижодини ўзида қамраб олган видеороликлар барча талабаларнинг мутафаккир ҳақидаги билимлари бойитди ва қизиқишларини яна бир карра ошишига сабабчи бўлди.
Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, Алишер Навоий ижоди билан яна бир бор яқиндан танишишлари учун хизмат қилди.
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати
Izoh qoldirish