14.02.2022

МАРКАЗ НАШРЛАРИ БУЮК БРИТАНИЯДА

Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” ислом мероси фонди ҳамда Лондон ислом маданият марказида Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан таржима ва нашр этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. 

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамовнинг шахсан ташаббуси ва иштирокида ўтказилган тақдимотда, Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази раҳбарлари ва масъуллари ҳамда халқаро доирадаги меҳмонлар иштирок этишди.

  Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, «Ал-Фурқон» фонди 1988 йилда Лондонда ташкил топган бўлиб, бутун дунёда ислом меросига оид қўлёзмаларни ўрганиш, каталоглаштириш ва сақланишини таъминлаш ушбу жамғарма фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.

    Сал кам бир асрлик тарихга эга Лондондаги Ислом маданияти маркази ҳам нафақат Буюк Британия, балки бутун Европадаги энг йирик маданий-маърифий муассасалардан бири саналади. Марказда ислом динини илм-маърифат орқали тарғиб этиш, жаҳолатнинг муқаддас динимизга буткул ёт экани  илмий далиллар асосида тушунтиришга алоҳида эътибор берилади.

Бир сўз билан айтганда, юқорида қайд этилган фонд ва тадқиқот маркази ҳам ўз фаолияти билан мамлакатимиздаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро муштаракдир.

    Мулоқот давомида айни жиҳатлар таъкидланар экан, келгусида илмий-амалий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, кадрлар алмашинуви ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга  келишиб олинди.

     Имом Термизий халқаро имлий-тадқиқот маркази матбуот хизмати

Izoh qoldirish