Мутасаддилар “Кўкалдош” мадрасаси фаолияти билан яқиндан танишишди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида илм даргоҳига ташриф буюришди, деб хабар бермоқда "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати.
Меҳмонларни таълим муассасаси раҳбари бошчилигида мадраса жамоаси самимий кутиб олди.
Ташриф мажмуа шаклида қурилган ХВИ асрга оид кўҳна илм даргоҳининг таркибига кирувчи масжид фаолияти билан танишувдан бошланди. Бу ерда талабаларнинг кундалик намозларга имомликка ўтиши, жума намозида маъруза қилиш орқали ўзига хос амалиёт ўташлари ҳақида маълумот берилди. Музаффар Комилов масжид имкониятидан янада кенгроқ фойдаланиш, талабаларни бу ерда маъруза қилиш амалиётини сон жиҳатдан кўпайтириш, сифат жиҳатдан ошириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Шундан сўнг меҳмонлар бевосита дарс жараёнлари билан танишдилар. Жумладан битирувчи курсларнинг “Тафсир” дарси, биринчи курс талабаларининг “Фиқҳ” дарси жараёнларини кузатди. Талабалар билан очиқ мулоқот олиб борилди.
Музаффар Комилов ёшларга ўз соҳаси бўйича билимларни пухта эгаллашлари, келажакда етук олим бўлиб етишишлари лозимлигини тушунтирар экан, айни пайтда дунёдаги вазиятни теран англайдиган исломшунос кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори эканлигини қайд этди.
Меҳмонлар шунингдек, таълим муассасаси қошидаги студия фаолияти, медиа маҳсулотларининг тайёрланиш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Таълим муассасасининг ахборот ресурс марказидаги шароитлар ҳамда марказ фондининг замонавий адабиётлар, шу билан бирга мутахассисликка оид дарслик ва қўлланмаларга бой эканлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф якунида Музаффар Комилов “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида таълим учун яратилган шароит ва таълим сифатини юқори баҳолар экан, таълим муассасаси раҳбарияти ҳамда у ерда фаолият олиб бораётган устозлар ва ходимларга миннатдорлик билдириб, келгуси фаолиятларига муваффақият тилади.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
Izoh qoldirish