15.02.2022

Марказ директори Оксфордда илмий маъруза қилди

2022 йил 14 февраль куни Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров Буюк Британиядаги Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида “Ўзбекистон – муҳаддислар юрти” ва “Имом Кеший илмий меросининг ҳадис илми ривожида тутган ўрни” мавзусида маъруза қилди. Марказда ташкиллаштирилган бу семинарда Оксфорд ва Кембриж университети профессор ва илмий тадқиқотчилари, академиклар иштирок этди. Шунингдек, марказда тадқиқот олиб бораётган тадқиқотчилар, Имом Бухорий, Имом Термизий стипендиянтлари ҳамда бошқа грант ғолиблари қатнашдилар.

Семинарда Ўрта Осиёдан етишиб чиққан уч мингдан зиёд муҳаддислар ҳақида маълумот бериларкан, аждодларимизни ҳадис илмида қилган буюк хизматлари эътироф этилди. Шунингдек, Мовароуннаҳр ҳудудига ислом динининг кириб келиши ва ҳадис илмининг ёйилишида юртимизга келган илк 9 та буюк саҳобийлар хизмати катта бўлганлиги таъкидланди.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди, жумладан, Оксфорд ислом тадқиқот маркази директори ўринбосари, профессор Талал Азиз Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларга асосий сабаб нима эканлиги билан мурожаат қилган бўлса, покистонлик профессор Акрам Муҳаммад бугунги кунда кўплаб муҳаддисларни етиштириб берган заминда ҳадис илмига бўлган муносабат билан қизиқди.

Маърузачи илк ренесанс даврида кўплаб юртимиздан етишиб чиққан олимларга бош сабаб уларнинг динни ҳам эътиқод ҳам илм сифатида қабул қилганлиги ва уларга эҳтиром кўрсатилиб, етарли шароит яратиб берилганлиги, заминимиздан кўплаб олимлар етишиб чиқишига сабаб бўлганини таъкидлади.

Юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳатлар, ҳадис илмини ўрганишга ихтисослашган олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари мавжудлиги, шунингдек, ҳар бир ҳудудда илмий-тадқиқот марказлари фаолият олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди.

Семинар якунида Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази директори Ф.Низами ташаккур билдириб, “Ўзбекистон - буюк мутафаккир ва мутакаллимлар, муҳаддису муфассирларнинг маънавий хазинасини ўзида жамлаган диёрдир”, дея эътироф этди.


 

Izoh qoldirish