15.02.2022

Улуғ алломаларимиз мероси жаҳон учун ҳидоят маёғидир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, юртимиз тараққиётининг янги даврида буюк мутафаккирлар меросини асраб-авайлаш, тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш ишлари кенг жабҳада амалга оширилмоқда. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий ва Маҳмуд Замахшарий сингари табаррук зотларнинг асарлари нафақат минтақамиз, балки бутун мусулмон дунёси учун ҳидоят маёғидир. Шу боис, уларнинг илмий меросини, қолдирган битикларини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан саналади.

Янги Ўзбекистонда кўп асрлик ноёб ва нодир асарларни сақлаш, халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, беназир зотларнинг маънавий меросини асраб-авайлаш, ҳаётга татбиқ этиш ва уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.

Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10-февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий, муҳим ҳужжат саналади. Ушбу қарорнинг эълон қилиниши маърифатли халқимизни, хусусан, дин пешволарини ҳам чексиз мамнун этди. Унда белгиланган вазифалар буюк аждодларимиз асарларини янада теран англаб етишга, ёш авлоднинг ана шундай ҳикматлар асосида камол топишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш сари ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлади, иншааллоҳ.

Ислом динида келажак авлодга илм-маърифат ва маънавият қолдиришнинг ажри улуғ, инсон вафотидан кейин ҳам амал дафтарига ёзилиб турадиган иш сифатида кўп бор ифодаланган. Ҳазрати Расулимиз алайҳиссалом айтадилар: “Инсон дунёдан ўтганида унинг барча амаллари тўхтайди, аммо уч амали борки, улар ҳаргиз тўхтамайди. Бу амаллар – садақаи жория, манфаатли илм ҳамда солиҳ фарзанд” (Имом Бухорий ривояти).

Садақаи жория – инсонлар ҳар доим ундан манфаат топадиган иш, савоби доимо оқиб турувчи амалдир. Масалан, халқ корига ярайдиган йўл, кўприк, мактаб, шифохона, масжид, мадраса ва турли илм даргоҳларини барпо этиш кабилардир. Шу жумладан, нодир қўлёзма ва тошбосма китобларни асраб-авайлаш, тадқиқ қилиш ва халқимизга етказиш ҳам бу жараёнга рақамли технологияларни жорий этиш айни садақаи жория ҳукмида бўлади.

Бизнинг заминда Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Қусам ибн Аббос каби кўплаб улуғ инсонлар абадий қўним топган. Қуръони каримнинг энг қадимги юзлаб нусхалари сақланиб келинади, ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган олимларнинг нодир манбалари асраб-авайланмоқда.

Мазкур қарор шу жиҳатдан ҳам янада муҳим аҳамият касб этади. Ҳукумат томонидан аждодлар меросини ўрганиш, уларни кейинги авлодга етказиш борасида қилинаётган мазкур амалий ишлар таҳсинга сазовор. Зеро, бу диёрдан нафақат ислом илмлари бўйича уламолар, балки аниқ ва табиий фанлар бўйича Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб олимларни санаб ўтиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фонди ҳам энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, унда 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан – “Ҳазрати Усмон Мусъҳафи” ва “Катта Лангар Қуръони” қадимий ва табаррук манбалар ҳисобланади. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Румий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа мутафаккирларнинг қўлёзма асарлари сақланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, аҳоли қўлида эъзозлаб сақланаётган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, лекин давлат томонидан рўйхатга олинмаган қўлёзмалар ва қадимий босма китоблар сони биз ўйлагандан-да зиёдадир.

Шу каби бой меросни ўрганиш ва кенг ёйиш олдимизда турган долзарб вазифа. Буни ҳал этиш учун замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш бугунги кун талабидир. Шу боис, мазкур қарорда бу жараёнга рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Хусусан, қарорда буюк алломаларнинг илмий меросини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оммалаштириш, улар тўғрисидаги маълумотларни замонавий усуллар орқали етказиш мақсадида Интернет тармоғида илмий-маърифий портал ва унинг мобил иловаси ишга туширилиши белгиланди. Шу билан бирга, мутафаккирлар ҳаёти, илмий мероси ҳақидаги маълумотлар, улар фаолиятига оид китобларнинг электрон нусхалари, филмлар ҳамда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган бошқа турдаги маълумотлар ҳам мазкур порталга жойлаштирилиши унинг аҳамиятини янада оширади. Бу эса нафақат юртдошларимизга, балки бутун жаҳон оммасига мамлакатимизнинг бой илмий мероси билан танишиш ва улардан фойдаланиш имкониятини беради.

Қарордаги яна бир муҳим жиҳат, музейлар, кутубхоналар, архив фондлари ва бошқа муассасаларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни муҳимлигига кўра, халқчил тилда босқичма-босқич нашр этишнинг йўлга қўйилишидир. Ноширлик ишлари жадаллашиб, музейлар, кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган асарлар оддий тилда чоп этилиб, аҳолига тақдим қилинади. Бу эса шубҳасиз, халқимизнинг билими юксалишига, ёшларни таълим-тарбияли қилиб тарбиялашга катта ҳисса қўшади.

Албатта, бу каби ишларни малакали мутахассисларсиз қилиб бўлмайди. Мазкур қарор билан кадрлар масаласи ҳам ўз ечимини топмоқда. Унга кўра, 2022-2023-ўқув йилидан жами 4 та олий таълим муассасасида “Матншунослик ва адабий манбашунослик” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади.

Ушбу ҳужжатда белгиланган яна бир долзарб вазифа хорижий мамлакатларга илмий экспедициялар уюштириш орқали аҳоли ва турли фондларда сақланаётган аждодларимиз қаламига мансуб қадимий ёзма манбаларнинг рўйхатини ва электрон нусхаларини аниқлаш, юртимизга олиб келиш чораларининг кўрилишидир.

Дастлабки маълумотларга кўра, “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг биринчи жилдида 30 мамлакатнинг 97 ташкилотида сақланаётган Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Имом Мотуридий, Алишер Навоий сингари 150 дан ортиқ аллома ва мутафаккирларга оид қўлёзма асарларнинг 1001 та илмий тавсифини ўз ичига олган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аждодлар меросига эҳтиром кўрсатишдек эзгу ва хайрли ишлар бошланган экан, уни қўллаб-қувватлаш ҳамда камарбаста бўлишимиз зарур. Зеро, бундай савобли ишларнинг ҳам ажри чексиз бўлади. Қуръони каримда “Аллоҳ гўзал амал қилганларнинг ажру мукофотларини зое қилмас”, деб баён қилинган. “Раъд” сурасининг 29-оятида эса: “Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганлар учун “тубо” (хушнудлик) ва гўзал оқибат (жаннат) бордир”, деб марҳамат қилинган.

Халқимиз учун катта неъмат бўлган улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо асарларини, ноёб ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ҳамда келажак авлодга безавол етказиш борасидаги ишларда Ҳақ таоло улкан муваффақиятлар ато этсин.

✍️ Нуриддин Холиқназаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

2022-йил 15-феврал, 33-сон

Izoh qoldirish