25.02.2022

Муҳокамага сабаб бўлаётган ҳолат юзасидан муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига (04.09.2019 йилдаги ПҚ-4436-сон) асосан, Дин ишлари бўйича қўмитанинг янгиланган вазифаларидан бири сифатида жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш белгилаб ўтилган.

Айни пайтда, 2022 йилнинг 14 февраль куни Тошкент шаҳридаги тадбиркор “Ф.Р.”нинг иш жойида ходимлари учун намозхона ташкил этишга шароит яратиб берганлиги сабабли маъмурий жавобгарликка тортилиши ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Мазкур ҳолат билан боғлиқ суд қарори Интернет тармоғи фойдаланувчилари, шунингдек, айрим давлат идоралари вакиллари томонидан ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда, тадбиркорга тазйиқ ўтказилгани, ибодат қилишга чекловлар белгиланганлиги каби салбий фикрлар тарқатилмоқда. 

Шу ўринда, Дин ишлари бўйича қўмита виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликнинг амалда изчил ҳамда бир хил тарзда қўлланилишини таъминлашга доир чораларнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган ваколатли давлат органи сифатида (Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддаси) бу борадаги мавжуд қонунчиликни очиқлаш, нотўғри талқинларнинг олдини олиш, қолаверса, айрим тушунмовчиликларга аниқлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қилади.

Виждон эркинлиги – бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Мазкур хуқуқ ҳар бир инсоннинг шахсий табиий ажралмас ҳуқуқи бўлиб, уни амалга ошириш учун алоҳида диний ташкилот тузиш ва рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.

Ўз навбатида, фуқароларнинг биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русум ва маросимларни бажариш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳолда диний ташкилот ташкил этиш талаб этилади. Диний ташкилот юридик шахс мақомига эга бўлган ҳолда мустақил ҳуқуқ субъекти сифатида ижтимоий муносабатларда иштирок этади.

Диний эътиқоди сабабли бирлашган бир гуруҳ фуқаролар диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтишни истамаса ёки қонунчилик талаблари асосида бу жараён якунига етмаган бўлса, унда ҳар бир фуқаро алоҳида жисмоний шахс сифатида виждон эркинлиги ҳуқуқини, шу жумладан диний расм-русум ва ибодатларни мустақил амалга ошириш имкониятини сақлаб қолади.

Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддасига асосан, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган жойда, шу жумладан ибодат қилинадиган биноларда ҳамда уларга тегишли ҳудудларда, дафн этиш жойларида, зиёратгоҳларда, диний зарурият бўлган тақдирда (яъни жаноза, худои, ақиқа ва бошқа) фуқароларнинг хоҳишига кўра уларнинг уйларида ўтказилади. Бундай ҳолларда ушбу тадбирларни ўтказиш учун давлат идораларидан қандайдир рухсат олиш талаб этилмайди.

Шунингдек, фуқароларнинг ҳаракатланиши муайян сабаблар туфайли вақтинча чекланган ҳолатларда (ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этганлиги, соғлиғи, ижтимоий аҳволи туфайли муайян режимга эга бўлган муассасага жойлаштирилган ва бошқа), яъни касалхоналарда, госпиталларда, интернат муассасаларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида, ички ишлар органларининг реабилитация марказларида диний расм-русумлар ва маросимлар қонунчиликда белгиланган тартибда, шу жойлардаги фуқароларнинг илтимосларига кўра ўтказилиши мумкин.

Ўз навбатида, ибодат қилинадиган бинолардан ташқаридаги оммавий диний расм-русумлар ва маросимлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Ҳозирги кунда турли ресторан ва кафеларда ташкил этилаётган амру-маъруф, ақиқа, худои ва бошқа шу каби тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарори (№2736–III/КҚ-592–III-сон, 14.09.2019й.) талаблари асосида амалга оширилиши лозим. Хусусан, туйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

Мамлакатимизда кенг нишонланадиган Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр), Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа), Рождество, Пасха, Песах ва шу каби турли конфессияларнинг диний байрамларда 100 ва ундан ортиқ кишилар иштирок этса, бу диний расм-русумлар ва маросимлар оммавий тадбирларга тенглаштирилади. Мазкур турдаги тадбирларни ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (№205-сон, 29.07.2014 й.) билан тартибга солинади.

Эслатиб ўтамиз, қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топган ушбу қоидалар юртимизда фаолият юритаётган 16 турдаги барча диний конфессияларга таалуқли бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилаётган барча шахслар учун ҳам мажбурий ҳисобланади. Диний расм-русумлар ва маросимларни амалга ошириш жойларини аниқ белгиланмаслиги ҳар бир шахс ёки диний ташкилотнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини рўкач қилган ҳолда жамоат тартибига, ташкилотлардаги ички тартиб қоидаларига зид равишда ҳаракат қилишига олиб келади.

Юртимизда дин давлатдан ажратилганлиги сабабли фуқароларнинг диний мансублиги ва эътиқодий қарашлари уларнинг меҳнат фаолиятига таъсир қилмаслиги лозим. Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан ҳеч ким ўз диний эътиқодларини сабаб қилиб буйин товлаши мумкин эмас. Диний расм-русумлар ва маросимларни белгиланган жойларда ўтказиш бўйича Қонун талабларига лоқайд муносабатда бўлиш келажакда мулк шаклидан қатьий назар барча ташкилотларда, жамоат жойларда қонунчиликда назарда тутилмаган намозхоналар пайдо бўлишига, турли дин вакиллари томонидан ибодат бурчаклари ташкил этилишига, дин ва давлат ажратилганлиги тамойилига зид вазият шаклланишига сабаб бўлади.

Шунингдек, турли конфессияларга тегишли бўлган бир гуруҳ шахслар ёки диний ташкилотларнинг муайян ҳудудидан ташқари диний расм-русум ва маросимларни амалга ошириш шаклида диний фаолият юритиши натижасида мамлакатда миссионерлик ҳаракатлари авж олади, бу эса аҳоли орасида йиллар давомида шаклланган диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитига салбий таъсир этади.

Хулоса ўрнида, фуқароларимиздан диний мавзу ўта нозик эканини эътиборга олиб, яна бир бор Интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масалалар юзасидан фикр билдирганда холис бўлиш, айни вақтда, давлатнинг дунёвий демократик тамойилларини қатъий ёдда тутган ҳолда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўраб қоламиз!

 

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Дин ишлари бўйича қўмита


 

Izoh qoldirish