Бугун, 2 март – Ўзбекистон БМТга аъзо бўлганига 30 йил тўлди
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар билан фаол муносабатлар ва ҳамкорлик олиб бориш Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига хизмат қилади” - Ш. М. Мирзиёев.
1992 йил, 2 мартда Ўзбекистон республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган эди. Ўтган давр мобайнида БМТ билан турли йўналишларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Шунингдек, юртимизда Бирлашган миллатлари ташкилотининг қатор таркибий тузилмалари – Тараққиёт дастури, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистоннинг БМT билан ўзаро ҳамкорлигининг йўналишлари бу–хавфсизлик, таҳдидларга қарши курашиш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик муаммоларни бартараф этиш, Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида эътироф этиш, Орол фожеаси оқибатларини бартараф этиш, таълим, фан ва маданиятни ривожлантириш, тарихий анъаналар, тарихий шахслар ва меъморий ёдгорликларни асраш, қайта тиклаш, уларни умумбашарий обидалар сифатида жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини эътироф этиш ва бошқалардан иборат.
Айни дамда Ўзбекистон 180 га яқин давлат томонидан тан олинган. Уларнинг 134 таси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Республикамиз пойтахти Тошкентда кўплаб чет давлатларнинг элчихоналари, консулхона, халқаро ташкилотлар, халқаро молиявий ва дипломатик мавқедаги савдо ваколатхоналари фаолият юритиб келмоқда.
Манбалар асосида тайёрланди.
Izoh qoldirish