Отинойилар давлат мукофоти билан тақдирланди
Куни кеча, 5 март куни Давлатимиз Раҳбари Фармонлари билан бир гуруҳ аёллар фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар орасида бир қатор отинойиларимиз ҳам юксак давлат мукофоти билан тақдирлангани барчамизни мамнун этди.
Жумладан, Фарғона вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси Камилова Хилола Акрамджановна ва Тошкент шаҳар Олмазор тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси Хабирова Дилшора Алимовна “Шуҳрат” медали тақдирландилар.
Дарҳақиқат, отинойиларимиз оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Оила ва фарзанд тарбиясида аёлнинг ўрни беқиёс бўлгани каби жамият ҳаётида ҳам отинойиларнинг мавқеи жуда муҳим. Дин ва дунёвий илмлар билимдони, аёл-қизлар мураббийси, диний маросимларга бошчилик қиладиган маърифатли аёл бўлган отинойиларимиз ўрни каттадир.
Отинойиларимизнинг фидойи хизматлари мана шундай юксак мукофотга лойиқ кўрилди. Зеро, Қуръони каримда: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, дея марҳамат қилинади. Ушбу юксак мукофот ҳам келгусида отинойиларимизнинг юртимиз тинчлиги ва равнақи, халқимиз фаровонлиги ва динимиз тарғиби йўлидаги хайрли ишларда янада шижоат билан фаолият олиб боришига туртки бўлади, инша Аллоҳ.
Аллоҳ таоло отинойиларимизга ушбу мукофотларни муборак қилсин, халқимиз маърифатини ошириш йўлидаги фаолиятига ривож берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Izoh qoldirish