"Сунани Термизий шарҳи" тақдимоти Оксфорд ислом тадқиқотлар марказида
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурилло Умаров Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида илмий-амалий тадқиқот олиб боряпти.
8 март куни Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан таржима ва нашр қилинган "Сунани Термизий шарҳи" асарининг тақдимоти бўлиб ўтди. Юқори савияда ташкил этилган тадбирда халқаро доирадаги стипентия соҳиблари, олимлар ва илмий ходимлар иштирок этишди.
Тақдимот жараёнида иштирокчилар мамлакатимиз азалдан қомусий алломалар юрти бўлганлиги, бу заминдан инсоният тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ сиймолар етишиб чиққанини таъкидлашар экан, улар қолдирган бой адабий мерсони ўрганиш ва дунёга ёйиш бугунги авлод учун улкан масъулиятли иш эканлигини таъкидлашди.
- Ўзбекистон – бутун ислом алломаларини етиштириб берган замин. Бу диёрнинг шонли тарихини ва алломалари томонидан қолдириб кетилган бой маънавий меросни ҳамкорликда ўрганишда Оксфорд ислом тадқиқот маркази барча имкониятларни яратиб бериш учун тайёр- дейди Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳанг Низамий.
Шунингдек, тадбир давомида Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳанг Низамий ўзгача дид ва савия билан таржима қилинган "Сунани Термизий шарҳи" ни юқори баҳолар экан, йирик ҳажмли фондга эга Оксфорд кутубхонасида эндиликда алоҳида бўлим ташкил этилиб, ушбу бўлим доимий равишда фақат ўзбек тилида нашр этилган ноёб китоблар билан тўлдириб борилишини таъкидлаб ўтди.
- Ҳақиқий ислом тарихи ва маънавий меросини ўрганиш учун Ўзбекистон замини ўтмишдан ҳозирга қадар манбалар хазинаси бўлиб хизмат қилиб келган. Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни лозим топардим: Мамлакатингиздаги аксарият илм кишилари хорижга чиқиб, илмий-тадқиқот иши қилишга қизиқишади. Лекин, мен Ўзбекистондаги мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, қўлёзма ва манбаларни ўрганган бўлардим. Чунки, қомусий олимларингиз илмий мероси, Ўзбекистоннинг бой тарихий манбалари ҳали очилмаган хазиналигича турибди. Келгусида Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларни янада мустаҳкамлаб, мазкур илмий меросларни ўрганиш ишлари тарфдориман. Ўйлайманки, ушбу саъй-ҳаракатлар ўзининг бебаҳо самарасини беради. Қолаверса, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш учун халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз,– дейди Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳанг Низамий.
Шу ўринда таъкидлаш лозим, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан таржима ва нашр қилинган китоблар тақдимоти республика ва халқаро миқёсда юқори савияда ўтказиш режалаштирилган.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Izoh qoldirish