Халқаро илмий-амалий симпозиум
Аввал хабар қилганимиздек, 2022 йил 17-18 март кунлари Туркия Республикасининг Салжуқ университетида “Моҳият ва ҳақиқат контекстида ваҳий феномени” мавзуидаги халқаро илмий-амалий симпозиум бўлиб ўтмоқда.
Салжуқ университети, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа халқаро илмий марказлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур ҳалқаро анжуманда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Жалолиддин Мирзаев ҳам иштирок этди.
Ислом динининг мўътадил ҳамда маърифат дини экани, унда бағрикенглик, инсонпарварлик ва тинчликпарварлик ғоялари тараннум этилганини халқаро жамоатчиликка етказишни мақсад қилган халқаро симпозиумда Имом Термизий ХИТМ илмий ходими Ж.Мирзаев “Ҳаким Термизий қарашларида "Ваҳий" тушунчаси” мавзусида маъруза қилиб, алломанинг илмий фаолияти, унинг таълимоти ва Мовароуннаҳр тафсир илми ривожига қўшган улкан ҳиссаси, қолаерса бу улуғ аллома юртимизда тасаввуф ва тафсир илмининг дастлабки ривожланиш босқичларини бошлаб берган буюк қомусий олим эканлигини таъкидлаб ўтди.
Айтиш мумкинки, халқаро миқёсда ўтказилаётган бу каби симпозиумлар халқаро имлий-тадиқот марказлари, жумладан Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом сивилизацияси маркази, Имом Термизий, Имом Бухорий, Имом Мотуридий номлари билан аталган халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан Туркия Республикасидаги университет ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Izoh qoldirish