07.04.2022

Муфтий ҳазратлари Германия элчисини қабул қилдилар

Шу йил 7 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Германия элчиси Тило Клиннерни қабул қилдилар.

Учрашувда Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ва охирги йиллардаги диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Германия илм-фан каби ўта муҳим соҳаларга алоҳида аҳамият кўрсатиб, ёшларга, жумладан ўзбекистонлик ёш авлодга қулай шароитлар бераётгани, улар Германияда илмий тадқиқотлар олиб боришга жуда иштиёқмандлиги, шунингдек, яқин кунларда Диний идора Кутубхона ходимлари ҳам Берлин музейига сафари режалаштирилаётганини муфтий ҳазратлари маълум қилдилар.

Тилло Клиннер самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ҳақиқатан икки давлат муносабатлари янада яхшиланиши ва ҳамкорлик алоқаларида улкан муваффақият тилади. Элчи жаноблари Ўзбекистон заминида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳити дунёга намуна қиладиган даражада эканини эътироф этди. У диний-соҳа ходимлари ўзаро ҳамкорлик қилиш яхши натижа беришини билдириб, Германия ҳукумати қўлёзма манбаларни ўрганиш ишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини айтди.

Мулоқотда элчи Ислом дини маърифатини кенг ёйишдаги Ўзбекистонннинг илмий салоҳиятини эътиборга олган ҳолда “Марказий Осиёда Ислом динининг ўрни” мавзусида халқаро анжуман ўтказиш ва Муфтий ҳазратларини икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида, қулай вақтда Германия давлатига таклиф этди.

Учрашув дўстона ва самий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Izoh qoldirish