ХАЛҚИМИЗНИНГ МАЪНАВИЙ ВА МАЪРИФИЙ ҚУДРАТИ ТИМСОЛИ
Буюк муҳаддис Имом Бухорий ривояти билан келтирилган бир ҳадисда “Амалларнинг натижаси ниятга қараб бўлади”, дейилган. Дарҳақиқат, 2018 йил 15 июнь – Рамазон ҳайити кунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, олий ва юксак ниятлар билан бу маскан пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Ўтган даврда марказ биноси қад кўтариб, айни вақтда унинг ички безаклари, пештоқидаги ёзувлар ҳамда мазмунини бойитиш устида ишлар жадал олиб борилмоқда. Бу бунёдкорлик ишлари ҳадисда келтирилган эзгу ниятнинг яхши натижаси, тўрт йил олдин кўзланган буюк мақсаднинг амалий ифодасидир.
Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиз дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун бунёд этилаётган бу марказ ҳақиқатан шонли ўтмишимиз ва келажагимизни бир-бирига боғлаб турадиган маърифат кўприги бўлиб хизмат қилади.
Бу йилги муборак Рамазон кунларида давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага яна ташриф буюриб, марказда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Шавкат Мирзиёев ушбу Марказ ҳақида фикр билдирар экан, доимо унинг ички мазмун-моҳиятини ҳам тўлдириш муҳим эканини таъкидлайди.
Марказнинг биринчи қаватида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашиши зиёратга келувчиларга қулайлик яратади. Марказга ташриф буюрувчилар иккинчи қаватдаги асосий кўргазма майдонида миллий тарихимиз ва аждодларимиз қолдирган бой маънавий мерос билан танишади. Бу ердаги ислом тарихи музейи, тарихий ва илмий ашёлар билан жиҳозланган бўлимлар, шунингдек, бино марказидаги маҳобатли гумбаз остига Усмон мусҳафи қўйилиши марказнинг асосий ички концепциясидир.
Президентимизнинг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази “Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистон” ғоясини тарғиб қилувчи, мамлакатнинг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи ва кенг жамоатчиликка етказувчи марказга айлантирилиши таъкидланди. Шунга асосланиб, Ислом цивилизацияси маркази мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганувчи, уни кенг жамоатчиликка етказиб бериш, шунингдек, моддий-маданий мерос намуналарини, ислом дини билан боғлиқ қадимий ва бой анъаналарни тарғиб қилиш каби ишларни амалга ошириши белгиланган. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс тарихи ва тадрижий босқичларини, унинг илмий тараққиёт омилларини ҳам ўрганиб, Учинчи Ренессанс учун пойдевор яратишдек улуғвор вазифалар марказ зиммасига юклатилган. Шунингдек, Марказнинг яна бир муҳим вазифаси муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилишдан иборат.
Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз-авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма, тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиб борилади ҳамда яхлит 100 мингдан зиёд қўлёзмани ўзида ифода этувчи илм-маърифат учун хизмат қиладиган улкан илмий мажмуа шакллантирилади. Давлатимиз раҳбари бу мажмуанинг келажаги ҳақида фикр билдирар экан, шундай таърифлади: “Бу марказ асрлар давомида халқимизга хизмат қилади, унинг ҳар бир нақши тарихга муҳрланади. Шунинг учун марказнинг безаги, маъно-мазмуни исломий ва илмий жиҳатдан асосланган, чуқур ўйланган бўлиши керак. Одамлар ҳам ўқиб, илм оладиган, ҳам юракдан ҳис қиладиган муҳит яратиш зарур”
Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятининг йўлга қўйилиши ўзбек заминида таваллуд топиб, илмий фаолият олиб борган буюк аллома ва мутафаккирлар меросини илмий тадқиқ этиш ва унинг натижаларидан амалий фойдаланиш жараёнида янги босқични бошлаб берди. Мазкур қарор билан марказ давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш учун масъул давлат муассасаси этиб белгиланди. Марказ республика ҳудудидаги барча музейлар, кутубхоналар ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестрини тузади ва доимий мониторингини юритиб боради. Марказ томонидан юритилган ёзма манбалар давлат реестри асосида қадимий ёзма манбалар турлари бўйича каталоглари ва электрон нусхалари яратилади. Реестрни юритиш бўйича ягона ахборот тизимига киритиш ҳамда мунтазам тўлдириб бориш чоралари ҳам кўрилади. Бугунги кунда юртимизда 100 мингдан зиёд ёзма манба мавжудлиги қайд этилган бўлса, хорижий фондларда ҳам аждодларимиз маънавий меросига оид манбалар бундан кам эмас. Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа кўплаб давлатлардаги ёзма манбалар фондлари асосини юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларимиз ёзма маънавий мероси ташкил этади. Саудиядаги Фаҳд ибн Абдулазиз тадқиқот маркази директори, доктор Абдуллоҳ Муниф “Мовароуннаҳр алломалари ёзма мероси дунё фондларининг олтин захирасига айланган, биз уларни узоқ вақт омонат ҳолда сақлаб келдик. Буюк алломалар меросини уларнинг ворислари билан ҳамкорликда тадқиқ этишга тайёрмиз”, деб таъкидлайди.
Шунингдек, Оксфорд ислом тадқиқотлар маркази директори Фарҳанг Низомий “Ўзбекистон — буюк мутафаккир ва мутакаллимлар, муҳаддису муфассирларнинг маънавий хазинасини ўзида жамлаган диёрдир”, деб таърифлайди. Президентимиз марказга аввалги ташрифи чоғида қуйидаги юксак мақсадни айтган эди: “Ушбу марказ миллий тарихимиз ва маданиятимизни, миллий ўзлигимизни тиклаш ва янада равнақ топтириш йўлида янги даврни бошлаб беради. Бу марказ Учинчи Ренессанснинг илмий пойдевори бўлиши керак”. Марказ ташкил этилиши муносабати билан хорижлик экспертлар ҳам ўз эътирофларини билдирмоқда. Буюк Британия лордлар палатаси аъзоси, Шайх Муҳаммад Илтаф шундай деди: “Дунё илм-фан цивилизацияси тараққиётида ўзбекистонлик олимларнинг буюк хизматлари бор. Мусо Хоразмийсиз математикани, Абу Али ибн Синосиз тиббиётни, Имом Мотурудийсиз ақида илмини, Имом Бухорий ва Имом Термизийсиз ҳадис илмини тасаввур этиб бўлмайди”. Эксперт буюк аждодлар меросини ўрганиш ва улар устида кенг тадқиқотлар олиб боришда Ўзбекистонда янги ташкил этилган илмий-тадқиқот марказларининг ўрни беқиёслигини таъкидлайди.
Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази миллий тарихимиз ва маданиятимизни, миллий ўзлигимизни тиклаш ва янада равнақ топтириш йўлида янги даврни бошлаб беради. Дарҳақиқат, миллатнинг юксак маърифати ва маънавиятини кўрсатиш, муқаддас тарихимизни ўрганиш, аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этиб, халқимиз ҳамда дунё аҳлига тақдим этишда Ислом цивилизацияси маркази муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганидек, бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади.
Шукурилло УМАРОВ, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори
Izoh qoldirish