31.05.2022

ИМОМ БУХОРИЙ ВА ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ҲАДИС ТЎПЛАМЛАРИНИНГ АҚШ КУТУБХОНАЛАРИДАГИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Имом Бухорий ва Имом Термизий ҳадис тўпламларининг АҚШ кутубхоналаридаги қўлёзма нусхалари” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди. Семинарда АҚШнинг Индиана университетида  илмий фаолият юритаётган Яқин Шарқ, Марказий Евроосиё ва ислом тадқиқотлари бўйича библиограф, профессор, доктор Акрам Ҳабибуллаев ўз маърузаси билан иштирок этди.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходимлари, турдош ташкилотлар мутахассислари ҳамда соҳа қизиқувчилари иштирок этган семинарда, профессор Акрам Ҳабибуллаев АҚШ кутубхоналарида сақланаётган Имом Бухорий ва Имом Термизий қаламига мансуб нодир асарларнинг қўлёзмаларига оид муҳим маълумотлар ҳақида сўз юритиб, ушбу қўлёзмалар устида олиб борилаётган бугунги тадқиқот ишлари, реставрация жараёнлари ҳақида семинар иштирокчиларига атрофлича маълумотлар бериб ўтди.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга профессор манбалар мисолида жавоблар берди.

Айтиш мумкинки, кенг доирада ўтказилган мазкур семинар нафақат Имом Бухорий ва Имом Термизий, балки буюк аждодларимизнинг Ғарб кутубхоналарида сақланаётган нодир асарларининг қўлёзмасини ўрганишда муҳим қадам бўлди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати

Izoh qoldirish