01.06.2022

УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРЛАРИ

Тарихдан маълумки, ҳар қандай тараққиётнинг асосий калити илм-фан ҳисобланади. Бунга Шарқда икки марта рўй берган уйғониш даврларини яққол мисол сифатида келтириш мумкин. Жумладан, IX-XII асрларда ислом оламида вужудга келган биринчи Ренессанс даврининг асосий омили ҳукмдорлар томонидан илм-фанга қаратилган эътибор, илм аҳлига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиромбўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу уйғониш даврининг асосий таянчи ўз даврининг ҳақиқий маънодаги Фанлар академияси ҳисобланган “Байт ул-ҳикма” – “Донишмандлик уйи” ҳисобланади. Айнан ушбу илмий муассасада фаннинг барча соҳалари бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилиб, дунёнинг барча тараққий этган цивилизацияларига тегишли бўлган ноёб асарлар араб тилига таржима қилинди. Натижада ислом олами бошқа цивилизациялар эришган ютуқларни ўзлаштирди, ушбу ютуқлар ўз навбатида ислом илм-фан ютуқлари билан омухталашиб, ўзига хос юксак илмий муҳитнинг ташкил топишига сабабчи бўлди.

Шарқ оламидаги иккинчи ренессанс асосчиси сифатида эътироф этилувчи соҳибқирон Амир Темур илм-фанга бўлган эътибори, олим ва шоирларни юксак даражада қадрлаши орқали мамлакат тараққиётига асос яратди. Унинг даврида Мовароуннаҳр ва Хуросон замини ўзининг энг ёрқин даврларини бошдан кечирди. Темур ва темурийлар давридаги олимларга қаратилган ғамхўрлик, қулай шарт-шароит натижасида диний ва дунёвий илмлар ривожланиб, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Саъдиддин Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий каби олим ва шоирлар Уйғониш даврининг асосий намояндалари сифатида майдонга чиқдилар.

Мана шундай илмий юксалиш даврларининг гувоҳи бўлган юртимизда мустақиллик шарофати билан бой маънавий меросимиз ҳисобланган алломалар меросини ўрганиш, уларни халқимиз орасида тарғиб қилиш масаласи долзарб аҳамият касб эта бошлади. Айниқса, сўнгги йилларда илм-фанга, таълимга эътибор кучайиб, “Учинчи Ренессанс” шиори остида барча соҳаларни янги босқичга кўтариш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказларининг ташкил қилинганлиги фикримизнинг яққол мисолидир.

Учинчи Ренессанснинг том маънодаги ҳуқуқий асоси ҳисобланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентинингфармони бевосита илмий-тадқиқот марказларининг фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, бой маънавий меросимизни халқимизга етказиш борасидаги фаолиятларини янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамият касб этмоқда. Тараққиёт стратегиясидаги 73-мақсад 3-банди “Буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш” деб номлангани ҳам фикримиз исботидир.

Ўз навбатида, илмий-тадқиқот муассасалари Учинчи ренессанс учун чин маънодаги пойдевор бўлиши, бебаҳо маънавий бойлигимиз ҳисобланган аждодлар меросини тадқиқ этиш йўлида таянч муассасалар бўлиб хизмат қилиши мақсадга мувофиқдир. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда зиёлиларимизга катта ишонч билан қараймиз”.

Дарҳақиқат, ислом динининг асл мазмун-моҳиятини кўрсатиб беришда, динлараро ва миллатлараро бағрикенглик, дўстлик, ижтимоий ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлилик қадриятларини халқимиз орасида тарғиб қилишда, ислом тамаддунига бебаҳо ҳисса қўшган Имом Бухорий, Исо Термизий, Имом Мотуридий ва бошқа буюк алломаларимизнинг диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган улкан ҳиссаларини тадқиқ этишда, уларнинг илмий-маънавий меросини, ижодий фаолияти ва шахсияти билан боғлиқ маънавий-маърифий меросини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишда илмий-тадқиқот марказлари асосий таянч ташкилотларга айланиб бормоқдалар. Бу жараён нафақат маънавий-маърифий соҳада, балки бошқа барча соҳаларда ҳам янги бир уйғониш жараёнининг жадаллашувига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

✍️Сарвар СаидовИмом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


 

Izoh qoldirish