24.01.2023

Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий мақолотидан

Саййид Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий (1165- 1241) бетакрор илмий-ирфоний қарашлари билан тасаввуф намояндалари ичида “Муҳаққиқ”, “Ориф”, “Саййиди сирдон” номлари билан тилга олинади. Бу зот Султон ул-уламо Баҳоуддин Валаднинг* (1149-1232) кўзга кўринган машҳур муридларидан бири саналади. Шунинг учун устози вафотидан олдин ўз ўғли – Жалолиддин Румийни ўз муридига топшириб, унга устозлик қилишини васият этади. Жалолиддин Румий (1207-1273) мутасаввиф ва ориф шоир сифатила танилишига Саййид Бурҳониддин Термизийнинг алоҳида хизматлари бор. У тасаввуфнинг тўрт аркони бўлган шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат мақомларида умр бўйи собит турар, доимо халқ хизматида бўлиб, одамларни тўғри йўлга бошлаш учун ваъз қилар эди. Устозининиг руҳий тарбияси орқали бутун умрини Ҳақ йўлига бахшида этиб, “Маориф” номли ирфоний ва сўфиёна руҳга хос илмий мерос қолдиради. Асар мавзу-мундарижаси руҳий покланишга қаратилган бўлиб, Қуръон оятлари, ҳадиси шариф намуналари, ҳикматли сўзлар ва шеърлар билан бойитилган. Муаллиф ўз ирфоний қарашларида комил инсон тарбиясига кўпроқ урғу беради. Руҳий тарбия билан боғлиқ ижтимоий одоблар асарнинг асосий ғояси саналади. Инсон камолоти учун муҳим саналган қуйидаги мавзулар асарда келгани илмий аҳамиятга молик: илм ўрганиш одоби, устоз-шогирд муносабаталари, комил ақл эгалари, илоҳий зикр фазилати, қалбни поклаш, жисмни поклаш, сирни махфий тутиш, муомала, нафси амморадан қутулиш, намоз, рўза, иймон, тавҳид, қалб мушоҳадаси ва мужоҳада ва бошқалар. “Маориф” асаридаги мавзулар ақоид, тасаввуф, мантиқ, сийрат ва ахлоқ илмига қаратилган. Бу асар форс тилида ёзилган, тасаввуфшунос олим доктор Бадиуззамон Фурузонфар Истанбулдаги қўлёзма нусхаси асосида унинг академик нашрини тайёрлаган. Турк олими Али Риза Карабулут (1940-2018) 1995 йил асарни Истанбулдаги нусхаси ва доктор Фурузонфар тайёлаган босма нусхаси асосида турк тилига таржима қилган.

Қуйида “Маориф” асаридан олиниб, ғазабнинг салбий оқибатлари ва уни жиловлашнинг фойдалари ҳақида сўз юритилган парчани келтирамиз.

“Айтилиши лозим бўлган ҳақ сўзни ғазаб устида айтмаслик керак, чунки ғазаб оловидан сўз оловланади. Зеро, эшик билан девор қалбнинг хароб бўлиши ва ғазабланишидан иссиқ бўлади. Сўз нон ва иссиқ таом мисолида бўлганидек уни дил тандиридан чиқарганингда нечун иссиқ бўлмасин?! Агар айтган сўзинг жисм бўлганида, ўша ҳолатда иссиқлигидан қўлингни теккиза олмасдинг. Энди бироз сабр қил, нон совусин, жаҳл тушсин. Гарчи нон ҳаётимизни асосий ғизоси бўлса, уни иссиқ ҳолида кимнингдир оғзига қўйсанг, ўша инсон оч бўлса ҳам, оғзидан чиқариб ташлайди. У нондан ва уни тановул қилишдан маҳрум бўлади.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уруш вақтида бир кофирга ҳужум қилганида, у Али розияллоҳу анҳунинг юзига туфлади. Тупук унинг муборак юзини қоплаб олди. Шунда, Али розияллоҳу анҳу қиличини ташлади. Ён атрофдан кишилар овози кўтарилди:

 “Эй мўминларнинг халифаси! “Бу қилич Аллоҳнинг қиличи эмасми? Бу қилич Аллоҳнинг Зулфиқори эмасми? Бу Аллоҳнинг душмани эмасми? У гарчи сенга ботиллик ва жаҳл билан ҳамла қилган бўлса ҳам, нега шундай ҳаракат қилдинг. Агар ўзингни ҳимоя қилмаганингда у шундай муомала қилармиди! Сен нега Ҳақ қиличини ерга ташладинг?” дер эдилар. Али розияллоҳу анҳу эса:

  “Ҳа, тўғри айтаяпсизлар, бу қилич Аллоҳнинг қиличидир. Аллоҳнинг Зулфиқоридир. Душман билан жанг қилиш эса Аллоҳнинг амридир, фақат у менинг юзимга тупурганида, нафсим жунбишга келди. Аллоҳнинг қиличи нафсим ва жаҳлим билан бирлашди. Шу ҳолда кофир киши бармоғини кўтариб “Менга иймонни арз қил” деди ва шу сабаб билан унинг қабиласидан у билан бирга ғазабни тарк қилиш баракотидан ўн саккиз киши мусулмон бўлишди. 

Исо алайҳиссаломдан ғазаб ҳақида саволлар сўралди:

 “Аллоҳнинг яратган нарсаларининг энг кучлиси, энг қийини, энг машаққатлиси ва энг қўрқинчлиси нима? дедилар. У: “Ғазаб уйидир,  у тўла оловли жаҳаннамга ўхшайди” деди.

Айтиш мумкинки, инсон ғазаб, ҳасад, адоват ва жаҳлдан сақлансагина ҳақиқий паҳлавон саналади. Куч-қувват инсондан ташқари бошқа махлуқотларда ҳам борлигини унутмаслигимиз лозим. Ақл, заковат, ҳилм, мурувват, раҳм, адолат ва тадбир инсоний сифатларнинг олий намунаси саналади. Илм амали билан гўзал бўлгани каби, куч-қувват ҳилм ва сабр билан ўлчанади. Қачонки, биз ғазабни сабр ва ҳилм билан мағлуб этсак, одамларга мурувват кўрсатсак ва ҳамиша Аллоҳдан ҳаё қилсак – ҳаёт йўлимизни бошқалар намуна қилиб олади. Қачонки, ғазаб отига минсак, Аллоҳдан ҳаё қилмасак, бизнинг йўлимиз тор бўлиб, одамлар биздан юз ўгиради. Бинобарин, муаллиф мазкур мавзуда Али розияллоҳу анҳунинг юксак адолат ва ҳилм соҳиби эканлигига ишора қилиб, одамларни сабрли бўлишга ва ғазабини жиловлашга чақирмоқда. Али розияллоҳу анҳунинг намунали сабри натижасида мушриклардан ўн саккиз киши мусулмон бўлиши ғазабни жиловлаш ва Аллоҳдан ҳаё қилиш билан ҳосил бўлган. Чунки ғазаб вақтида сабр қилиш – мусулмоннинг асосий фазилатларидан. Муаллиф мавузнинг сўнгида Исо алайҳиссаломнинг ўгитлари орқали ғазабни қандай жиловлашни бизга баён қилган. Чунки ғазаб оловидан қанча-қанча инсонлар ёнган ва ёнмоқда. Биз ҳам бу оловга ёнмаслигимиз учун ҳар бир ишда Аллоҳдан ҳаё қилиб, илм ва сабр билан тадбир қилишимиз лозим.

 

*Бу зотнинг асл исми Муҳаммад Ҳусайн Хатибий бўлган. Балхда таваллуд топган. Нажмиддин Кубро унга тариқат сайру-сулукидан дарс берган.

 

 

Жамаҳматов Каромиддин - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish