02.03.2023

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ОНАНИНГ МУҚАДДАС БУРЧИ

Динимиз бола тарбиясида онанинг ўрни муҳим эканлигини кўп уқтиради. Чунки буюк зотларнинг аксари юксак мартабаларга етишишида оналарининг ҳиссаси кўп бўлганига тарихда мисоллар етарли. Ҳадис илми устозларидан Суфён Саврийнинг онаси ўғлига бундай деган экан: “Ўғлим, илм ўрганинг, рўзғор ташвишларини ўйлаб, фикрингизни бўлманг. Мен, иншааллоҳ, ип йигириб сотиб ўқишингизга кўмаклашаман”. Натижада унинг ўғли Суфён йиллар ўтиб Авзоий таърифлаганидек: “Ислом уммати сўзини бир овоздан қабул қиладиган нодир олим” бўлиб етишди. 

Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси учун ота-онанинг ўрни беқиёс. Ота ҳалол ризқ билан фарзандлари ва ўз аҳлини тарбия қилса, келажакда фарзандлари дунё ва охират учун манфаати тегадиган солиҳ фарзандлар бўлиб вояга етишади. Бироқ фарзандларни тарбия қилишда фақат оналар масъул эмаслигини билишимиз даркор. Бу ерда онадек мўътабар зот – фарзанд тарбияси учун катта роль ўйнайди. Она фарзандини тўққиз ой қорнида кўтариб юриши гарчи машаққат бўлса-да бироқ шараф ва масъулиятли амаллардан ҳисобланади. Она ҳалол луқма тановул қилиши, ҳомиладорлик пайтида Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва ахлоқиёт бобида ёзилган китобларни мутолаа қилиши, ғийбат қилмаслиги, шариатда қайтарилган амаллардан узоқда бўлиши, тоат-ибодатга алоҳида эътибор бериши, пок юриши, бутун аъзолари ҳаққини адо этиши, оқила аёллар билан имкони борича суҳбатлашиши, дунё ва охиратга манфаати тегадиган сўзларни сўзлашиши фарзандни дунёга келтирмасданоқ унинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Агар она мана шу ишларини аксини қилса, келажакда фарзанди она қилган ишларини такрорлаши илмий ва ҳаётий тажрибада бор нарса. Ҳаромдан ўсган жасад ҳаром ишларига мойил бўлиши оддий ҳолатдир. Шунинг учун она фарзанд тарбиясида бошқалардан кўра масъулиятли бўлиши талаб этилади. 

Тарихдан маълумки, бизнинг улуғ аждодларимиз дунё илму фан бешигини тебратиб келган. Муфассирлар, муҳаддислар, мутасаввифлар, мутакаллимлар, фақиҳлар, мутафаккирлар, шоирлар ва олиму фузалоларни оналар тарбиялаганини унутмаслигимиз зарур. Пайғамбардек буюк зотларни оналар дунёга келтирган. Она тарбияси фарзанд ҳаётининг келажагини белгилаб берувчи муҳим омиллардан саналади. Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Яссавий, Фахриддин Розий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Алоуддин Аттор, Мавлоно Яъқуб Чархий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ва минглаб шу каби улуғ зотларни оналари руҳий тарбия берганлиги баракотидан шуҳратлари дунёга ёйди.

Мана шундай улуғ зотлардан бўлмиш Чағониён адабий муҳитида вояга етган Хожа Алоуддин Атторнинг ўғли – Хожа Ҳасан Атторни ҳам оналари тарбиялаб ўз замонасининг муршиди комили бўлишига сабабчи бўлган. Дастлаб Хожа Ҳасан Аттор таржимаи ҳоли ҳақида мухтасар тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. 

У зот Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг фарзанлари бўлиб, асл исми Ҳасан манбаларда Хожа Ҳасан Аттор деб келади. Оталарининг файзу футуҳи билан Хожа лақабини олган. Оталари Хожа Алоуддин Аттор – асл исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорийдир. Аждоди хушбўйликлар тижорати билан шуғулланганлиги боис сулола “Аттор” лақабини олади. Ушбу нисба фарзанди – Хожа Ҳасанга ҳам ўтган. Шу боис у кишининг тўлиқ исму шарифлари Хожа Ҳасан Аттор Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорийдир. “Туҳфат аз-зоирийн”да Ҳазрат Алоуддин Атторнинг тўлиқ насабномалари келтирилгандир ва бу насаб то Ҳазрати Али розияллоҳу анҳугача етиб борган. 

Хожа Алоуддин Атторнинг оналари – Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг қизлари бўлган. Оналари тақволи ва парҳезкор бўлиб, фарзандлари тарбиясига катта эътибор берган. Шу сабабдан барча фарзндалари хожалик мақомига етган. Бу ҳақда “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобида қуйидагича келади: Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ҳам мадрасада таълим олар, ҳам суҳбатларда иштирок этарди. Кундан-кунга унинг ҳоли яхшиланиб борар, Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари доимий равишда унинг ҳолидан хабар олиб турар эдилар. Бир куни у зот мадрасага ташриф буюриб, эски бўйра устида дарс тайёрлаб ўтирган шогирдларини излаб топдилар ва: «Ўғлим Алоуддин! Менинг балоғатга етган бир қизим бор. Агар қабул этсанг, ўша қизимни сенга никоҳлаб қўйсак», дедилар. «Хожам, бу қулингиз учун буюк лутф ва саодатдир. Аммо уй ва тирикчилик учун бирор нарсам йўқ», деди. «Ташвиш қилма, Аллоҳнинг хазинаси мўл ва ризқ азалдан тақсим қилинмиш. Қизим сенга муносибдир. Кел, уйга борайлик, сизларнинг ақди никоҳингизни қилайлик», дедилар. Ушбу никоҳдан хожа Ҳасан Аттор, хожа Шиҳобуддин, хожа Муборак ва хожа Алоуддинлар дунёга келишди. Уларнинг ҳар бирлари улуғ хожалар бўлиб етишдилар. 

Бу ерда бир нарсага урғу беришни лозим топдик. Агар тарихда эътибор берадиган бўлсак, оталардан кўра оналарнинг фарзанд тарбиясига роли катта экан. Зеро ота рўзғор ташвиши билан елиб-югуриб юрса, она эса фарзанд тарбияси билан уйда банд бўлган. Фарзандлари олим бўлиши учун дастлаб ўзлари Қуръон ўқитган, гўзал ахлоқ борасида аждодларимиз асарларидан ўзи ўқиб эшиттирган. Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Навоий, Бедил ва Машраб каби мутафаккир зотларнинг руҳий тарбия борасидаги шеърларини ёдлатган. Аллома Муҳаммад Иқбол Лоҳурий урду тилида ёзилган бир шеърида: 

  Вуҷуди зан си ҳе тасвири коинот ме ранг,

   Иси ка соз си  ҳе зиндаги ка сузи дарун.

Мазмуни: Аёллар борлиги сабабли бутун коинот зебу зийнат ва ранг топди, мана шу аёлларнинг латофати ва улуғворлиги сабабли ҳаётимиз фаровонликка ва лаззатга тўлди. 

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло аёл зоти хилқатини ҳикмат билан яратгани мана шу ерда аён бўлади. 

Она мўътабар зот эканлиги борасида буюк мутафаккирлармиз ўз асарларида кўплаб қимматли фикрларни мерос қолдирган.

Бундай гўзал ибратлар билан танишиб, Пайғамбаримизнинг “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган ҳадисларини яна ҳам теранроқ англаймиз. Ҳадисда таърифи келган оналар фарзанд тарбияси улуғ вазифа эканини тушуниб, бурчларини муносиб бажарган оналардир. Шунинг учун она улуғ зот эканлигини барчамиз англаб унинг қадрига етишимиз ва доимо хизматларини сўзсиз адо қилишимиз лозим ва шартдир.

 Каромиддин Жамаҳматов Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари в.б.

Манба: Халк овози газетасининг 2023-йил 2 мартдаги  №9-сони 

 

 

Izoh qoldirish