03.03.2023

БАЛИҒО(ТУН) (БОЛИҒ, ЕТУК)

БАЛИҒО(ТУН) (БОЛИҒ, ЕТУК)

حِكْمَةٌ بَالِغَةٌ 

(БУ ҚУРЪОН) ЕТУК ҲИКМАТДИР (ҚАМАР, 5).

Луғатда “балиғо”, яъни, “болиғ” сўзи “етук”, “қатъий, кучли” каби маъноларни билдиради. Ушбу оят ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилинади: “Ҳикмат, яъни Қуръон мен сизларга Аллоҳдан етказадиган Аллоҳдан бўлган ҳикматдир”. Яъни, “балиғо” сўзи ушбу тафсирда “етказилувчи” маъносида келмоқда. Имом Насафий тафсирларида эса ушбу тафсирга “тўғрилик ниҳояси”, яъни “энг олий даражадаги тўғрилик” маъноси ҳам қўшилган. Абуллайс Самарқандий эса “балиғо” сўзини “васиқа-ҳужжат” сифатида тафсир қилган.

Имом Мотуридий дейди: “Ушбу оят келган “Қамар” сурасидаги қайтариқларда етук ҳикмат бор. Булар эса ушбу сурада улар ҳақида маълумот берилган Од, Самуд ва Лут қавми, Нуҳ ва Мусо қавми ҳақидаги хабарлардир. Дарҳақиқат, уларнинг хабари келди ва кишилар улар қилган қилмишлар каби ишлардан сақланишлари ва уларга ўшаларга етган нарсалар етмаслиги учун улар устига тушган азоб ва ҳалок, унинг нима сабабли уларнинг устига тушгани – бу эса пайғамбар алайҳимассаломларни ёлғончига чиқариш – кабилар ҳақида билиб олишди. Мана шуларда етук ҳикмат бор. “Болиғ” бу ўзи ишнинг ниҳояси (яъни, энг олийси). Дейиладики, “Фалончи илмда болиғ бўлди”, яъни, қачонки бу борада ниҳоя – чўққига чиққанида”. 

Қўшимча қилиш мумкинки, Қуръон ҳикмат – яъни, илмнинг ҳам энг чўққиси ва мағзи бўлса, Қуръоний ҳикмат ҳам ҳикматларнинг энг олийсидир. Ҳаким Термизий таъбири билан айтганда “ҳикматлар ҳикмати” ёки “олий ҳикмат”дир. 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish