03.03.2023

АЛ-ҲАҚҚ (ҲАҚ)

АЛ-ҲАҚҚ (ҲАҚ)

قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَكُمُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكُمْ

 

“ЭЙ ОДАМЛАР, СИЗГА РОББИНГИЗДАН ҲАҚ КЕЛДИ” (ЮНУС, 108) 

Бу ўриндаги “ҳақ”ни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “Китоб (Қуръон) ва Расул” деб тафсир қилган. Имом Замахшарий эса ушбу ўринга қуйидагича шарҳ беради: “Сизлар учун узр ва Аллоҳга қарши ҳужжат-далил қолмади. Ким ҳидоятни ихтиёр қилиб, ҳаққа эргашса, бу танлови билан фақат ўзига фойда беради. Ким залолатни устун кўрса, фақат ўзига зарар беради. Ҳақни баён қилиб, иллатларни кетказач, ишга уларнинг ўзини вакил қилиб қўйди. Шу билан бирга, бунда ҳидоятни устун кўриб, залолатни итқитишга ундаш ҳам бор”. Кўриниб турибдики, ушбу тафсир юқоридаги оятнинг давомига ҳам боғлиқдир: “Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун ҳидоят топади. Ким залолатга кетса, ўз зарарига залолат топади. Мен сизларнинг устингиздан қўриқчи эмасман” деб айт”.

Бошқа бир оятда: “Ва албатта у шубҳасиз ҳақиқатдир” (Ал-Ҳаққа, 51) дейилади ва ушбу ўриндаги “ҳақ” ҳақида ҳам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо “шубҳасиз ҳақиқатки, бу менинг Жаброил алайҳиссалом карим Расулга нозил қилган каломимдир” деган. Имом Замахшарий ва Насафийга кўра эса бу: “яқийн – шубҳасиз (ҳақиқат)нинг айни ўзи ва мағзидир”. 

Имом Мотуридий дейди: “Асл шуки, ҳақ – мақтовли нарсалар учун исмдир. Унинг ҳаққи ушбу лафз нимага нисбатан ишлатилаётганига назар солиш бўлиб, бу лафз уни энг мақтовли жиҳатга тааллуқли қилади. Агар у хабарларга нисбатан ишлатилса, у билан сидқ – ростгўйлик, сидқидиллик ирода қилинади, масалан: “Бу ҳақ хабар” дейилса, яъни, “сидқ – рост” маъносида бўлади. Агар ҳукм масаласида ишлатилса, у билан адолат ирода қилинади. Агар сўз ва ишларга нисбатан ишлатилса, у билан исобат – тўғрилик ва унга эришиш ирода қилинади. Энди Аллоҳ таолонинг “Ва албатта у шубҳасиз ҳақиқатдир" деган сўзи, яъни, сидқ – рост ва яқийн – шубҳасизки, у оламлар Парвардигоридандир. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг “У оламларнинг Роббисидан туширилгандир” (Воқеа, 80) деган сўзига боғлиқдир”.

 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Izoh qoldirish