03.03.2023

АЛ-АЗИМ - УЛУҒ.

وَلَقَدْ آتَيْنَاكَ سَبْعًا مِّنَ الْمَثَانِي وَالْقُرْآنَ الْعَظِيمَ

“ВА, БАТАҲҚИҚ, СЕНГА ЕТТИ ТАКРОРЛАНУВЧИНИ ВА УЛУҒ ҚУРЪОННИ БЕРДИК” (ҲИЖР, 87).

Имом Мотуридий ўз тафсирида шундай баён қилади: “Аллоҳ Қуръонни азим, мажид ва ҳаким каби исмлар билан номлади. Бунинг сабаблари сифатида шуларни айтиш мумкинки, у кишини азим (улуғ), мажид ва шарафли қилгани учун Қуръонни азим, мажид деб номлади. Қуръон азим, мажид ва ҳакимдир, яъни, муҳкам (аниқ-тиниқ, маҳкам) бўлиб, мафъул маъносидаги “фаъийл”дир. Бу луғатда жойиз бўлувчи қоида. 

Ёки бу ном билан номлашига сабаб шуки, ким уни маҳкам тутса ва унга амал қилса, азим, мажид ва ҳакимликка эришади. 

Ёки уни шунинг учун ҳам азим, мажид ва ҳаким деб номладики, у азим, мажид ва ҳаким Зотнинг ҳузуридан келгандир. Ҳакимнинг асли “мусийб” (тўғриликка муваффақ бўлувчи) – ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўювчидир. Аллоҳ билувчироқ”.

Имом Табарий эса ушбу оят ҳақида бир неча турли тафсирларни ривоят қилар экан, жумладан, “Фотиҳа” сураси ҳақидаги ҳадиси шарифларни ҳам келтиради. Имом Аҳмад, Термизий ва Байҳақийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда дейилади: “Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқон (Қуръон)да ҳам унга ўхшаши нозил бўлмаган. Албатта, у (фақатгина) менга берилган етти такрорланувчи ва улуғ Қуръондир” (Имом Термизий ҳасан-саҳиҳ деган. Ал-Жомеъ ал-кабир. 24140-рақам).

Имом Бухорий ва Байҳақийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса шундай дейилади: “Умму ал-Қуръон” (яъни, “Фотиҳа” сураси) – етти такрорланувчи ва улуғ Қуръондир” (Ал-Жомеъ ал-кабир. 4381-рақам).

Имом Ибн Сунний, Ҳоким, Байҳақий ва Ибн Мардуялар Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда “Китобнинг “Фотиҳа”си ва “Бақара” сурасининг охири менга аршнинг остидан берилди” дейилади (Ал-Жомеъ ал-кабир. 3521-рақам).  

Шу билан бирга Имом Табарий “етти такрорланувчи”ни “Фотиҳа” ёки Қуръони Каримнинг бошидаги етти узун сура деб тафсир қилувчи Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳум каби саҳобаларнинг ҳам сўзларини келтирган ҳолда “улуғ Қуръон” оятини “Қуръоннинг барчаси” деб тафсир қилган муфассирлар тафсирини ҳам келтиради. Улардан бири Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳи “улуғ Қуръон”ни шундай тафсир қилади: “Қолган қисми”, яъни, етти такрорланувчи билан Қуръоннинг қолган қисми. Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ эса дейди: “Китобнинг барчаси”. Мужоҳид ва Заҳҳок тобеъинлардан саналиб, тафсир илмида пешқадам шахслардан ҳисобланишади.

Икки тафсир орасини жамлаган ҳолда айтиш мумкинки, “Фотиҳа” сураси Қуръони Каримнинг маъно-мазмунини ўзида жамлайдиган улуғ сурадир. Шу жиҳатдан уни ҳам алоҳида сура, ҳам Қуръоннинг бари сифатида баҳолаш мумкин. Шунингдек, уни  илоҳий китобларнинг барининг асоси деб эътироф этиш ҳам мумкин. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом унингдек сура бирон илоҳий китобда бўлмаганлигининг хабарини бердилар. Имом Байҳақий эса “Шуъаб ал-имон” асарида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан қуйидаги ривоятни келтиради: “Аллоҳ азза ва жалла бир юз тўрт самовий Китоб нозил қилди. Уларнинг илмларини тўрт Китобда жойлади: Таврот, Инжил, Забур ва Фурқон (Қуръон). Сўнг Таврот, Инжил ва Забурнинг илмларини Фурқонга жойлади. Сўнг Қуръон илмларини “Ал-Муфассал” (“Ҳужурот”дан “Ан-Нас”гача бўлган суралар)га жойлади. Сўнг “Ал-Муфассал”ни Китобнинг “Фотиҳа”сига жойлади. Ким унинг тафсирини билса, худдики нозил қилинган барча Китобларнинг тафсирини билгандек бўлади” (2371-рақам). 

Аллоҳ таоло янада билувчироқ.

 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

 

Izoh qoldirish