03.03.2023

АЛ-АЛИЙЙ–ОЛИЙ

АЛ-АЛИЙЙ–ОЛИЙ

وَإِنَّهُ فِي أُمِّ الْكِتَابِ لَدَيْنَا لَعَلِيٌّ حَكِيمٌ

АЛБАТТА, У ҲУЗУРИМИЗДАГИ ОНА КИТОБ (ЛАВҲУЛ МАҲФУЗ)ДАДИР, У ОЛИЙДИР, ҲИКМАТЛИДИР (ЗУХРУФ, 4).

Ушбу оятда Қуръони каримнинг олийлиги таъкидланмоқда. Турли манбаларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ушбу ўрин ҳақида: “Карим, шарафли ва (қадри) баланд”, “Қуръон Аллоҳ ҳузуридаги она китобда бўлиб, унинг ўша ерда нусхаси мавжуд”, “У китобларнинг энг олийси, энг ҳикматлиси-мустаҳками ва энг адолатлисидир” каби тафсирлар ривоят қилинган. Замахшарий ва Насафийга кўра: “Қуръони Карим балоғат даражаларида энг олий бўлиб, барча китоблар орасида ожиз қолдирувчи сифати билан уларга нисбатан шаъни баланддир”.

Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳам Қуръони Каримнинг олийлик сифатига тўхталган ва шундай деган: “Аммо алий – олийликкка келсак, у барча китоблардан олий бўлган, уларни тартибга солган ва уларга нисбатан катта устунликка эришган. Тобеъинлардан Ваҳб ибн Мунаббиҳнинг (34-114/654-732) айрим китоблар ҳақида айтган сўзлари ичида шундай дейди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Китоби (Қуръони Карим)нинг бошқа китоблар орасида тутган ўрнининг мисоли ичида сут бўлган мешга ўхшайди – уни қанча силкитсанг, шунча қаймоғи чиқиб келаверади”. Ваҳб яна дейди: “Етмишдан ортиқ илоҳий китобни ўқидим, аммо Қуръондек олий даражадагисини ўқимадим”. 

Хулоса қилиш мумкинки, Қуръони Каримга нисбатан олийлик икки жиҳатга кўра нисбат берилмоқда: 

Аввало, у Аллоҳ ҳузуридаги Она Китоб – Лавҳул Маҳфузда мавжуд. Бу Имом Мотуридий, Насафий каби муфассирлар тўхтами бўлиб, Мотуридий: “Мен шу фикрдаман” деган. Имом Насафий бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам далил бўлишини айтади:

بَلْ هُوَ قُرْءانٌ مَّجِيدٌ فِى لَوْحٍ مَّحْفُوظٍ

“Йўқ! У Қуръони мажиддур. У Лавҳул-Маҳфуздадир” (Буруж, 21-22) . 

Бу жиҳатдан Қуръони Карим шараф ва қадр ҳамда маконат жиҳатидан олий бўлади.  

Шундан сўнг, иккинчи жиҳат – Қуръони Каримнинг маънавий жиҳатдан олийлигидир.

Асосийси, бу икки жиҳат Қуръони Каримда бирлашганидир ва ҳар икки тафсир тўғри саналади. Бунга муфассирлар имоми Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳар икки тафсир маъноси ҳам ривоят қилинганлиги ҳам далил бўла олади.

 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish