03.03.2023

АЛ-МУБИН

وَالْكِتَابِ الْمُبِينِ

ОЧИҚ-ОЙДИН КИТОБ ИЛА ҚАСАМ. ЗУХРУФ, 1.

 Ушбу ўриндаги “мубин” калимаси “баён” феълидан олинган бўлиб, Қуръони Каримда Қуръонга нисбатан ҳам ишлатилган. Ушбудек ўринларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу тафсирига кўра, Қуръони Карим “ҳалол-ҳаром, буйруқ ва қайтариқлар масаласида мубин – очиқ-ойдин”дир. Имом Абуллайс Самарқандий буларни “аҳкомлар масаласида мубин – очиқ-ойдин” дея умумлаштиради. Бошқа бир ўринда эса дейди: “Ҳидоят йўлининг залолатдан фарқини ва уммат унга муҳтож бўладиган барча нарсани – очиқ-ойдин баён қилган. Яна дейиладики, мубин, яъни, сизлар уни таниб таниб оладиган даражадаги етказма. 

Имом Замахшарий қуйидагиларни келтиради: “Ким уни тадаббур қилса, унинг башардан эмас, балки Аллоҳ ҳузуридан келганлиги очиқ-ойдин бўлади. Ёки уларнинг тилида нозил бўлгани сабабли арабларга унинг маънолари иштибоҳ – ноаниқ бўлмайдиган очиқ-ойдинликдир”. Имом Насафий ҳам ушбуларни келтирар экан, қуйидгиларни қўшимча қилади: “Хайру баракаси очиқ-ойдин ёки ҳалол-ҳаром, ваъда ва огоҳлантириш, ихлос ва тавҳидни очиқ-ойдин қилувчи”. 

Имом Мотуридий дейди: “”Мубин”, яъни, унда ҳалол-ҳаром, нимани қилиш ва нимадан сақланиш кабилар баён қилиб, очиқланган. Бу худди Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидек:

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِّكُلِّ شَيْءٍ

“Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб нозил қилдик” (Наҳл, 89). 

Қатода деди: “Баракаси, ҳидояти ва рушди очиқ-ойдин. Ёки: Қуръонда ҳақ ва ботил ҳамда адл ва жаврни баён қилди.

Бунинг маъноси бизнинг наздимизда Аллоҳ таоло ҳузуридан эканлиги бўлиб, башарнинг таълифи ёки уларнинг чиқарган нарсаси эмасдир. Лекин у Аллоҳ таоло томонидан бўлиб, улар ушбу Қуръонинг мислини келтиришдан ожиз бўлишди. Аллоҳ муваффақ қилувчидир”. 

Қуръоннинг “мубин” исмига Ҳаким Термизий ҳам ўз тафсирида тўхталиб ўтган ва шундай деган: “Аммо Қуръоннинг “мубин” исмига келсак, бу халойиқ унга муҳтож бўлган яширин ғайб илмини баён қилган, зоҳирга чиқарган ва муфассал тушунтирган нарсалар туфайли бўлиб, токи унинг зуҳури – намоён бўлиши халойиқ – мўминлар қалбида нурланди. Аллоҳнинг Ўзи эртага қиёмат майдонида Қуръонга аҳл бўлганларни очиқ-ойдин кўрсатади ва шарафини намоён қилади”.

Ушбу маъноларнинг муҳим бир далолати шундан иборатки, Қуръон орқали бандалар ўз ақллари билан ета олмайдиган ва топа олмайдиган энг муҳим ва очиқ-ойдин нарсаларни очиқ-ойдин тушуниб етдилар. Бу эса Аллоҳнинг фазлини ва Қуръоннинг бандалар учун муҳим ўрнини кўрсатиб беради. Бу жиҳатдан Қуръоннинг ўзи ва бандалар учун далолат қилган нарсалари ҳам очиқ-равшанликдир. Чунки у ҳеч нарса Ундан махфий бўлмайдиган Зотнинг Китобидир.

 

Жўрабек Чўтматов - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Izoh qoldirish