Илм ва уламолар фазли (Иброҳим Термизий асарлари мисолида)
Иброҳим Термизий “Танбеҳ ул-ғофилин” асарида илм ўрганиш ва олимларни эъзозлаш борасида кўплаб тавсияларни бериб ўтади. Қуръони карим ва ҳадиси шариф асосида ҳар бир фикрини далиллаб, изидан ахлоқий маъноларга бой шеърларни келтирадики, бу бевосита китобхонни ўзига жалб этиб, хулоса чиқаришга ундайди.
ای بوده وجود تو ز یک قطره منی
هان تا نکنی به عالمان کبر و منی
زیرا که چنین گفت رسول مدنی
من اکرم عالما فقد اکرمنی
Мазмуни: “Эй инсон сенинг вужудинг бир қатра сувдан иборат, олимларга зинҳор кибр-у манманлик қилишни хаёлинга келтирма”. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким олимни ҳурмат қилса, мени ҳурмат қилгандек бўлади”.
Дарҳақиқат олимларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш бизни нажотга етаклайди. Ҳақиқий олим кишида қуйидаги белгилар мужассам бўлиши лозим: “Манфаатли илм, эҳтиёткорлик, амал ва обрўга интилмаслик, нафсни тергаб туришлик, камтарлик, ишончли илм ва гўзал ахлоқ”. Мазкур нарсалар агар бир кишида жамланса билингки, бундай шахс – олимдир.
Иброҳим Термизий ҳам ушбу байтлар орқали олимларни ҳурмат қилишни таъкидлаб, далил сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини охирги мисрада келтирган. Олим инсоннинг яна бир белгисини муаллиф қуйидагича баён этади:
آن که اورا آدمی گفته رسول
در میان خلق قول او قبول
Мазмуни: Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Халқ орасида сўзини эшитадиган ва панд-насиҳатини қабул қиладиган кишини ҳақиқий инсон (олим)”, – деб билганлар.
Демак, инсон илм ўрганиши билан биргаликда унга амал қилиши лозимдир. Чунки илмига амал қилмаган олимнинг сўзида таъсир қолмай, халқ орасида обрўсиз бир инсонга айланиши табиий ҳол. Олим амали билан зийнат ва мақом топади. Иброҳим Термизий: “Инсонлар уч гуруҳга бўлинади”, – дейди: Олим, толиби илм ва илмсиз кишилар. Биринчи ва иккинчи тоифа сирасига мансуб инсонлар дунё ҳаётида саодатга эришиш учун кўрашса, учинчи тоифаса эса на дунё ҳаёти, на охират саодатини ўйлайди. Балки “улар жоҳил ва худди чивинга ўхшаб қорин ғамида ҳар ёнга ўзларини урадилар”, – дейди.
عالمی را کو عمل همراه نیست
جان او از علم او آگاه نیست
چون درخت بی بر است اندر مثل
جوز به آتش کش بناه راه نیست
Мазмуни: “Илмига амал қилмаган олимнинг руҳи маърифатуллоҳдан ғофилдир. Шундай олим – самарасиз дарахтга ўхшайди ва оловда ёнишдан бошқа нарсага ярамайди.
Шунинг учун илм ўрганиш ўзи бир масъулият, унга амал қилиш эса бундан-да оғир бир ишдир. Илмсиз олимни мутафаккир – ҳосилсиз бир дарахтга ўхшатмоқда. Ҳосилсиз дарахтни эса одамлар ўтин қилиб ишлатади. Шундай экан, илмига амал қилган одам халқ орасида шуҳрат қозонади ва энг муҳими – Аллоҳнинг ризолигига эришади.
Каромиддин Жамаҳматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари
Izoh qoldirish