09.03.2023

ИСЛОМ, АЁЛ ВА ҲАЁТ

 

Донишманд халқимиз ҳамиша аёлларни 

эъзозлаб яшаган, хотин-қизларга юксак эҳтиром 

кўрсатиб яшашэл-юртимизга хос азалий 

қадриятга айланган. Буни муқаддас Қуръони каримнинг 

энг катта сураларидан бири — «Нисо», 

яъни «Аёллар» деб аталиши ҳам тасдиқлайди. 

Аллоҳ таоло ушбу сурада инсонларни 

аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этади.

Шавкат Мирзиёев

          Ислом дини аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан исломгача бўлган араб жамиятидаги диний тушунчаларга ва бутун дунёдаги урф-одат ва анъаналардаги аёлга бўлган муносабатларга инқилобий ўзгаришлар киритди. Таълимот нуқтаи назаридан эса, Ислом аёл билан боғлиқ асосий муаммоларни ҳал қила олди ҳамда илғор ва инқилобий саъй-ҳаракатлар билан аёллар ҳақидаги хато ва бир ёқлама фикрларни ўзгартириб, инсониятнинг ярмини ташкил этувчи аёл жинсини инсониятга қайтадан тақдим этгани инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Шунингдек, бошқалардан фарқли равишда Қуръон карим фарқли жисмоний ва психологик яратилишларга эга бўлган эркак ва аёл бир-биридан устун қўймайди балки, уларни бир-бирини тўлдирувчилар сифатида кўради. Жумладан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَاَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّؕ

Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсизлар (Бақара сураси 187 оят). Қолаверса, Қуръон каримда аёлларнинг эркакларга нисбатан иккинчи даражали эмаслиги ҳам таъкидланади. Аслини олганда, Аллоҳ таоло учун одамларнинг энг қадрлиси «тақвода устун бўлган»ларидир:

يَٓا اَيُّهَا النَّاسُ اِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَاُنْثٰى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَـبَٓائِلَ لِتَعَارَفُواؕ اِنَّ اَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللّٰهِ اَتْقٰيكُمْؕ اِنَّ اللّٰهَ عَلٖيمٌ خَبٖيرٌ 

Эй, инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир бирларингиз билан танишишларингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир (Ҳужурот сураси 13 оят).

Шунингдек яна бир жиҳат, эркак ва аёлларга хитоб қилинган Қуръони каримнинг «Аҳзоб» сурасининг 35 ояти алоҳида эътиборга молик:

اِنَّ الْمُسْلِمٖينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنٖينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتٖينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقٖينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرٖينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعٖينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقٖينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّٓائِمٖينَ وَالصَّٓائِمَاتِ وَالْحَافِظٖينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرٖينَ اللّٰهَ كَثٖيراً وَالذَّاكِرَاتِ اَعَدَّ اللّٰهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَاَجْراً عَظٖيماً

Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли (камтар) эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчиаёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳникўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир.

Қуръон каримда аёлга яратилиш, ҳақ-ҳуқуқлар ва масъулият жиҳатидан эркаклар билан тенг муносабатда бўлинади. Аёл Аллоҳнинг бандаси бўлиш борасида эркак билан тенгдир. Асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлар нуқтаи назаридан аёлларнинг мавқеи эркакларникидан фарқ қилмайди. Ислом ҳуқуқига кўра эса, эркак ва аёл ўртасида яшаш ҳуқуқи, ибодат, мерос, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда баъзи жузъий фарқлар бор. Аммо, эътиқод ва фикрлаш, турмуш қуриш ва оила қуриш ҳуқуқи, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги каби масалаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқлидирлар. 

Юқоридаги мисоллардан маълум бўладики, ислом аёлни мустақил шахс сифатида таърифлайди. Эри ёки бошқа биров томонидан ҳуқуқлари бузилган тақдирда, у адолатни таъминланишини талаб қилишга ҳақлидир.  Эркаклар ҳар қандай шароитда қонуний ҳаракат қилишлари мумкин бўлса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқлари бузилганда буни қилишлари мумкин. Шунингдек, ислом манбаларида хотин-қизлар, ўзларига тегишли мол-мулкларига уларнинг розилигисиз дахл қилинган тақдирга у ҳақида шикоят қилишлари, керак бўлса чора кўрилишини талаб қилишлари мумкинлиги қайд этилади. Таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган. Ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн Ҳумом: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар. Исломда аёл киши ҳеч бир тўсқинликсиз иш ва фаолият билан эркин шуғулланиши мумкин. Бироқ, у эркак киши унинг ўрнини боса олмайдиган ўзига хос мавқеда қадрланади. 

Қуръони карим ахлоқи билан хулқланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллар ҳақидаги тушунчалари, албатта, илоҳий оятларга мос эди. Солиҳа аёлни дунёдаги энг қимматли бойликлардан бири деб ҳисоблаган Пайғамбаримиз эркак ва аёлни худди тароқ тишларидек тенг кўрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида аёлларнинг энг аввало инсон эканлигини таъкидлаб, уларнинг ҳаққидан қўрқишга чақирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз – аҳли аёлига яхшилик қиладиганингиздир» (Имом Термизий ривояти), дедилар. Энг эътиборли томони Расулимиз алайҳиссалом аҳли аёлларига энг гўзал муносабатда бўлиб бутун умматга намуна бўлдилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бева аёлдан маслаҳат сўрамай туриб у никоҳланмайди. Қиз боладан изн олинмай туриб у никоҳланмайди» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган), дедилар. 

Бир куни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир қиз келиб: “Отам ўзининг ҳурмати учун мен рози бўлмасамда мени  укасининг ўғлига никоҳлаб бермоқчи”, дея шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарров қизнинг отасини чақириб, унинг ихтиёрисиз уйланишга мажбурлай олмаслигини, никоҳ ризолигини қизнинг ихтиёрига қўйиб беришини айтдилар. Қиз: «Мен отам қилган ишни қабул қилдим. Менинг ниятим отамга қаршилик қилиш эмас эди. Отанинг қизини бировга бериш ҳақидаги исломнинг ҳукмини билмоқчи эдим. Шу ният билан келдим» деди (Имом Насоий ривояти). Бу бизга шуни кўрсатадики, қисқа вақт олдин хўрланган ва ҳатто тириклайин кўмилишга маҳкум қизлардан бири энди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, турмушга чиқишда унинг розилиги олиниши кераклиги борасида бемалол сўрай олмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун ҳаётлари давомида эркак ёки аёл дея ажратмасдан мусулмонларнинг таълим ва тарбиясига бирдек қарадилар ва шунга тарғиб қилдилар. Пайғамбаримиз вафотларидан кейин, айниқса  Оиша онамизнинг тафсир, ҳадис ва бошқа илм соҳаларида нуфузли мавқега эга бўлганлари, сиёсий-ижтимоий масалаларда фикри эътиборли шахс сифатида алоҳида ажралиб тургани диққатга сазовордир. Қолаверса, халифаларни сайлашда, ҳатто уларнинг бошқаруви ва ҳаракатларини яқиндан кузатиб, керак бўлганда хатоларини эслатиб, шу доирада тавсия ва таклифлар билдиришда ҳам самарали фаолият юритганлар. 

Ислом дини аёлларга эътибор ва аёл ҳуқуқлари борасида инсониятга жуда катта намуна тақдим этди. Динимизда аёлларни қадрлаш, уларни асраб-авайлаш қаттиқ тарғиб қилинган амалдир. Чунки улар – оналаримиз, жуфтларимиз ва сингилларимиздир. Мусулмон адабиётининг йирик шоирларидан бири Муҳаммад Иқбол Лоҳури қуйидаги бир байтида шундай дейди: 

Жаҳонро муҳками аз уммаҳот аст,

Ниҳоди шон амини коинот аст.

Агар ин нуктаро қавме надонад,

Низоми кору бораш бе субот аст.

Маъноси: Дунёнинг барқарорлиги оналар биландир, уларнинг (гўзал) фитрати ила коинотимиз омондир. Қайси бир қавм агар буни англамаса, Унинг бутун иши ва низоми буткул бефойдадир.

Умуман олганда инсон ҳуқуқларига олий қадрият сифатида қаралаётган юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда барча ҳуқуқий асослар, шарт-шароитлар мавжуд. Гўзал Ўзбекистонимизнинг фаровонлиги, ободлиги, фарзандларимизнинг баркамоллиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ. 

Жониев Музаффархон

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 

бўлими бошлиғи,  

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

 

 

 

 

Izoh qoldirish