13.03.2023

ҲАҚИҚИЙ ЯХШИ ҲАЁТ ЖАННАТДАДИР

 

Ислом ақидасига кўра, бу дунё – синов майдонидир. Ундаги турли воқеа-ҳодисалар ҳам кишидаги бандалик ҳиссини шакллантириш, балки уни юксак даражага кўтариш мақсадида илоҳий адолат ва фазлу марҳаматга кўра юз беради. Бу синовларни мана шу ақида билан қабул қилган киши бу дунёда хотиржамлик ва роҳат-фароғатга, охиратда эса жаннатга мушарраф бўлади. Бошқача айтганда имтиҳондан ўтса, мукофотга сазовор бўлади, ўтолмаган тақдирда эса, икки дунёда ҳам ёмонликка йўлиқади.

Қуръони Каримда таъкидланган ушбу ҳақиқатни ўтмиш олимлари ҳам балоғат ва фасоҳат билан турли шаклларда ўз асарларида баён қилишган. Ибн Жавзий (1114-1201) ҳам шулардан бири бўлиб, у зот ўзининг “Сайдул хотир” (Хотирга келган фикрларни жамлаш) китобида жумладан, қуйидагиларни айтади:

“Мен ўзим тўғримда фикр қилдим, бас, ўзимни ҳамма нарсадан қашшоқ ҳолда топдим!

Агар хотинга суянсам, мен истагандек бўлмайди. Агар сурати яхшисини топсам, хулқи мукаммал эмас, агар хулқи яхши бўлса, у мени эмас, ўз мақсадини хоҳлайди. У менинг кетишимни интизорлик билан кутса ҳам ажаб эмас.

Болага ишонсам ҳам шу кабидир, менда хизматчи ҳам, мурид ҳам шундай, агар мендан уларга фойда тегмаса, улар мени исташмайди.

Аммо дўстга келсанг, бу ерда унинг ўзи йўқ, Аллоҳ йўлидаги биродар анқонинг уруғи кабидир, танишларим ҳам яхши инсонларни топа олишмади, улар ичимизда қолмаган, деб ўйлашди ва мен бир ўзим қолдим.

Шунда мен нафсимга қайтдим – у ҳам менга соф бўлмади, чунки у соғлом бир ҳолатда қолмайди. Демак, мен учун Холиқ субҳонаҳу ва таолодан ўзгаси қолмади. Энди мен агар бу дунёда Унинг атоларига суянсам, имтиҳон қилинишдан омонда бўлмайман, агар авф қилишидан умид қилай десам, азоблаши ҳам мумкин. Маълум бўлишича, афсуски, бу дунёда тинчлик ва хотиржамлик йўқ экан.

Оҳ, изтиробимдан изтиробдаман, оҳ, ёнишимдан куяман. 

Аллоҳга қасамки ҳаёт фақат жаннатда, чунки у ерда розилик аниқ воқеъ бўлади, бирга яшовчилардан хиёнат ва озор содир бўлмайди. Лекин дунё ундай жой эмас”.

Ушбу фикрлардан келиб чиқадики, инсон бу дунёдан роҳат-фароғат кутиб адашмаслиги, балки ўзини инсон сифатида тоблаб, жаннатга лойиқ зот бўлишга ҳаракат қилиши лозим экан. Ўтмиш олимларимиз балоғату фасоҳат билан баён қилган маънолар ортида айнан мана шу ғояни кишиларга етказиш ётади. Зеро, кишилар табиати турлича бўлиб, улар ҳақиқатларни турли услубларда англайдилар.

 

 

 Аббосхон Абдуллаев - Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Izoh qoldirish