13.06.2023

Саҳобалар ҳаёти фазилатга бойдир

Дарҳақиқат, Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни Пайғамбарлардан кейинги энг афзал инсонлар бўлган, деб эътиқод қилиш ва эътироф этиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги асосий бурчи саналади. Чунки улар муқаддас дин Исломни бутун инсониятга етказиш йўлидаги барча машаққатларни ўз зиммаларига олишган ҳамда ушбу муқаддас вазифани тўла-тўкис адо этган зотлар ҳисобланади. Шунинг учун динини улуғлаган ҳар бир мусулмон Саҳобаларни ҳам улуғлаши лозим бўлиб қолади. 

Зеро, Саҳоба сўзи ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, ушбу сўз луғавий жиҳатдан “дўст бўлмоқ”, “бирга юрмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳдаги маъноси эса “иймон келтирган ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, мўмин ҳолида вафот этган киши саҳоба” деган маънони билдиради. 

Саҳобалар эришган улуғ мартабага улардан кейин ҳеч бир башар эриша олмайди. Чунки улар фосиқлик ва улуғликка номуносиб ишлардан пок эканлари ҳатто текшириб ҳам ўтирилмайдиган даражадаги зотлар ҳисобланадилар. 

Мана шундай улуғ зотлардан бири буюк саҳобий Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳисобланади. У киши бой бўлишига қарамасдан, оддий кўринишда юрганлар, у зотнинг қўрқинчи тўғёнга кетиш, фитнага алданиш, дўстларидан айрилиб қолишдан эди. Ҳамииша яхшиликлар изидан бўлиб, қўлидаги бойликларини фақир-фуқаро, етим-есирларга бериб келган зотдир. 

Сўзимизнинг тасдиғи ўлароқ, шуни ҳам айтиш керакки, у зот “Ашараи мубашшара” (тириклигида жаннатга киришини эшитган)лардан эдилар.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг ҳаёти фазилатларга бойдир. Буни қуйидаги ривоятлардан ҳам билсак бўлади: 

Мисварнинг қизи Умму Бакр оталари Мисвардан ривоят қилади:

“Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга қирқ минг динорга ерини сотди. Бу молларни Бани Зуҳра қабиласи, фақир мусулмонлар, мўминлар оналари орасида тарқатди. Мана шу улишдан Оиша розияллоҳу анҳо онамизга ҳам жўнатди. Шунда Оиша онамиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мендан кейин сизларга солиҳ кишилар меҳрибонлик қилади” деб айтганини эшитдим. Аллоҳ таоло Ибн Авфни жаннатнинг салсабили (жаннатдаги булоқ)дан сероб қилсин” дедилар. 

(Ҳокимнинг “Ал-Мустарак” номли китобидан).

Шунга ўхшаш ривоят Зуҳрийдан ҳам ривоят қилинган:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг замонида Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу молининг ярмини яъни: тўрт минг  ва яна қирқ минг ҳамда яна қирқ минг динорни садақа қилдилар. Аллоҳнинг йўлида беш юз отни ва яна беш юз карвонни садақа қилдилар. Барча моллари тижоратдан эдилар”.

Яна шунга ўхшаш ривоят Жаъфар ибн Бурқон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Менга Абдурроҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўттиз минг чўрини озод қилгани хабари етган”.

Навфал ибн Иёс Алҳузалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Абдурраҳмон ибн Авф бизнинг дўстимиз эди. У қандай ҳам яхши дўст, у кунларнинг бирида бизларни уйига олиб борди. У ювиниб чиқиб келиб бизлар билан ўтирди ва достурхон ёзди. Унда гўшт, нон бор эди. Буни кўриб йиғлади. Биз айтдик: “Нима бўлди, сенга эй Аба Муҳаммад?”. Абдурраҳмон ибн Авф: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байтлари арпа нонга тўймасдан ўтдилар ва биз эса тарк этганимиз ундан афзал” дедилар (Баззорнинг “Муснади”дан).

Бунга ўхшаган ривоятлар жуда кўп бўлиб, Саҳобаларнинг фазлини, даражасини қанча гапирсак ҳам оз. Аллоҳ у зотдан ва барча саҳобалардан рози бўлсин. Бизларга эса уларга эргашиб яшашни насиб айласин.

Фойдаланган адабиётлар

  1. Абу АбдуллоҳҲоким Нисобурий. Ал-Мустадрак ала соҳиҳайн. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. 2020.
  2. Абу Бакр Аҳмад ибн Амр ибн Абдухолиқ Аздий Баззор. Муснаду Баззор. Ал-Баҳруз-Заҳҳор ал-маъруф би-муснадил Баззор. – Мадинаи Мунаввара: Мактабат ал-илм ва-л-ҳикам. 2014.

    Нормуродов Маҳмуд - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими 

Izoh qoldirish