МАНФААТЛИ САФАР ХАЙРЛИ КЕЧМОҚДА
Туркиядаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири – Анқара Йилдирим Боязид университети ректори, Проф. Др. Ибраҳим АЙДИНЛИ ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори в.в.б., тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Музаффархон Жониев томонидан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мулоқот чоғида томонлар икки илм даргоҳи ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг фаоллашиши Ўзбекистон билан Туркия ўртасида ривожланаётган муносабатлар замирида юзага келаётганини, аждодлар бебаҳо илмий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилишда ҳамжиҳатликда иш юритиш бу мақсадларга биргаликда эришиш йўлидаги энг долзарб вазифалардан экани алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида икки муассаса томонидан келгусида Имом Термизий ва Ҳаким Термизий меросини тадқиқ этиш бўйича халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш, ҳадисшунослик, тасаввуфшунослик ва манбашунослик мавзуларида онлайн дарсларни жорий этиш, Мовароуннаҳр мутафаккирларининг асарларини ҳамкорликда нашр қилиш ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Анқара Йилдирим Боязид университетининг кутубхона бурчагини очиш каби бир қатор масалалар кўриб чиқилди.
Очиқлик ва ўзаро ҳурмат руҳида бўлиб ўтган учрашув натижасида имзоланган меморандум икки муассаса ўртасида алломаларимиз меросини ўрганиш, нодир манбаларни тадқиқ этиш, илмий ходимлар малакасини ошириш, конференция ва семинарлар ўтказиш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Сўнги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли амалга оширилган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар таҳсинга лойиқ эканлигини Анқара Йилдирим Боязид университети ректори алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, учрашув сўнгида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори томонидан Йилдирим Боязид университети ректорига эсдалик совғалар топширилди.
Имом Термизий ХИТМ Матбуот хизмати
Izoh qoldirish