29.02.2024

Ўзбекистон – буюк алломалар юрти

Ўзбекистон қадимдан илму маърифат маркази, маданият ўчоғи бўлиб келган. Юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий-маънавий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг илмий-маънавий мероси, жаҳон илм-фани, цивилизация ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё олимлари ҳамда жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳамиша юксак эътироф этилади.

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятининг Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон туманларида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Учрашувда “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар тингланди. 

Шунингдек, тадбирда “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш этилди.

Тадбир якунида илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.

 

Izoh qoldirish