29.02.2024

Қорақалпоғистон Республикасида тарғибот тадбирлари ўтказилди

Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб тарғибот тадбирлари мунтазам давом этмоқда. Бугун 29 февраль куни ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл, Элликқалъа туманларида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитасининг ҳудудий бошқармаси мутахассислари, қайд этилган туманлар ҳоким ўринбосарлари, мутасаддилари, шунингдек, Тўрткўл, Элликқалъа туманлари ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла, хотин-қизлар фаоллари иштирок этишди.

Учрашувларда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари К.Жамаҳматов, Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи А.Муратов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг бош маслаҳатчиси Б.Тўраев, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи З.Фахриддиновдан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар ўқиб эшиттирилди.

Маърузачилар ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этиши, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлашини таъкидлашди.

“Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” ҳужжатли фильми, “Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази” видеоролиги намойиш этилди.

Тадбир якунида маърузачилар ва иштирокчилар ўртасида маърузалар мазмун-моҳиятини англаганлик юзасидан савол-жавоб (викторина) ўтказилди ва тўғри жавоб берган иштирокчиларга илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган китоблар совға қилинди.

Izoh qoldirish