РЎЗА ТУТИШНИНГ ТИББИЙ ФОЙДАЛАРИ
Аллоҳ таоло бандаларига сон-саноқсиз неъматлар берган. Бу неъматларидан бири – Рамазон ойидир. Рамазон ойида тутилган рўза улуғ ибодатлардан биридир. Рамазони шариф, тоат-ибодат ва қут-барака ойидир. Рўза биздан олдинги қавмларга фарз бўлгани каби, бизларга ҳам фарз бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”[1]. Аллоҳ таоло бу оят билан рўза тутишликни бандаларига фарз қилди.
Рўза – исломнинг беш асосий рукнларидан бири ҳисобланади. Рўза – Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш мақсадида тонг отгандан то қуёш ботгунгача ейиш-ичишдан, шаҳвоний нафслардан ўзини тийиш ва турли хил гуноҳларга сабаб бўладиган ишлардан сақланишга сабаб бўладиган ибодатдир.
Рўза тутишнинг кўплаб фойдалари бор. Бу фойдалардан бири рўза тутишнинг тиббий фойдасидир.
Ҳозирги кунда фан ва тиббиёт илми тараққий этган дунёнинг кўпгина жойларида “очлик билан даволаш” муассасалари ишлаб турибди. Тиб мутахассисларининг фикрича, бир йилда инсон 28-32 кун ихтиёрий равишда ўзини овқатдан тийиши ва оч қолиши керак экан. Одамлар маълум пайтлар ва мавсумларда ейиш-ичишдан парҳез қилишади. Бу нарса эса турли касалликларнинг, ҳатто тузалмас дардларнинг олдини олади ёки шифо бўлади. Инсон туғилганидан то вафотига қадар узлуксиз ишлаган ҳазм аъзоларини йилнинг маълум бир ойида ярим кундан (12 соатдан) ортиқ ишлашдан тўхтаб туриши тиббий жиҳатдан фойда экани исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқатдир. Ҳар ўн икки ойнинг бирида вужуднинг ишлашдан тўхтаб туриши маъносидаги рўза ҳам танага фойда келтиради ва уни турли хасталиклардан сақлайди. Буни тиббиёт фани ҳам инкор қилмайди. Вужуд бир ой давомида тубдан ўзгарган бир таъминот тартибига мослашади ва хасталикка қарши кураш қобилияти ортади, озиқ-овқат маҳсулотларидан тўла фойдаланиш учун зарур вақт билан таъминланади. Одам кун бўйи енгил вужуд билан ишлаш, кечаси эса тўла дам олиш ва куч йиғиш имкониятига эга бўлади. Бу аснода кўрсатилган сабр ва тоқат, шахсият камолида катта аҳамият касб этади. Қоннинг ичакда эмас, мияда ишлаши натижасида киши соғлом фикрлайди, нарса ва ҳодисаларни тўғри баҳолайди ва дунёқарашнинг аниқлигига эришади. Бу билан йил давомида ошқозон ва ичакларда тўпланиб қолган чиқиндилар ҳазм бўлар экан. Бу ихтиёрий оч қолиш усули, ҳозирда одамлар орасида кенг тарқалган ўттизга яқин касалликларга даво бўлар экан.
Рўза тутишнинг ўзига хос одоблари бор. Рўза тутувчи киши ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиши керак эмас. Албатта, керагидан ортиқ овқатланиш соғлиққа зарар. Кундалик овқатланишдан фарқи – фақат тушлик қилинмайди.
Араб табибларидан бири Ҳорис ибн Колда: “Ошқозон касалликларнинг уйидир, парҳезкорлик эса барча давонинг бошидир” деган. Тиббиёт олимлари тўқ бўлиб овқатланиш кўплаб зарарларини санаб ўтганлар: оғирлик, чарчоқ, кўнгил кўрлиги, ғам, руҳий заифлик, гуноҳдан қўрқмаслик, ҳаёсизлик, ақлнинг заифлиги, ношукурлик, ахлоқсизлик, нотинчлик, шаҳватпарастлик, хотирасизлик, ўлимни эсдан чиқариш, дунёни кўп севиш, бахиллик, хасислик, зулм, шайтонга эргашиш, сабрсизлик, ҳикматдан узоқ бўлиш,қўрқоқлик ва дангасалик.
Шунинг учун мўмин-мусулмон ҳалолдан бўлса ҳам, ейишни камайтириш керак. Кунда икки марта овқатланиш инсонга кифоя. Эрталаб ва кечқурун. Халқимизда бу одат яқингача бор эди. Ҳаётимизга Европа удумлари кириб келди-ю, энг фойдали одатларимиз йўқолди. Аслида доим тўқ бўлиб юришдан йироқ бўлиш керак. Буюкларимиз шундай дейишади: “Соғлиқ, хотиранинг баркамол ва гўзаллиги – ўртача очликда юришдир”. Очликдан мақсад ҳаддан ташқари очлик эмас. Заковатнинг ривожланиши – машаққатнинг озлиги, қаноат, Аллоҳ таолонинг бало ва азобларини унутмаслик, ўлимга тайёр туриш, доим таҳоратли ва ибодатли бўлиш каби амалларга боғлиқ. Зеро, оз еган кишининг ташвиши ҳам кам бўлади. Бундай кам еб, кам харжлайдиган киши орттирганларини фақир, йўқсил ва мискинларга бериши мумкин. Қиёмат кунидаги энг оч инсонлар бу дунёда қоринларини доимо тўйғазиб юрганлардир. Тўқларнинг охиратда оч қолишларидан бирига сабаб, уларнинг бу дунёда малакут олами ва Ҳақ каломидан бехабар ўтиб кетганларидир. Зеро, ҳар бир мўминнинг келажакда содир бўладиган ҳодисаларни кўриб англайдиган бир фаросат нури бўладики, нафсларига қул бўлганларнинг бундан хабарлари бўлмайди. Луқмони Ҳаким айтганки: “Эй фарзанд қорнингни босиб-тиқиб тўйдирсанг, фикр хазиналаринг қурийди, тафаккур қилолмайдиган аҳволга тушасан, сендан ҳикмат деган неъмат кетади, аъзоларинг ибодат қилишдан қолади”.
Лекин охир-оқибатда рўза кони фойда экани, усиз соғлиқни сақлаш мумкин эмаслиги, рўза кўплаб беморликларнинг давоси экани исбот қилинди. Энг қизиғи, бу илмий кашфиётларнинг ҳаммаси мусулмон бўлмаган кишилар томонидан қилинди ва қилинмоқда.
Мазкур илмий тажрибаларнинг натижалари Ислом динида бундан ўн беш аср илгари рўза тутишни фарз қилиниши илмий мўжиза бўлганига далолат сифатида қабул қилинмоқда. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг: “Рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир”[2], деган ояти ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деган ҳадислари мўъжизаси исбот бўлмоқда.
Тиббий илмий изланишлар оқибатида рўзанинг турли жисмоний ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиши ва уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги исботланмоқда. Баъзи мисолларни келтирамиз:
- Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
- Рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади. Чунки одатда семизлик овқатни ҳазм қилишдаги нуқсондан, атроф-муҳитдаги нафсоний ва ижтимоий таъсирлар орқали келиб чиқади.
Гоҳида руҳий изтироб ҳам ғизони нотўғри таъсир қилишга олиб бориши мумкин. Рўза тутган одам руҳий, ақлий истиқрорга эга бўлади. Чунки рўзадор одам имоний муҳитда кўп ибодат, зикр, Қуръон тиловати қилиб вақт ўтказади. Турли аччиқланиш, асабийлашиш, уруш-жанжаллардан йироқ бўлади.
- Рўза буйракда тошлар йиғилишдан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор сийдигида сийдик йўлларидаги тузларни тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.
- Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган турли зарарли моддалардан тозалашда ёрдам беради. Маълумки, озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб зарарли моддалар кириб, тўпланиб қолади. Ана ўша моддалар фақат рўза тутиш орқали чиқиб кетади.
- Рўза жинсий мойилликнинг кучини қирқади. Бу эса, айниқса ёшлар учун жуда ҳам фойдалик бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди. Бу ҳолат ҳам илмий тажрибалар орқали исбот қилинган[3].
Аллоҳ таолодан Рамазон ойининг фазилатидан қолган ойларни ҳам барокатли қилишини, юртимиз ва бутун дунёда тинчлик бўлишини, хотиржамлик ва яхшиликларингни бардавом қилишини, кейинги Рамазон ойларига ҳам эсон-омон етказишини сўраб қоламиз.
Имом Термизий халқаро маркази
илмий ходими Олим Жўраев
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети, 2004. “Бақара” сураси, 183-оят мазмуни.
[2] Бақара сураси, 184-оят мазмуни.
[3] Рўза руҳ шифоси. Тошкент, 2001. – Б. 24.
Izoh qoldirish